Ноябрь ойида ўзбекистонликларни ҳайратга солган 6 хабар

Ноябрь ойида ўзбекистонликларни ҳайратга солган 6 хабар

Sof.uz ортимизда қолган Ноябрь ойининг энг асосий ва диққат марказида турган мавзуларини эслашга қарор қилди.

Абдуллоҳ қаерда эди?

2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Абдуллоҳ қаерда?» сарлавҳаси остидаги пост тарқалди. Унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётганига оид фикрлар баён этилган.

Отаси Абдуллоҳ ўз бошқарувидаги автомобилда вилоят ИИБнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев бошқарувидаги автомобил билан тўқнашиб кетгани, шикастланган машинани устахонага олиб боришгани, шу орада машинани видеога ҳам олишгани, айнан шу ҳаракат ўғли олиб кетилишига сабаб бўлгани ҳақида гапирган. Андижондаги ИИБ ходимлари эса «Абдуллоҳ Россияда ишлаб юрганида нозик одамларни сўкиб қўйгани, шунга Тошкентга олиб кетилгани» ҳақида маълумот берган.

Ҳафта давомида ижтимоий тармоқ «Абдуллоҳни излади».

Ёшлар иттифоқи Абдуллоҳ бўйича расмий баёнот бериб, ташкилот ушбу ҳодиса бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, у билан Ички ишлар вазирлиги эмас, бошқа идора шуғулланаётгани ва тез орада расмий маълумот берилиши кутилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Адолат» социал-демократлар партияси ҳам Абдуллоҳ воқеасига муносабат билдириб, у агар жиноят содир этган бўлса қонунан жазоланиши кераклигини эслатди.

8 ноябрь куни кечқурун Абдуллоҳ Тоҳировнинг дараги чиқди. Дастлаб унинг отаси у топилгани ва Тошкентдан Андижонга қайтаётганини маълум қилди. Кўп ўтмай Абдуллоҳнинг ўзи видеомурожаат орқали чиқиш қилиб, ўзи ҳақида қайғурганларга миннатдорчилик билдирди.

Лекин Абдуллоҳ шунча кундан бери қаерда эканлиги ҳали ҳам жумбоқлигича қолмоқда.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги заставага қуролли гуруҳ ҳужум

​6 ноябрь куни Тожикистон ИИВ 5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг автоматларини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилингани ва 5 нафар жангари қўлга олингани Тожикистон томондан бир нафар чегарачи ва милиция нозири ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.

Кўп вақт ўтмай Россиядаги нашрлар ўз манбаларига асосланган ҳолда бу ҳужум Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари томонидан уюштирилгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу хабарлар ортидан Ўзбекистон чегарачилари Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни қўриқлашни кучайтирди, Қирғизистон томони ушбу ҳужум юзасидан хавотир билдирди, МДҲ давлатлари тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлашда КХШТга ёрдам беришга тайёрлиги, МДҲ чегара хизматлари гуруҳи 2020 йилда ҳарбий машғулот ўтказиши ҳақида хабар тарқалди, 7 ноябрь куни Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилди.

Шу куни Афғонистон ҳукумати ИШИД террорчиларининг мамлакат ҳудудидан Тожикистонга ўтиб, 6 ноябрда чегара постига ҳужум уюштиргани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

Телеграмдаги davletovuz канали ушбу ҳодисани «шубҳа ва тасодифларга тўла террорчилик ҳаракати» деб атади. «Узоқ вақт Россия оммавий ахборот воситалари маълум миқдордаги террористлар Суриядан Афғонистонга улоқтирилгани ҳақида роса ёзди. Террористлар ҳам шунча аҳоли пункти қолиб Ўзбекистон чегараси яқинидаги заставага ҳужум қилибди. Нима эмиш: «энг қулай жой эмиш», дея бу хабарлар асосан Россия оммавий ахборот воситалари томонидан ёзилаётганига эътибор қаратди канал муаллифи.

Фарғонада фуқаро ва чегарачилар ўртасидаги можаро

​13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ниқобли чегара қўшинлари аскарлари дейилаётган шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир ўсмирни калтаклагани видеоси тарқалди.

Ушбу видеода машинада ўтирган йигитлар томонидан яширинча тасвирга олинган. Унда ҳарбий формадаги, қора маска таққан чегарачилар автомобилларни назорат қилаётгани кўриш мумкин. Аскарлар ёмон сўзлар билан сўкиб, фондаги овозлардан кимдир калтаклангани билиниб турибди. Шу пайтда машинадан ўсмир бола тушиб кетмоқчи бўлади. Унинг ортидан чегарачилардан бири «Ушла!» деб бақиради.

Кўп ўтмай ДХХ Чегара қўшинлари Фарғонада фуқаролар нима учун ниқобли ҳарбий хизматчилар томонидан калтакланганига муносабат билдирди. Унда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда мазкур факт бўйича хизмат текширувини ўтказаётгани, вазиятга ойдинлик киритилгач, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинганди.

«Лукойл»нинг миллатчи ходими

Ноябрь ойида интернетда тарқалиб кетган яна бир видео Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида содир бўлган воқеага оид.

Бу ерда Россиянинг «Лукойл» компанияси ходими Иван Шилов Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуасининг маҳаллий ишчиларини «баран» деб ҳақорат қилгач, бу ходим ижтимоий тармоқларда муҳокама марказида бўлди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу видео юзасидан муносабат билдириб, «Лукойл» компанияси вакилининг хатти-ҳаракатига жиддий эътибор қаратиш лозим»лигини таъкидлади.

Шунингдек, учта сиёсий партия бу мавзуни эътибордан четда қолдирмади.

Хусусан, «Адолат» СДП Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасига мувофиқ, «Лукойл» амалдорининг ҳаракатларини қонунчилик меъёрларига зид деб ҳисоблашини маълум қилиб, компания раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритишни сўраган.

Халқ демократик партияси бу ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилишини талаб қилди, ЎзЛиДеП шахс қадр-қиммати, унинг шаъни дахлсизлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро нормаларга мувофиқ олий қадрият ҳисобланишини эслатиб, компания раҳбариятидан инсон шаънига нисбатан қилинган бундай тажовуз иштирокчисига нисбатан кўрилган чора юзасидан яқин вақт давомида жамоатчиликка ахборот беришни сўради.

Якунда «Лукойл» компанияси Қашқадарё вилоятида компания ходими маҳаллий ишчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани юзасидан расмий баёнот бериб, ушбу ҳодиса бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани, ахлоқий қоидалардан четлашган Иван Шилов «Лукойл»нинг Ишбилармонлик этикаси бўйича комиссиясининг Москвадаги йиғилишига чақирилганини маълум қилди.

Журналистлар ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев можароси

Ноябрь ойининг яна бир унитилмас воқеаларидан бири 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш таҳдиди акс этган аудиоёзуви эди. Аудиода ҳоким журналистларни принципсизликда айблаган, ўғрилар жаргонида «бедолага», «петух» деб ҳақоратлаган, уларни гей деб эълон қилиш, маҳалла-кўйда юролмайдиган қилиб қўйиш билан таҳдид қилган, «йўқолиб қолиши» мумкинлигини эслатган.

Kun.Uz нашрининг энг фаол журналистларидан бўлган Зафарбек Солижонов ва Баҳодир Аҳмедов сўнгги воқеалар манзарасида сайтдан ишдан кетганини эълон қилиб, шаҳар ҳокимига: “Жаҳонгир ака Ортиқхўжаевга эса ўша гапни яна қайтараман. Мен итнинг боласи эмасман ва "последняя тварь" ҳам эмасман. Мен журналистлик билан шуғулланган юристман. Шунчаки, бу давлатда қонун ишлашини хоҳлагандим холос. Ғурурим эса отамдан мерос. У ҳаммасидан устун. Уни топташга ҳаққингиз йўқ. Лекин бир нарсани тушунинг. Бу жангда ҳеч ким ютмади. Айниқса сиз”, дея хитоб қилди.

Бош прокуратура «Жаҳонгир Ортиқҳўжаевнинг аудиосида реал таҳдид йўқлиги боис жиноят аломатлари мавжуд эмас» деб расмий нуқта қўйди.

Норозиликлар

​Ўзбекистонда совуқ кунлар бошланиши энергетика тизимидаги муаммоларни очиб ташлади. Бугунги кунда нафақат чекка ҳудудларда, балки катта шаҳарларда ва пойтахтда ҳам аҳоли электр энергияси, табиий газ, иситиш тизими ва бошқа муаммолардан азият чекмоқда. Ўтган ҳафтада бундай муаммолар турли ҳудудларда аҳолининг норозилик чиқишларига сабаб бўлди.

27 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида газ-заправка очилишини кутиб турган ҳайдовчилар ўзини «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ходими деб, заправканинг газ ҳисоблаш мосламасини олиб, заправкани «ўчириб кетгач», «Тошкент—Гулистон» йўлини тўсиб қўйгани тасвирланган видео тарқалди.

Шу куни Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида ҳам табиий газ етиб бормаётганидан норози бўлган «Қирантау» овул фуқаролар йиғинига кирувчи Шўртанбай овули аҳолиси йўлни тўсиб, покришкаларини ёқишди. Иккала ҳолатда ҳам мутасаддилар норози одамлар билан музокаралар ўтказиб, муаммони ҳал этишган.

28 ноябрь куни эса Андижонда газ ва электр узилишларидан чарчаган аҳоли норозилик билдириб, кўчага чиққани тўғрисида хабарлар тарқалди. Норозилик акцияси Андижон шаҳрининг «Далварзин» ва унга чегарадош Олтинкўл туманининг «Қўштепа» маҳалласида электр тармоғида кўп узилишлар бўлаётганлиги ҳамда табиий газ етказиб берилмаётгани ортидан келиб чиққанди.