Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ноқонуний мигрантларнинг кўплиги Корея Ўзбекистонга берадиган квоталарига таъсир қилади
17.06.2020 13:00,  
220

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида шартнома шартларига тўлиқ амал қилмаслик, иш берувчи давлат қонун-қоидалари, урф-одатларига риоя этмасдан, аксинча қоидабузарлик оқибатида мамлакат ҳудудидан депортация қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Маълум қилинишича, бу каби ҳолатлар Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз орасида ҳам учраб турибди.

"Фуқаро ва Кореяда Республикасидаги иш берувчи ўртасида 3 йил муддатга меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат шартномаси муддати тугагач, фуқаро иш берувчи билан келишган ҳолда шартномасини 1 йилу 10 ой муддатга узайтириши мумкин. Юқоридагиларга биноан шартнома узайтирилган тақдирда мазкур шартноманинг умумий муддати 4 йилу 10 ой ҳисобланади.

Иш берувчи ва фуқаро ўртасидаги шартнома имзолаган кундан кучга киради ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш муддати фуқаро Корея Республикасига юборилган кундан бошланади.

Шартнома доирасида фуқаронинг тегишли мажбуриятлари мавжуд, хусусан, иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасига асосан Корея ваколатли идораларининг рухсатисиз иш жойини ташлаб кетмаслик, иш жойини сабабсиз ўзгартирмаслик ҳамда Корея ҳудудида ноқонуний мақомда бўлмаслик, меҳнат шартномаси муддати тугагач (ёки иш берувчи билан келишувга кўра меҳнат шартномаси муддатидан олдин) 10 иш куни ичида Ўзбекистонга қайтиш ва бу ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигини хабардор қилиш каби шартлар фуқаро томонидан бажарилмаган тақдирда унга нисбатан белгиланган жарималар қўлланилиши назарда тутилган.

Жарималар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги талаби билан эмас, аксинча, қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб бўйича тегишли органлар томонидан ундирилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу жарималар фуқароларимизнинг Корея Республикасида нолегал юришига чек қўйиш ҳамда уларни ўз вақтида Ўзбекистонга қайтишини таъминлаш учун белгиланган.

Бундан ташқари, Корея Республикасида ноқонуний юрган ўзбекистонликлар сони Ўзбекистонга бериладиган иш ўринлари квотасига жиддий таъсир кўрсатади. Яъни, нолегал фуқаролар сони қанчалик кам бўлса, ажратиладиган иш ўринлари квотаси шунчалик кўпаяди.

Бу дегани, Кореяда ноқонуний юрган ҳамюртларимизни камайтириш ҳисобига, мазкур давлатда қонуний ишлаш, яхши даромад топиш истагида бўлган минглаб юртдошларимиз учун иш ўринлари чекланишининг олди олинади. Шу билан бирга, фуқаролар келажакда юқорироқ маош тўланадиган мутахассис сифатида Корея Республикасида ишини давом эттириш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат мигрантлари сонининг камайиши Ўзбекистоннинг нафақат Корея Республикаси, балки халқаро меҳнат бозоридаги имижига ижобий таъсир этиши аниқ" - дейилади хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Корея Республикасида 1 ой учун энг кам иш ҳақи ўртача 1.795.310 вон (1500 АҚШ долларига яқин) этиб белгиланган. Фуқароларимизнинг Корея Республикасида қонуний тартибда бундай даромад топиши, уларнинг нафақат оилавий фаровонлигини яхшилаш, шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Ўзбекистон фуқаролари учун иш ўринлари квотасининг ажратилиши ўзимизга боғлиқ ва ўйлаймизки, келгусида юртдошларимиз бу масалага жиддий эътибор қаратади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан