Ниғматилла Йўлдошев ҳоким ўринбосари тузган жиноий гуруҳ ҳақида гапирди

Ниғматилла Йўлдошев ҳоким ўринбосари тузган жиноий гуруҳ ҳақида гапирди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисидаги чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов иши ҳақида маълумот берди.

«Сўнгги йилларда жамоатчилик, айниқса блогерлар коррупцияга қарши курашишда фаоллашганини айтиб ўтмоқчиман. Биргина Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмонқуловнинг коррупциявий қилмишлари тўлиқ фош қилинишида уларнинг ҳиссаси катта бўлди.

Айтиш жоиз, Раҳмонқулов 2018 йилда вилоят ҳокими ўринбосари этиб тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилиб келган. Шу мақсадда вилоятда қурилиш соҳаси раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали ўзининг ғаразли мақсадларига шароит яратган.

Хусусан, 2018—2020 йилларда Раҳмонқулов жами 494 млрд сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилишган. Бу ҳозиргача терговда аниқлангани.

Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди. Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – деди Бош прокурор.