Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Нобиометрик паспортларнинг муддати тугашига 19 кун қолди: Ўзбекистондаги паспорт тизими тарихига назар
13.12.2019 01:44,  
1563

Тошкент шаҳар ИИББ кеча алоҳида огоҳлантириш билан чиқиб, 2019 йил охиригача эски намунадаги (нобиометрик) паспортларни биометрик паспортга алмаштирмаганлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси, 1-қисмига кўра 111 500 сўмдан 669 000 сўмгача жаримага тортилишини эслатди.

Эски намунадаги (нобиометрик) паспорт мустақил Ўзбекистон тарихида жорий этилган шахсни тасдиқловчи илк ҳужжат бўлиб, у 1992 йил 13 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 533-сон қарори билан кучга кирган, қарорга мамлакатнинг собиқ президенти Ислом Каримов имзо чеккан эди.

Ушбу қарорга кўра, паспорт бланкасини тайёрлаш учун Германиянинг “Гезике ва Девриент” фирмасидан асбоб-ускуналар олиб келинган; ўша пайтгача амалда бўлган СССР Министрлар Советининг “СССРда паспорт системаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1974 йил 28 августдаги 677-сон қарори бекор қилинган.

Мустақил Ўзбекистон фуқароларига янги паспорт беришнинг аниқ муддати эса 2 йилдан кейин, мамлакатнинг ўша кездаги президенти Ислом Каримовнинг 1994 йил 23 декабрдаги ПФ-1027-сон фармони билан белгиланган:

4. “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом” амалга киритилсин ва 1995 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига паспортлар бериш, шунингдек босқичма-босқич алмаштириш таъминлансин.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспортларини алмаштириш 2000 йилнинг 1 январигача ниҳоясига етказилсин.

Биринчи навбатда 16 ёшга тўлган, муддати ўтиб кетган паспорти бўлган, фамилияси, исми-шарифини ёки миллатини ўзгартирмоқчи бўлган тақдирда, шунингдек паспортни йўқотган ва чет элга жўнаб кетиладиган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини бериш кўзда тутилсин.

Демак, эски намунадаги (нобиометрик) паспорт фуқароларга 1995 йил 1 январ кунидан берила бошлаган. Унгача эса СССР даврида берилган паспортлар (халқ тилида “қизил паспорт”) амалда бўлган.

2011 йил 5 январда эса президентнинг яна бир, ПФ-4262-сонли фармони билан Ўзбекистонда биометрик паспорт жорий этилди ва эски намунадаги (нобиометрик) паспортнинг амал қилиш муддати 2015 йил 31 декабрида тугаши белгилаб қўйилди.

Ушбу янги шакл ва кўринишдаги паспортнинг эскисидан бир қатор афзалликлари бор эди:

1. Биометрик паспортда эскисидан фарқли равишда паспорт эгасининг сурати унинг варағидан бўртиб чиқиб турмайдиган бўлиб, аксинча, варақнинг ичига чоп этиш усулида кирғизиб юборилди. Бу эса унинг қалбакилаштирилишига қарши яхши ҳимоя бўлди.

2. Биометрик паспортда бетлар сони 32 тадан 36 тага ошди, хорижга кўп сафар қилувчилар бунинг аҳамиятини яхши билади.

3. Эски намунадаги паспорт фақат 16 ёшдан бошлаб берилар, ундан кичик ёшдаги шахслар (болалар) хорижга чиқиши керак бўлиб қолса, уларнинг 3х4 ҳажмдаги расми ёки ота-онасининг, ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг паспортига тикилиб, остига исми-шарифи ёзилиб, устига муҳр урилиб, кейин сафар қилишга рухсат берилар эди. Бу эса бундай тизимдан бехабар хориж мамлакатлари чегараларидаги паспорт назорати бўлимларида муаммо туғдирарди. Биометрик паспорт эса янги туғилган чақалоққа ҳам бериладиган бўлди – фақат 5 йил муддатга. Хорижга чиқиши керак бўлган болаларнинг паспорти улар токи 16 ёшга тўлгунга қадар ҳар 5 йилда янгилаб турилади.

4. Эски намунадаги (нобиометрик) паспорт табиий ҳолатда инсонга умри давомида 3 марта берилар-алмаштириларди: 16 ёшга тўлганида, 25 ёшга тўлганида ва 45 ёшга тўлганида. 45 ёшга тўлган фуқарога паспорт чексиз муддатга (ХХХ) берилар, бу ҳам хориж давлатларида баъзи тушунмовчиликларга сабаб бўларди. (Паспорт йўқолганида, яроқсиз ҳолга келганида ва виза учун мўлжалланган варақлари тўлиб қолганида алмаштириш, янгисини олиш ҳолатлари бундан мустасно). Биометрик паспорт эса юқорида айтганимиздек, агар зарур бўлса бола туғилганиданоқ ҳар 5 йилга бериладиган, 16 ёшдан кейин эса халқаро стандартга мувофиқ ҳар 10 йилда янгилаб, алмаштириб туриладиган бўлди.

Биометрик паспорт расман жорий этилганида уни 2011 йилнинг иккинчи ярмидан бериш бошланиши ҳақида айтилганди. Аммо бу амалиёт фақат 2012 йил январидагина бошланди. 2014 йил 1 июлидан бошлаб эса хорижга чиқишни истаган фуқаролар фақат янги биометрик паспорт билангина сафар қилишлари мумкинлиги ҳақидаги қоида кучга кирди.

Эски намунадаги паспортнинг амал қилиш муддати 2015 йилнинг 31 декабрида тугаши керак эди. Бироқ Давлат персоналлаштириш хизматининг туман ИИБлари қошидаги бўлимлари 2012-2015 йиллар давомида Ўзбекистоннинг паспорт ёшидаги фуқароларига тўлиқ равишда янги биометрик паспортни бериб улгурмади. Ҳар бир туман “паспорт столи”да кунига 150 нафаргача фуқарога паспорт берилганига қарамай ўша пайтда ҳамон бир неча ҳафта (вилоятларда эса бир неча ой) кейинга паспорт олиш учун ёзилган навбатлар мавжуд эди.

2015 йил 6 ноябр куни “Озодлик радиоси” сайтида “нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати камида 2016 йилнинг 31 декабрига қадар чўзилиши, чунки аҳолининг 40%и ҳали янги паспорт олишга улгурмагани” ҳақида маълумот чиқди. Аммо 2015 йил 10 ноябрда Kun.Uz нашрига интервю берган Чилонзор тумани ИИБ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари “Ундай гап йўқ, кўриб турибсиз, одамлар янги биометрик паспорт олиш учун ҳужжатларни бир куннинг ўзида расмийлаштириб кетишяпти, 2015 йилнинг 31 декабригача барча биометрик паспорт олишга улгуриши мумкин”, дея юқоридаги хабарни рад этди.

Лекин охир-оқибатда “Озодлик” ҳақ бўлиб чиқди: 1) аввало 2019 йил ноябрининг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқларда "Тошкентнинг Олмазор туманида кейинги йил январ ойи охирига навбат тарқатиляпти. Бу йилга навбат тугабди", деган изоҳлар пайдо бўлди. Агар бу маълумотга таянилса, 2015 йил охиригача барча фуқаролар янги биометрик паспорт олишининг мутлақо имкони йўқ – чунки Ўзбекистонда илк биометрик паспортлар айнан шу, Олмазор туманида бериб бошлангани учун бошқа ҳудудлар ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ эди; 2) 2015 йил 19 декабрда эса эски намунадаги (нобиометрик) паспортни янгисига алмаштириш муҳлати аввал ишора қилинганидек 2016 йил 31 декабргача эмас, нақ 2,5 йил кейин – 2018 йил 1 июлгача кечиктирилди.

2018 йил май ойида мобил телефонларга Ички Ишлар Вазирлигидан матнли огоҳлантиришлар кела бошлади: “Ҳурматли фуқаро, эски намунадаги (нобиометрик) паспортнинг амал қилиш муддати 2018 йил 30 июнда тугайди. Жарима тўламаслик учун ўз вақтида биометрик паспорт олишингизни сўраймиз”.

Аммо 2018 йилнинг 5 июлида ахборот нашрлари Адлия вазирлигининг Телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” каналига таяниб, янги хабар тарқатди: “Эски паспортларни биометригига алмаштириш муддати 2019 йил 31 декабрга қадар давом этади”. Шу тарзда бу жараён яна 1,5 йилга чўзилди. Сабаб ўша-ўша: Ўзбекистон аҳолиси сўнгги 2,5 йилда ҳам тўлиқ равишда биометрик паспорт олиб улгурмади.

Орада 2019 йил 1 январда эски намунадаги (нобиометрик) ва биометрик паспортларга ёпиштириладиган “дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун” рухсат берувчи стикер (халқ тилида “ОВИР”) бекор қилиниб, унинг ўрнига 48 бетли, қизил рангли, 10 йил муддатга бериладиган (16 ёш ва ундан катталарга бериш шартлари биометрик паспортники билан бир хил) хорижга чиқиш паспорти жорий этилди. Таъкидлаш керакки, айни паспортни жорий этиш илғор қадам бўлди, уни олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам кескин камайтирилди. 2019 йил 22 май куни хорижга чиқиш паспортини олиш учун топшириладиган ариза-анкетанинг янги шакли тасдиқланди. Унга кўра энди аввалгидек 4 варақни эгаллган 16 та банд ўрнига, атиги 1 вараққа сиғдирилган 11 та бандни тўлдириш кифоя қиладиган бўлди. Бундан ташқари, шу 1 варақ ариза-анкета фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг ўзида тўлдириладиган, аввалгидек маҳалла идораси, иш жойи ёки бошқа расмий идоралардан уни тасдиқлаб, муҳр бостириб келиш талаб қилинмайдиган бўлди.

Юқорида Ўзбекистондаги паспорт тизими тарихига қисқача назар ташладик. Шу ўринда яна эслатиб ўтамиз: эски намунадаги (нобиометрик) паспортни биометрик паспортга алмаштириш муддати тугашига 19 кун қолди. Бу сафар муддат яна чўзилишига асос йўқдек. Шунинг учун ўзингиз ёки яқинларингиз ҳалигача эски паспортни янгисига алмаштиришга улгурмаган бўлсангиз, шу кунларда ҳаракат қилиб қолинг. Зеро, бунинг учун тўланадиган жаримани янги биометрик ва хорижга чиқиш паспорти учун тўлов қилиб, ўз фойдангизга ишлатсангиз бўлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан