Нурсултон Назарбоевнинг 29 ёшли набираси вафоти этди

Нурсултон Назарбоевнинг 29 ёшли набираси вафоти этди

Ойсултон Назарбоев (Фото: aisultan.nazarbayev / Facebook)

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Лондонда 29 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Zakon.kz хабар бермоқда.

Тахминларга кўра, йигит 16 августга ўтар кечаси юрак хуружига учраган.

Назарбоевнинг набираси ўлими ҳақида Қозоғистон Бош вазирининг мустақил маслаҳатчиси ва сиёсатшунос Ербол Едилов ҳам ўз Телеграм каналида хабар берган. Шунингдек, кечга яқин хабар йигитнинг онаси, Қозоғистон Сенатининг собиқ раиси Дариға Назарбоева томонидан ҳам тасдиқланди. 

"Биз учун жуда оғир бўлган пайтда жамоатчилик бизнинг қайтариб бўлмайдиган йўқотишимизни тушуниш ва ҳурмат қилишларига умид қиламиз", дейилади хабарда.

Ойсултон Назарбоев 1990 йил 26 августда Қозоғистоннинг биринчи президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ва марҳум бизнесмен Роҳат Алиев оиласида туғилган. Жаноб Алиев 2015 йил феврал ойида Вена қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган. 2007 йилда, Нурбанкнинг асосий акционери Алиев банк раҳбарларини ўғирлашда айбланган эди. Тергов маълумотларига кўра, у активларни қайта рўйхатдан ўтказишни талаб қилган. Роҳат Алиев Австрияга қочиб кетди ва у ерда 2014 йилда ҳибсга олинган. Қозоғистон уни топширишни талаб қилган эди. 

Ойсултон Британиянинг Сандхерст шаҳридаги Қироллик ҳарбий академиясини тамомлаган ва Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси таркибида ишлаган. 

2020 йил феврал ойида кичик Назарбоев Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилди. Собиқ президент набирасининг таъкидлашича, Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев ўлимидан сўнг, Ойсултоннинг онаси, Сенат собиқ спикери Дариға Назарбоева Алиев ва собиқ қайнотаси Қайрат Боранбаевга қарши "саҳна орти урушини" бошлаган. У Forbes журналининг маълумотларига кўра Қозоғистондаги энг нуфузли 50 ишбилармонлар рўйхатига кирган, у саккизинчи ўринда, унинг бойлиги 445 миллион долларга баҳоланмоқда.

Ойсултон Назарбоевнинг таъкидлашича, оила унга "ҳар томонлама" босим ўтказишга уринмоқда ва у "кескин чоралар кўриши керак". "Мен Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраяпман", - деб ёзган собиқ президентнинг набираси.

Кейинчалик, Қозоғистон ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Даурен Абаев мамлакатдаги коррупция ҳақидаги "ваҳийларни" муҳокама қилишдан бош тортди ва Ойсултон Назарбоев гиёҳвандлик учун даволанаётганини айтди.

2019 йил октабр ойида Буюк Британиянинг суди Ойсултон Назарбоевни полициячини тишлагани учун шартли жазога ҳукм қилди. Бу Скотленд Ярд ходими Назарбоевнинг набирасига ўз жонига қасд қилишига тўсқинлик қилган пайтда юз берди. Ойсултонга 18 ой ва 140 соат жамоат хизматидан иборат синов муддати тайинланган. Шунингдек, унга 6000 фунт стерлинг ($7 800) миқдорида жарима солинди.

Ойсултон Назарбоев олти йиллик футбол карерасига эга. У ўз фаолиятини 2006 йилда Австриянинг "Адмира Ваккер" клубида бошлаган. Уч ойни "Челси" академиясида ўтказди.

"Портсмут" ёшлар жамоасида ўйнаган Назарбоев Англия чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. 2011 йилда футболчи "Остона"нинг ўринбосарлар таркибида ўйнади. 2012 йил 21 октябрда у Қозоғистон чемпионатида ягона ўйинни ўтказди.

2017 йил феврал ойидан октябр ойигача Ойсултон Назарбоев Қозоғистон футбол федерациясининг Халқаро футбол федерацияси (ФИФА), Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) ва миллий федерациялар билан алоқалар бўйича вице-президенти бўлиб ишлаган.