Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Нега солиқчилар ҳужжатларни сохталаштириб, тадбиркорни 1 миллиардга яқин жаримага тортмоқчи бўлишди?
8.07.2022 17:44,  
1452

Ибтидоий кишилик жамияти жамоа сифатида бирлашган даврдан бошлаб, то ҳозирги кунгача турли номдаги ва кўринишдаги солиқлар ундириб келинган. Аммо ҳамма солиқларни бир умумий жиҳат бирлаштиради. Яъни бу ўлпонлар давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, ҳарбий салоҳияти, мамлакат тараққиёти ва бошқа умуммиллий манфаатлар учун хизмат қилади.

Аммо шу ўринда яна бир жиҳатни унутмаслик лозим. Тадбиркор ҳам бир гуруҳ одамларга иш ўрни яратиб, уларни бандлигини таъминлаш билан бирга ўз маҳсулоти орқали аҳоли эҳтиёжларни қондиришга ҳам ҳисса қўшади. Бугун ҳалол, изланувчан ва солиқларни ўз вақтида тўловчи тадбиркорга Ўзбекистон ҳукумати томонидан турли имтиёзлар ва қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан, мамлакат солиқ сиёсатида ҳам айнан мана шу жиҳат устуворлик касб этмоқда.

Бироқ таҳририятимизга мурожаат қилган тадбиркор Ёрқин Сулаймонов, ҳудудий солиқчиларнинг қонунчиликка зид равишда сайёр солиқ текшируви баённомасига ўзгартириш киритганлигини ва бунинг оқибатида тадбиркорга 1 миллиардга яқин жарима жазоси қўлланилаётганлигини иддао қилмоқда.

Тадбиркорнинг қайд этишича, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текшируви ўтказиш ҳақидаги 2022 йил 12 майдаги буйруғи асосида “Trade-invest DAN” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ)нинг фаолияти юзасидан 7 кунлик хизмат сафарига солиқ идораси ходимлари юборилган.Текширувлар жараёнида “Trade-invest DAN” МЧЖ томонидан солиқ идораси ходимларига барча ҳужжатлар ўз вақтида тақдим қилинган.

Тадбиркорга кўра, аслида 2021 йилнинг 2 декабрь куни ҳам сайёр солиқ текшируви ўтказилган бўлиб, ўрганишдан сўнг жамиятда 2021 йилнинг 28 декабрь куни яна камерал текширув ишлари олиб борилган. Натижада “Trade-invest DAN” МЧЖга қўшимча тарзда 84 миллион 589 минг сўм қўшилган қиймат солиғи ва 54.786 минг сўм фойда солиғи солиниши белгиланган.

Юқоридаги текширувларнинг хулосасидан норози бўлган тадбиркор Ё.Сулаймонов, 2022 йилнинг 9 апрель санасида Давлат солиқ қўмитасига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат инъикоси улароқ тафтиш ўткизилиб, 2022 йилнинг 26 апрель санасида 21-328-сонли қарор билан қўшилган қиймат солиғига қўшимча сифатида ундирувга қаратилган 84 миллион 589 минг сўм миқдоридаги маблағнинг 63 миллион 782 минг сўм қисми бекор қилинган.

Бироқ орадан йигирма кун ҳам вақт ўтмай, яъни 2022 йил 12 май санасида Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти “Trade-invest DAN” МЧЖга нисбатан яна сайёр солиқ текшируви юборишга қарор қилган.

Ўрганиш сўнггида сайёр солиқ текширувигуруҳи раҳбари сифатида келган Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси инспектори О.Ҳ.Каплянбековўрганиш бўйича тузилган баённоманинг бир нусхасини тадбиркор Ё.Сулаймоновга тақдим қилади.Бундан ташқари, Юқоричирчиқ туман давлат солиқ инспекцияси биносида ўтказилаётган сайёр солиқ текшируви якуни бўйича йиғилишда баённомани овоз чиқариб ўқиб бериб, текширув ишлари якунланганини билдиради.

Тадбиркор Ё.Сулаймоновнинг маълум қилишича, О.Ҳ.Каплянбеков текширув баённомасининг тўлдирилмаган қисмини якунлангани ҳақидаги жумладан кейин, тадбиркорни хабардор қилмасдан бошқа ручка ва ҳуснихатда, бутунлай бошқа шахслар иштирокида амалдаги қонунчиликка зид равишда баённомага ўзгартиришлар киритган. Бунинг натижасида “Trade-invest DAN” МЧЖ манфаатларига зид равишда қарор чиқарилган. (Баённоманинг сохта маълумотлар киритилган нусхаси илова қилинмоқда.  Бизда мавжуд нусхасида қўшимча ёзувлар йўқ!)

Кейинчалик маълум бўлишича, аслида, “Trade-invest DAN” МЧЖ омборида сақланаётган дон маҳсулоти 2022 йилнинг 12 май кунидаги жамиятнинг 3-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ, омборнинг бир қисмидан сизиб ўтган ёмғир сувининг ўзаро таъсири натижасида сифатсиз ҳолатга келиб қолган. Айнан шу сабабга кўра, омборда сақланаётган дон маҳсулоти  бозор нархидан арзонроқ қийматда сотилган. Ушбу жараёнда мазкур савдо кирим-чиқимлари касса аппаратдан ўтказилиб, пуллар нақд шаклида банк кассасига топширилган ва чеклари мавжуд.

Шунингдек, тадбиркор Ё.Сулаймоновнинг баён қилишича, “Trade-invest DAN” МЧЖ омборхонасида сотилишидан олдин сақланаётган дон маҳсулотининг сифати бузилганлигини тасдиқловчи фотосуратлар ҳамда дон маҳсулотларининг сотилишидан олдинги ҳолатдаги суратлари ҳам текширувчиларга тақдим қилинган.

Бироқ, шунга қарамасдан, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 6 июндаги қарори билан “Trade-invest DAN” МЧЖ корхонасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 223-моддаси 3-қисм 3-хатбошига асосан ҳисобда реализация қилинмаган, деб кўрсатилган, товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги, 4-хатбошига асосан расмийлаштирилмаган товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилинган суммасининг яъни 20 фоизи миқдорида жами 914 219 028,6 сўм миқдорда молиявий жарима қўлланилган. Молиявий жарима учун асос қилиб кўрсатилган моддага кўра, омборда мавжуд бўлмаган ёки расмийлаштирилмаган товарлар ҳақида сўз бормоқда. Бироқ қайд этиш жоизки, аслида “Trade-invest DAN” МЧЖ омбордаги товарларнинг қанча миқдорда сотилганлиги ўз вақтида текширувчиларга чек ва юк хатлари орқали тақдим этиб борилган.

— Қолаверса, жамиятимиз томонидан омборхонага кирим қилинган маҳсулотнинг таннархидан юқоридаги келтирилган сабаблар асосида арзон сотилганлигига қарамасдан, қўшилган қиймат солиғи мос равишда маҳсулот кирим нархида солиқ ҳисоботида ҳисобланганлиги қайд қилинган, - дейди тадбиркор Ё.Сулаймонов. — Омборда сақланаётган дон маҳсулотлари сотилганлиги тўғрисидаги барча ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамасдан текширувчилар томонидан қайси асосга биноан маҳсулот мавжуд эмас, деб қайд этилган ва молиявий жарима қайси тўланмаган солиқ учун қўлланилган?! Мен айнан мана шу саволларга жавоб ололмаяпман. Авваллари солиқ органларини тадбиркорнинг ишончли ҳамкори, деб билар эдим. Бироқ афсуски, сўнгги пайтдаги мана шу маш-машалар сабаб, ушбу орган фаолиятига шубҳа билан қарай бошладим. Гоҳида солиқ идорасининг мақсади нима ўзи? Қонунни атайлаб бузишми, ёки мен англамаган яна бошқа бир сабаби борми, дея ўйлаб қоламан?!

Ўйлайманки, тез орада ушбу мурожаатим Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга етиб боради ва биз тадбиркорларни қийнаётган мавжуд муаммоларга ечим топилади.

Маълумки, солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текширишни тартибга солиш сайёр солиқ текширувларининг асоси ҳисобланади. Бироқ солиқларни ўз вақтида тўлаб, мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун ҳаракат қилаётган ҳалол тадбиркорларни ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш, турли усуллар билан бюрократик босим ва мажбуриятлар юклаш ҳеч бир солиқ органига ҳам ва ёки ҳеч бир солиқчига ҳам ярашмайди. Аксинча бу хатти-ҳаракатлар тадбиркорларнинг ишбилармонлик кайфиятига салбий таъсир қилиши, шубҳасиз. Оқибатда тадбиркорлик учун етарли шароит бўлмаган жойдан уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Ўзлари учун қулай жой ахтаришга тушиб қолишади. Қолаверса, давлат ва унинг маъмурий органларига ишончсизлик кайфияти шаклланади.

Умид қиламизки, мазкур материалда кўтарилган муаммоларга мутасаддилар бефарқ бўлишмайди. Жараённи ўрганиб, тез орада адолатли, ижобий ечим топишади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан