Нон арзон жойда яшовчиларнинг ватан туйғуси бўлмайдими?

Нон арзон жойда яшовчиларнинг ватан туйғуси бўлмайдими?

Атоқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг бир гапи бор: “Қайси юртда нон арзон бўлса, ўша ерга кўчиб юрадиган инсонда, Ватан туйғуси бўлмайди”. Ўша машҳур “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида учрайди. Ҳурматли адибимиз бу гапни ёзганларида меҳнат муҳожирлари мавзуси унчалик долзарб бўлмаган эди. Бу китобни 1998 йилда ўқиганман. Ўзбекистондаги вақтинча қийинчиликлар ўтиб кетади, юртдан чиқиб кетманглар, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деган мазмунда ёзилган бўлса керак. Ҳар ҳолда ўша йиллари давлатга ишонганлар кўпроқ эди.

Аммо бу фикрни қонуният деб даъво қилишса, мазмунига мен қўшилмасдим. Тарихда азалдан нон арзон бўлган мамлакатларга аҳоли кўчиб борган. Аниқроғи, қаерда ҳаёт фаровон бўлса, аҳоли ялпи кўчиб борган. Иқтисодий муҳожир дейишади бундайларни. Уларни ватан туйғусига бефарқликда айблаш ноўрин, деб биламан, чунки ҳаммаям яхши яшагиси келади.

Бугунги жума хутбасида бир имом “Қайси юртда нон арзон бўлса, ўша юртдаги одамда Ватан туйғуси бўлмайди», дебди. Менимча, бу имом Ўткир Ҳошимовнинг юқоридаги гапларини қачондир ўқигану, мазмунни англай олмай, хаёлида чалкаштириб, ўзича қандайдир ақлли тезис ясаб оммага тақдим этган.

Аслида жума маърузалари ниҳоятда зерикарли ва сийқалигидан одамлар намоз вақтига тираб боради. Чунки маърузачининг услуби, ўз қиёфаси, йиғилганларга айтадиган гапи йўқ. Қўлидаги матндан ташқарига чиқолмайди. На билими на нотиқлик маҳорати билан аҳолини эргаштиришга қодир эмас. Давлатнинг оддий функционерлари. Ҳеч бўлмаса бадиий китоб ўқиб эслаб қолишга қодир бўлмаган имомлар.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.