Дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин — талабалик бахтига эришиш инсон қалбига ўзгача сурур бахш этади. Боиси, киши талаба бўлиши билан шу давргача орттирган билимларининг ҳосилини йиғгандек бўлади.
Бугун Ўзбекистонда бошқа соҳалар каби олий таълим муассасаларида таълим олувчиларга ҳам кенг қамровли имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, замонавий ва шинам таълим даргоҳларининг сони, сифати ва қамрови сўнгги 5 йилда 3 баробарга ортган. Яъни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, бугун Ўзбекистонда 150 тадан ошиқ олий таълим муассасаси, 715 та профессионал таълим муассасаcи мавжуд бўлиб, уларда 510 минг нафар талаба кундузги таълим шаклида, 300 мингдан ортиқ талаба эса сиртқи ва кечки таълимда таҳсил олмоқда.
Жорий йилнинг март ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида “ОТМлардаги талабаларнинг ишлаб, даромад топиши учун қўшимча имкониятлар яратиш”, борасидаги таклифига биноан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ОТМларда 2 курсдан бошлаб, ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини маълум қилди. Қайд этилишича, давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, ректорлар 820 минг нафар талабалар ўртасида суҳбат ва сўровномалар ўтказган бўлиб, ушбу сўровномада қатнашган талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топиш нияти борлигини билдирган. Албатта, улар орасида чиндан ишлаб, даромад топмаса бўлмайдиган 7,5 минг чин етим ёки ногиронлиги бўлган ҳамда 4,5 минг нафар “аёллар”, “ёшлар” ва “темир дафтар”га киритилган талабалар ҳам мавжуд.
Талабанинг ишлашига жамоатчилик қандай қарайди?
— Талабаларнинг ҳам ўқиб ҳам ишлашига қаршиман, талабанинг вазифаси ишлаш эмас, ўқиш, — дейди Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 33 умумтаълим мактабнинг Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шоҳида Ҳамроева. — Албатта, эплаган қандини урсин! Бироқ ҳозирги миллий дастур бўйича олиб қарайдиган бўлсак, бундан 10 йил аввалги устозларнинг билими ва салоҳияти, уларга қўйилаётган талаб ҳам тубдан фарқ қилади. Ҳозирги ўқитувчи замон билан ҳамнафас бўлиши, тинмай ўз устида изланиши, ҳам педагогик, ҳам психологик маҳоратни пухта эгаллаши лозим.
Балки, мазкур ислоҳотлар талабаларнинг келажакда яхши кадр бўлиб етишиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилар. Аммо, ўзи ҳали тўлиқ билим олишга улгурмаган талаба қандай қилиб бировга билим бера олади? Яна бир жиҳат, кўпчилик талаба ўқитувчилар мактаб дарслари ва олийгоҳ дарсларини аралаштириб юбормоқда. Оқибатда иккаласи ҳам чала бўлиб қолмаяптими? Буни талаба ҳамкасбларим мисолида айтяпман. Шу сабабли менинг фикрим талабалар ўқиши тугагандан сўнг: яхши ўқиб, билим, кўникма ва малакага эга бўлиб, сўнгра ишга кирса яхши бўлади, деган фикрдаман.
— Авваллари ўз соҳамда қийналмай иш топар эдим, — дейди ҳисобчи Феруза Тиркашева. — Эндиликда бу — муаммога айланган. Сабаби, арзон ишчи турганда ким ҳам қиммат ойлик тўлаб (гарчи у малакали бўлса ҳам), бошқа ишчи ишлатар эди. Иш берувчилар ҳозир: яхши савияли ва малакали бир нафар ҳисобчини ишда олиб қолиб, қолганларини бўшатиб юборишмоқда. Ишда қолган ҳисобчи эса, бизнинг тенг ярим ойлигимизга ишлашга рози бўлган, 3-4 нафар талабага иш ўргатади. Мен каби ҳисобчилар эса иш қидириш билан оворамиз. Айримлар, бу яхши-ку, рақобат бўлади, сараги-саракка, пучаги пучакка ажралади, демоқда. Бироқ бу ерда яна бир муҳим жиҳат ҳам мавжуд. Мен оилалиман, унинг устига кредитим ҳам бор. Эҳтимолки талаба мен аввал олган ойлигимнинг тенг ярмига яшай олар, лекин бу менинг рўзғоримга етмайди. Мен талабалар ишламасин, деган фикрдан йироқман. Бироқ уларга оммавий 2 курсдан ишлашга рухсат беришдан олдин. Шунга яраша бўш иш ўринлари яратиш керак эмасми? Тўғри шу ўринда айтишингиз мумкин, “талабалар ишлаши учун етарли бўш иш ўринлари мавжуд”, — деб. Аммо Россия — Украина уриши сабаб минг-минглаб, Россиядаги меҳнат муҳожирлари қайтиб келмоқда? Адашмасам, уларнинг бандлигини таъминлаш учун эса махсус бирорта иш ўрни яратилмаган. Ўзбекистон уларни оммавий иш билан таъминлаш имконига эгами? Бу ҳолат меҳнат бозорида ишчи кучини қадрсизланишига сабаб бўлмайдими? Албатта, бу мени шахсий фикрим. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам у хоҳ талаба бўлсин, хоҳ меҳнат муҳожири ёки мен каби эски ишчи, ишга жойлашишда соғлом рақобат бўлгани яхши, деб ҳисоблайман.
— Қисқача қилиб айтганда, бу жуда позитив қарор. Чунки, шу вақтгача ҳам қонунчиликда талабаларнинг биринчи ёки иккинчи курсдан ишлашига монелик қилувчи ҳеч қандай норматив ҳужжат йўқ эди, — дейди иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров. — Лекин аксар бизнес эгалари негадир талабаларни ишга олишдан ўзларини тийар эди. Боз устига, амалиётда ҳам ўқиб, ҳам ишлаганингизни расман ифодалаш анча мураккаб эди. Яъни гапнинг индаллосини айтганда, бугунги кунга қадар кадрлар "сиёсатида" ё ўқиш, ё ишлаш керак, деган фикр устунлик қилар эди. Мазкур қарордан иқтисодчи сифатида жуда хурсанд бўлдим. Сабаби энди ўқиш давридаги даромад ҳам расман пенсияни ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қила олади. Талабаларнинг ишлашидан аввало давлатдан ҳам кўра уларнинг ўзи кўпроқ манфаатдор. Чунки реал ҳаётга у мактабни битириши билан ўқишга кирган, деб тасаввур қилсак, 21-22 ёшда эмас, балки 17-18 ёшидан бошлаб қадам қўяди. Талабалар бўлажак касб соҳасида ишлашлари бу — барча учун жуда катта ютуқ бўлади.
Билим олиш ва ишлашни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, бу — катта хато. Чунки энг катта билим аслида бу ҳаёт сабоғидир. Олий ўқув юртини аъло баҳолар билан тамомлаган инсонларни ишга жойлашиб, бутунлай ўзини йўқотиб қўйганини ва ҳатто ўз соҳасида ишлай олмаганини ҳам кўп кузатганмиз. Агар жаҳон тажрибасига келсак, мен талабаларни ишга жалб қилишни тақиқлаган бирор мамлакатни билмайман.
Шу ўринда айрим одамларнинг “агар талабаларнинг оммавий ишлашига рухсат берилса, бу — маошларнинг пасайишига, меҳнат бозорида ишчи кучини қадрсизланишига сабаб бўлади”, деган хавотири қанчалик асосли эканлигига қизиқдик:
— Бу хато тушунча — дейди, АҚШдаги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти Беҳзод Ҳошимов. — Иш ўринлари учун аввалдан ишлаб келган кишилар ва талабаларнинг рақобатлашиши уларнинг даромадини камайтирмайди. Келинг, буни бир мисол билан тушунтираман:1980 йилда, Кубанинг АҚШ билан муносабатлари яхшиланади. Бироқ Кубанинг иқтисодий вазияти салбий ҳолатда эди.Шунда Кубанинг ўша вақтдаги етакчиси Фидель Кастро кубаликларга ўз оилалари билан оролни қаршиликсиз тарк этишларига изн беради. Ягона шарти: Кубанинг Мариэль портидаги иммигрантларни кимдир олиб кетиши керак эди. АҚШ президенти Жимми Картер оролни тарк этган кубаликларга қочоқ мақомини олиш ҳуқуқини беради. Натижада тўрт ойичида 125 минг кубалик қайиқларда Майамига кўчиб боради.
Кўчиб ўтишдан 10 йил ўтиб, принстонлик иқтисодчи Дэвид Кард бундай катта кўчишнинг Майамидаги ишсизлик даражаси ва маошга таъсирини кўрсатиб берган машҳур “Мариэль ташувчи-қайиғи (Mariel boatlift)нинг Майами меҳнат бозорига таъсири” тадқиқотини чоп эттиради. Жуда қисқа муддат ичида кубалик муҳожирлар Майамидаги ишчи кучи сонини салкам 7 фоизга оширган. Аксарият муҳожирлар нисбатан малакасиз бўлгани боис, катта малака талаб қилинмайдиган касбларда ишчи кучининг кўпайиши янада кучлироқ сезилган.
Шундай катта ишчи кучи қўшилганига қарамай, шаҳарда малакасиз ишчиларнинг даромади мутлақо ўзгармаган, малакали ишчиларники эса ҳатто ўсган ҳам. Шаҳардаги ишсизлик даражаси ҳам ўзгармаган. Яъни, Дэвид Кард катта миқдордаги ишчи кучининг нисбатан катта шаҳарга кўчиб ўтиши бозор томонидан тўлиқ ютиб юборилишини эмпирик йўл билан исботлаб берган.
Талабаларнинг ишлаши ва Майами тарихи нега биз учун ҳам долзарб эканлигига тўхталадиган бўлсак. Гап шундаки, минглаб талабаларнинг ҳам ўқиб ҳам ишлаши маошлар камайишини англатадими? Йўқ. Маошлар ишчи кучига бўлган талабнинг эластиклигидан келиб чиқиб ўзгаради. Умуман олганда, эластиклик— буалмаштирув чораси. Яъни, ниманидир алмаштириш қанчалик осон бўлса, унга бўлган талаб ҳам шунчалик эластик бўлади. Дейлик, бензинга бўлган талаб деярли ноэластик (қисқа муддатли истиқболда), қимматбаҳо чарм сумкаларга бўлган талаб эса мутлақ эластик: нархининг бироз бўлса-да ошиши (масалан, солиқ ҳисобига) уларга бўлган талабни кескин пасайишига сабаб бўлади. Малакасиз ишчи кучини ҳам осон алмаштириш мумкин, шунинг учун унга нисбатан бўлган талаб ҳам жуда эластик бўлади, деб тасаввур қилиш мумкин.
Мариэль портидан қочиш воқеаси айнан талабнинг эластиклиги сабаб маошларнинг пасаймаслигига олиб келган. Яъни, Майамида малакасиз ишчи кучига бўлган талаб ақлбовар қилмас даражада эластик бўлган: ишчи кучи нархининг минимал ошиши ҳам катта ишсизликни келтириб чиқариши мумкин эди. Шу боисдан янги муҳожирларнинг келиши маошга таъсир қилмаган, шунчаки, ишлайдиганлар сонини кўпайтирган ва шаҳар иқтисодиёти ҳажмини оширган.
— Талабалар ўқишдан ажралмаган ҳолда 8 соатлик иш кунида яъни тўлиқ ставкада ишлашлари мумкин, — дейди Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси бош мутахассиси Дилшод Ибодуллаев. — Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги бўйича бунга аввал ҳам ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас эди. Фақат аксар корхона ва ташкилот масъуллари ишчиларни дипломини қўлига олгандан сўнг ишга олишни маъқул кўришар эди.
Лекин шунга қарамасдан Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда МК) 77-моддасига кўра, ўн олти (16) ёшга тўлган ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Шу ўринда яна бир савол туғилади. Хўш талаба кун давомида 8 соат ишлаши мумкин бўлса унда қачон таълим олади? Шунинг учун ҳам талаба 1 ёки 0,5 ставка ишлашидан қатъий назар фақат ўқишдан бўш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга.
МК 115-моддасига мувофиқ ходимнинг иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 6 кунлик иш ҳафтаси жорий этилган корхона, муассаса, ташкилотларда кунлик 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтаси жорий этилганларда эса, иш вақти кунлик 8 соатдан ортиқ бўлмаслиги шарт. Шунингдек, ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МК 128-моддаси). Агар талабанинг бўш вақти етадиган бўлса, унга тўлиқ ставка ишлашига ҳеч қандай тўсқинлик мавжуд эмас.
Шунингдек, иш берувчи ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бораётган ходимлар учун бир қатор имтиёзлар бериши лозим. Жумладан, МК 249-моддасига мувофиқ таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, ўқув режасини бажараётган ходимлар меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда:
— иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш;
— қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа имтиёзлар олиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, корхона ишчи-талабанинг йиллик таътилини унинг хоҳишига кўра, имтиҳон ва сессиялар вақтига тўғрилаб бериши шарт (МК 253-модда). Қолаверса, битирувчи босқич талабалари давлат имтиҳонлари ёки диплом иши учун анча муддат тайёргарлик кўришини инобатга олиб, қонунчиликнинг талаба — ходимлар учун олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходимлар диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари топширишдан аввалги ўн ўқув ойи давомида машғулотларга тайёргарлик кўриш учун олти кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада бир кун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда, агар иш ҳафтаси беш кунлик бўлса, ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ишдан озод этилиш имтиёзига эга (МК 255-модда). Албатта, бу ўринда ишдан озод этиладиган талабанинг иш соати миқдори сақланиб қолади. Шу билан бирга, сиртдан ва кечки шаклда таълим олаётганлар учун ҳам меҳнат қонунчилигида алоҳида имтиёзлар белгиланган.
Талабаларнинг ўзлари нима дейди?
— Дадам ёки онам қорамни тортиб Тошкентга келгудек бўлишса, бетон бинолар ичида адашиб юрмайди, — дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг 4 босқич талабаси Абдулазиз Аҳмедов. — Тўўўғри университетга боришади. Ўқитувчиларимга берадиган саволлари ҳам тайин: “Ўғлимнинг ўқишларинг яхшими?” ёки “Болам қандай ўқияпти?”...
Бу вазиятда устозларим ижобий жавоб айтишадими-йўқми, аниқ билмайман. Ўйлашимча, устозларимнинг кўпчилиги “Иеее, Абдулазизнинг ота-онаси сизмисиз?” дейиш ўрнига “Ҳаа, сизми ҳали Абдулазизнинг ота-онаси?”, деб сўрашса керак...
Ҳозир 4 курсман. Шу пайтгача деярли ҳар семестрда камида 1-2 та фандан “пересдача” — қайта топширишга қолиб келаман. Сабабим бор: 1 курслигимдан буён матбуот соҳасида ишлайман. Кўнглимга таскин берадиган ягона баҳонам ҳам шу: ишлаяпман-ку...
4 йилдан бери ижарама-ижара бировларнинг уйида ижарада яшаб, ўзим пишириб-куйдириб, кунимни кўриб юрибман. Тошкентга нима мақсадда келганим бир зум ҳам ёдимдан кўтарилмаган. Аммо, ишламасам бўлмасди. Контракт тўлови, пойтахтда яшаш, еб-ичиш, кийиниш... Ўғил бола бўла туриб, ҳаммасини ота-онамнинг зиммасига ташлаб қўёлмасдим.
Бошида уйдагилар қаршилик қилишган. “Биз сени ишлашга жўнатмадик, ана, ишлайман десанг қишлоқдаям тўлиб ётибди. Мардикорлик қилсанг ҳам, кунингни кўриб кетасан! Мақсадинг борми сен боланинг, ўқигани боргандан кейин ўқийди-да!”, — деб роса койишарди. Кейин мустақил пул топа бошладим ва улар мени қўллаб-қувватлашди, уларни иш ҳамда ўқишимни бирга эплай олишимга ишонтиргандим. Ҳозирда ойига ўртача 3 миллион сўм атрофида даромад топаяпман ва бунга қўшимча равишда амалиёт ўтаяпман. Аввалдан ишлаб юрганим ва турли хусусий ва давлат идоралари, таълим муассасаларидаги муҳитни, ҳамда жамоани яқиндан билганим учун, айни жараёнлар менда қийинчилик туғдирмаяпти. Қолаверса, матбуотда ишлаганим учун турли соҳаларни ўрганганман, мутахассислари билан суҳбатлашганман, бу ҳар тарафлама дунёқарашим кенгайишига ҳам сабаб бўлган. Албатта, моддий томонлама ҳам ўзимни ривожлантирганман.
Талаба ишлаши керакми, деган саволингизга келсак, “ҳа” деб жавоб бераман. Фақат ўзи яхши кўриб танлаган йўналишидан узоқ бўлмаган соҳада фаолият юритса, нур устига аъло нур бўларди. Ахир ўқишда аъло баҳоларга ўқиб, дарсларга мунтазам қатнашиб ҳам университетни битирганидан сўнг, иш излаб, ўз йўлини тополмаганлар қанча...
— Бугунги кунда талабаларнинг ишлаши давр талабига айланиб қолди, — дейди Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети иккинчи босқич талабаси Барчиной Субхонбердиева. — Нафақат молиявий томондан, балки ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб етишишни кўзлаган ҳар бир талаба учун қўшимча иш зарур, деб ўйлайман. Тўғри, чарчаймиз, қийналамиз, лек бу чарчоғу, қийинчиликларнинг натижаси келажакка сезиларли даражада таъсир кўрсата олади. Кўпчиликда “Талабалик ўқиб ўрганишнинг асосий даври. Шундай экан, вақтни зое ўтказмай фақат ўқиш керак эмасми?”, деган савол туғилган бўлса ажаб эмас. Дарҳақиқат, бу вақтда ўқиб, изланмоқ лозим. Лекин бизга билимни фақат университет беради, дейиш бироз хато бўлади. Биз ўз устимизда ишлашимиз, маҳоратимизни ҳам янада оширишимиз учун бир қанча қўшимча дарсларга ҳам боришимизга тўғри келади. Ҳаммамизга аёнки, бу дарслар ҳам қанчадир ҳақ эвазига ўтилади. Шундоқ ҳам шартнома суммасини тўлаб, яна ҳар ой кунлик харажатларимизни қоплаб берадиган ота-онамиздан қўшимча дарсларга ҳам пул сўраш биз талабаларнинг виждонига оғир юк бўлади. Шундай экан талаба ўзи учун ўзи ҳаракат қилишни бошламоғи лозим. Ишлаган тақдирда ҳам ўз мутахассислигига тўғри келадиган, келажакда ўзи истаган касб учун тажриба орттиришига ёрдам бера оладиган иш билан машғул бўлиши керак. Менинг ҳам биринчи ишим мутахассислигим бўйича бўлмаган ва бу ишдан мен фақат маблағ борасидагина қониққанман, холос. Лекин ўз мутахассислигим бўйича иш излашни ҳам канда қилганим йўқ, негаки у ишдан менга керакли фойдани ололмас эдим. Айни вақтда эса ўз кўзлаган касбим учун яхши тажриба бўла оладиган ишдаман. Бир ойлик даромадим стипендияни қўшган ҳолда ўртача 2 миллион сўмдан ошади. Бу жуда зўр даромад эмас-ку, лекин ҳар ҳолда 516 минг сўм стипендиянинг ўзи билан қаноатлангандан кўра яхшироқ.
Хориж тажрибаси нима дейди?
Чет эл давлатларининг аксарида талабаларнинг ишлашига чеклов йўқ. Фақат айрим мажбуриятларни бажариш талаб этилади. Жумладан, Испания университетлари томонидан таклиф қилинадиган ўқув дастурлари турли тоифадаги бир нечта тадқиқотларни ўз ичига олади. Масалан, талабалар ҳафтасига 20 соатгача ишлаши мумкин. Университет талабларини бажарган талабалар маҳаллий ҳокимиятдан ишлашга рухсат олишлари лозим бўлади. Ушбу рухсатнома талабага шартнома асосида бирор компанияда тўлиқ бўлмаган иш кунида ишлаш ҳуқуқини беради. Ишга олинган талабанинг иш берувчи корхона билан шартномаси талаба визаси муддатидан ошмаслиги ва бажарадиган иши ўқиётган мутахассислигига мос келиши лозим. Қайд этиш жоизки, Испанияда талабага таътил пайтида 3 ойгача тўлиқ иш кунида ишлашга рухсат берилади. Шундай қилиб Испанияда талаба ўртача ойига 500-700 евро атрофида пул топиши мумкин.
Германияда маҳаллий талабалар бемалол стандарт талаблар асосида ишлаши мумкин. Чет эллик талабалар ишлаши учун эса Федерал бандлик агентлиги ва чет эл элчихонасидан махсус рухсатнома олиши лозим. Шундан сўнг, халқаро талабалар йилига 240 кун ва 120 кун давомида тўлиқ иш кунида ишлаш имконига эга бўлишади. Таълим олувчилар иш ўринларини талабалар хизматлари, онлайн иш кенгашлари, Федерал бандлик агентлиги, университет эълонлар тахтаси ва бошқалар орқали олишлари мумкин. Аксарият талабалар академик ёрдамчи, хизмат кўрсатиш ёки етказиб бериш соҳаларидан иш топишади. 2021 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра, Германияда талабалар ойига 450 еврогача пул ишлаб топишган. Шунингдек, улар ҳам ўқиб ҳам ишлаганлиги сабабли солиқ ва ижтимоий суғурта бадалларини тўлашдан озод этилган.
Россияда ўқийдиган хорижлик талабалар Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бош бошқармасидан ишлаш учун рухсатнома олиши ва фақат рухсатномада кўрсатилган касблар бўйича ва маълум кампус жойлашган шаҳарда ишлаш ҳуқуқига эга бўлишади. Талабалар ишига қараб ўртача ҳисобда 7-7,5 минг рубль атрофида даромад қилиши мумкин. Бундан ташқари, Россия университетлари стипендияни ҳам мўмайгина тўлайди.
Янги Зеландияда талабалар талабалик визаси орқали ҳафтасига максимал 20 соат ишлаш ҳуқуқига эга. Бунинг учун талаба камида икки йиллик кундузги академик дастурда ўқиган бўлиши лозим. Шунингдек, талабалар таътил ва байрамларда тўлиқ иш кунида ишлаш ҳуқуқига эга. Ўртача ҳисобда бу давлатда талаба соатига 20 Янги Зеландия доллари миқдорида маош олиши мумкин. Бу бир кунда 4 соатдан ишлаганда бир ойда 530 АҚШ доллари бўлади, дегани.
Швецарияда талабаларнинг ҳафтасига 15 соатгача ишлашига йўл қўйилади. Фақатгина улар таътил пайтида тўлиқ иш кунида ишлашлари мумкин. Швецария иқтисодий жиҳатдан анча тўқ давлат бўлгани боис, маҳаллий талабалар камдан-кам ишлашади. Аксарият чет эллик талабалар эса 2 мингдан 3 минг АҚШ долларига тенг миқдорда маош олишади.
Францияда маҳаллий талабаларнинг ишлаши учун ортиқча ҳужжат талаб этилмайди. Бироқ халқаро талабалар ишлашлари учун резидентлик картасига эга бўлиши лозим. Шундан сўнг, таълим муассасаси талабага ижтимоий таъминот тизимига кириш ҳуқуқини беради. Бу эса талабага университетнинг кампусида ва ундан ташқарида ишлаш ҳуқуқини беради. Франция ОТМ да таълим олувчи талаба 20 соат ишлаш имконига эга. Бу унинг энг кам иш ҳақи миқдори билан ҳисоблаганда тахминан 164 евро миқдорида маош олишини англатади.
Австралия ҳукумати чет эллик талабаларга талабалик визаси билан ҳафтасига 40 соатгача ишлашга рухсат беради. Яъни Австралияда 90 фоиз талабалар ўқиш билан бирга ишлашади. Буни талабалар шаҳарчасида юзлаб иш қидириш, ишга жойлаштириш бўйича воситачи иш кенгашларининг ташкил қилинганидан ҳам билиш мумкин. Шундай қилиб, Австралияда талабаларнинг ўртача иш ҳақи йилига 80 000 доллар ёки соатига 41,03 долларни ташкил қилади. Ўз йўналишида иш тажрибасига эга талабаларнинг йилига 110 000 доллардан ошиқ топиши қайд этилган.
Канада университетларида таълим олувчи талаба ишламоқчи бўлса. Аввало сабабсиз дарс қолдирмаслиги лозим. Шунда университет маъмурияти талабага ҳафтасига 20 соат ишлаш учун рухсатнома ёзиб беради. Бундан ташқари, кампусдан ташқарида ишлаш учун алоҳида рухсатнома талаб этилади. Шунингдек, ишловчи талаба ижтимоий хавфсизлик рақамини олиши шарт.
Таъкидлаш жоизки, Канадада ярим кунлик ишлайдиган талабалар соатига ўртача 15 АҚШ доллари миқдорида маош олади. Бу ҳафтасига тахминан 300 АҚШ доллари ва ойига 1200 АҚШ долларини ташкил қилади.
Буюк Британияда таълим олувчи талаба Tier 4 — баллга асосланган виза тоифалари тизимини қўлга киритиши керак. Шундан сўнг, ўқиш даврида ҳафтасига максимал 10 ёки 20 соат ишлаш ҳуқуқи берилади. Фақатгина таътил пайтида 40 соатгача ишлашга рухсат берилади. Бу мамлакатда талабалар ўртача 200-300 доллар ишлаб топишлари мумкин.
АҚШдаги университетларда ўқиш билан бирга талабалар ойига ўртача 360-500 долларгача пул ишлаб топишлари мумкин. Лекин иш соатининг давомийлиги ҳафта давомида 20 соатдан ошмаслиги талаб этилади.
Хориж давлатларида талабаларнинг ўқиш давомида ишларига табиий қаралади. Айрим давлатларда уларнинг ишлашлари ижтимоий жиҳатдан турли имтиёзлар билан рағбатлантирилади. Баъзи давлатлар эса уларнинг кўпроқ таълим олишлари ва иш билан қийналиб қолмаслиги учун маълум бир чекловларни жорий қилган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, талабаларнинг ўз мутахассисликлари бўйича ишлашлари дунёнинг аксар давлатларида қўллаб-қувватланди.
Хўш бугунги кун ОТМлардаги талабаларнинг ишлаб, даромад топиши қанчалик муҳим?
Жаҳондаги олий таълим даргоҳларининг тажрибасидан шу жиҳат ойдинлашаяптики, таълим қанчалик сифатли бўлмасин амалиётсиз кўзланган натижани бермайди. Глобаллашув жараёни таълим бериш ва олиш жараёнига лаҳза сайин ўз таъсирини кўрсатмоқда. Баъзи соҳалар тубдан йўқолиб, унинг ўрнига биз тасаввур ҳам қила олмайдиган янги касблар кириб келмоқда. Бугунги кун талабаси нафақат ўз йўналишида билим олиши балки, бу соҳадаги дунё тажрибасини зийраклик билан ўрганиб бориши учун, чет тилларини ҳам мукаммал билишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу боис ҳукуматимиз томонидан мутасаддиларга ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериш, уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси юклатилган бўлиб, ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси, вилоят ҳокимлари бошчилигида эса ҳудудларда шундай комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур комиссия олий таълим мутасаддилари билан биргаликда ҳудудлардаги вакант иш ўринларни таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради. Бундан ташқари, битирувчи курс талабаларининг келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.
Шунингдек, касб, тил ва бошқа маҳорат дарсларини ўргатишга алоҳида иқтидори бор талабалар олийгоҳлардаги бўш хона ва иншоотлардан бепул фойдаланиб уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлишди. Зеро, бундай тизимнинг ишга туширилиши бир жиҳатдан тўгарак очиш истагидаги ёшларни жой топиш муаммосидан халос қилса, иккинчи жиҳатдан, кўпгина ёшларни ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан ўзи таҳсил олаётган олийгоҳдаги турли курсларга қатнаб билим ва малакасини ошириш имконини беради.
Шу билан бирга, Марказий банк тажрибаси асосида талабаларнинг ҳақ тўланадиган стажировкаларини ташкил этиш ва якунда энг яхши стажёрларга иш таклиф этиш тизими иқтисодиёт, молия, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида, солиқ, кадастр идораларида жорий этилиши белгиланди.
Бу борадаги ўрганишлар хулосасига кўра, жорий даврда республикамиздаги соҳа ва тармоқлар кесимида талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд экан. Шундан, таълим ва хизмат кўрсатиш йўналишида – 22 минг, саноатда – 17 минг, соғлиқни сақлашда – 9 минг, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингтадан, молия соҳасида – 3 минг, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 мингтадан ошиқ бўш иш ўринлари мавжуд экан. Бундан ташқари вазирлик ахборотида қайд этилишича, ректорлар олийгоҳларнинг йўналишига қараб, аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатиб, 5 минг нафар талабага қўшимча даромад олиш имкониятини яратиши мумкин.
Бу албатта, қувонарли ҳол, ўқишга ҳужжат топшириб тўлов шартномаси маблағини тўлашга имкони бўлмай ўқишни ташлаб кетаётган ёшлар ёки тўлов шартномаси асосида ўқишга киргани-у, лекин уни тўлашга “қўли калта”лик қилиб турган талабалар учун яхши имконият.
Бугун олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни касбий ривожлантириш, уларнинг назарий билимини амалиётда қўллаш имкониятини янада ошириш, таълим ва бошқа кундалик харажатларини қоплаш учун иш билан таъминлаш зарурати сезилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, дунё меҳнат қонунчилигига кўра, талаба фақат таълимдан бўш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга. Бу эса ўз-ўзидан талабанинг биринчи галдаги вазифаси билим олиш эканлигини англатади. Зотан, ота-боболаримиз айтганидек бўш қоп, тик турмайди. Шундай экан, азиз талабалар, даромад топишга қизиқиб кетиб, билим олишни унутиб қўйманг. Зеро, билимли ишчи ҳеч қачон ва ҳеч замонда хор бўлмайди.
Абдулла ЧИМИРЗАЕВ журналист