Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2022 йил 1 июлдаги ПҚ-302-сон қарори билан нодавлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Мазкур қарорда нодавлат спорт-таълим муассасалари Солиқ кодексига асосан ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкинлиги кўзда тутилган.
Қайси ташкилотлар имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин?
Қуйидаги соҳаларда хизмат кўрсатувчи спорт-таълим муассасалари имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга (СК 59-м.):
- таълим;
- жисмоний тарбия ва спорт.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматларга қуйидагилар киради:
- спорт иншоотларида, мактабларда, соғломлаштириш йўналишидаги клубларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;
- спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, шунингдек ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;
- спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар.