Ўз уйингда ижарачисан

Ўз уйингда ижарачисан

Бу мақоладаги гаплар кўпқаватли уйларда яшайдиганларга тегишли, шунинг учун “ўз уйинг” деганда квартирани назарда тутамиз. Ҳа, ўз мулкимиз бўлган квартирамизда ижарачи – квартирант мақомида яшаяпмиз. Ҳар ойда, илгари ЖЭК, деб аталган, ҳозир эса, ТЧСЖ – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (қисқача, товарищество) деб аталган уюшмага фало-он сўмдан пул тўлаб тургандан кейин, ижарачи бўлмай, киммиз?! Тағин, “фало-он сўм” деганимиз биздан сўраб ўтирмасдан осмонга сакраб кетаётган бўлса!

Кейинги уч йил ичида бу тўловларимиз тез-тез сакраб кетадиган одат чиқарди. Илгари квартиранинг яшаш майдонидан келиб чиқиб, тўлаган бўлсак, энди умумий майдондан келиб чиқиб тўлаяпмиз (Каллага келган ҳар қандай фикрни қонунлаштириб олаверса бўлар экан-да? Умуман олганда, бу ишга қонун мақоми берилганмикин? Бу бизга қоронғи). Тўққиз қаватли уйларда бир квадрат метр майдон учун 2017 йилда 600 сўм тўлаган бўлсак, 2018 йилнинг 1-июлидан бошлаб 800 сўмдан тўлаяпмиз. Бу – ҳали ҳолва эканини сезиб турибмиз. Минг сўмга ҳам чиқади, ундан ҳам ошиб кетади, шекилли?

Бу ишларни ТЧСЖлар ўз ихтиёри билан қилаётганлари йўқ, ҳокимиятлар томонидан зуғум бўлаяпти, чунки улар учун мўмай даромад керак. Гап шунда-ки, ТЧСЖга аҳолидан тушадиган пулларнинг 30 фозини ҳокимият, ҳеч кимдан сўраб, расмийлаштириб ўтирмасдан, ТЧСЖнинг ҳисоб рақамидан ечиб олади. 2,5 фоизи эса, ТЧСЖлар идораси - ассоциацияси ҳисобига ўтади. Демак, 32,5 фоиз пулимиз “шиғғ” этиб юқоридагиларнинг чўнтагига тушаяпти. Бу – катта пул! Аҳолининг тинкасини қуритаётган тўловлардан биттаси “марказлашган иситиш” бўлса, иккинчиси - мана шу бўлади. Бундай тўлов 2002 йилда жорий бўлган ва ҳали-ҳануз давом этиб келаяпти ва янада илдиз отиб кетадиган кўринади. Чунки, шу йилнинг 4 январида “Тураржой бинолар коммунал инфраструктурасини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча тадбирлар ҳақида” деган, Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, ТЧСЖлар ишини юритиш учун қандайдир “бошқарувчи компания” билан шартнома тузиш тавсия этилади. Ҳа, тезроқ ташкил қилиш керак, шундай компанияларни! ТЧСЖдек “ёғлиқ жой”ни тезроқ эгаллаш керак! Ўттиз фоиз ҳам пулми? Қолган 70 фоизини ҳам қўлингларга олинглар!

Ўша Қарорда мана бундай сўзлар бор: “Тураржой майдонлари ва тураржой бўлмаган майдонлар мулкдорларининг мажбурий тўловлари миқдори кўпквартирали уй эгаларининг умумий мажлиси қарори билан белгиланади, лекин туман халқ депутатлари Кенгаши тайинлаган миқдордан кам бўлмаслиги керак.” Фейсбук тармоғида блогер Максим Черников ёзишича (ёзишига қараганда, жуда малакали юристга ўхшайди), Кенгаш бундай чеклов қўйишга ҳақи йўқ экан, демак, Қарор лойиҳасини тасдиқлаган ҳуқуқшунослар хатоликка йўл қўйишган бўлиб чиқади...

Ҳокимият 30 фоиз пулимизни капитал таъмир учун жамғарма сифатида олади ва бу пуллар, нимагадир, ҳокимиятнинг чўнтагида сақланиши керак эмиш. Капитал таъмир вақти келганда қайтариб берармиш. Қаранг, ҳозирги ёш болаларни ҳам бунақа усул билан алдашга уяласан, киши! Ўттиз йилдан бери яшаб келаётган уйимизда қувурлар алмаштирилганини ёки девор сувоқлар янгиланганини билмаймиз, лекин ташқи ва ички деворлар янгидан бўялгани, йўлакларга қулфланадиган эшиклар, видеокамералар қўйилгани рост. Шу ишлар учун ТЧСЖ тўлов миқдорини кўтаргани ҳам рост. Бажарилган ишлар капитал таъмирга кирадими, йўқми, буни мутахассислар ажрим қилишади. Умуман, китобларда, капитал таъмир, деб аталган ишларнинг ҳаммаси тураржой бинолари учун тааллуқли эмас (ишлаб чиқариш корхоналарининг йўли бошқа!). Бундан қатъи назар, пулни тўлаб ётибмиз! Капитал таъмир учун атаб, ҳокимият томонидан қандайдир материал ажратиб берилганми, йўқми, ТЧСЖ ходими ҳам тайинли бир гап айтолмади. 

Ҳозир бозор иқтисодиёти тўла кучга кирган давр, пул бўлса, исталган темир-терсак, қурилиш материаллари ва ускуналарини бир пасда топиш мумкин. Ҳамма нарса марказлашган ҳолда тарқатиладиган совет даври аллақачон ўтиб кетди, ҳокимият нима қилади “материалларни топиб бераман” дея бизни алдаб? Тўғри, ночор аҳволга тушиб қолган уйларга ҳокимият томонидан қандайдир маблағ ажратилиши ҳақида эшитганмиз. Бу гапларга ишониш мумкин. Бу масалада ҳокимият одамлари кўкрак кериб, оғиз тўлдириб гапиришади, гўё ҳокимият ўз чўнтагидан чиқариб берди ўша маблағни! Йўқ, ўз чўнтагидан эмас, бизга ўхшаган, кўпқаватли уй аҳолисидан 30 фоизлаб йиғилган пуллардан беришади! Мана, нима учун ҳокимият ТЧСЖларни ўз қўлида ушлаб туришдан манфаатдор! Йиғилган пуллардан қанчаси квартиралар эгасига қайтиб боради, бунисини ҳеч ким текшириб, тагига етолмаса керак? Ҳокимият ўша ўттиз фоизга илҳақ бўлмасин, капитал таъмир вақти келганда, ўзимиз, ўз уйимизда яшайдиган ширкат раиси билан биргалашиб, қоидалар ва меъёрларга қараб пул тўлайверамиз. 

Бошқарувчи компанияни уйларимизнинг аҳволи қизиқтирмайди, унга фақат пул керак! Ҳозир ишлаб турган ТЧСЖ раиси - биз билан бир уйда истиқомат қиладиган одам, ўз ўрнида қолади, шекилли, фақат компаниянинг иродасига буйсунадиган ижрочига айланади, бирор ишни бажариш учун компания пул ажратса, бажаради, бўлмаса, йўқ. Қувур ёрилиб кетган бўлса, сув оқиб ётаверади, чакка ўтса, ўтаверади. Хуллас, Ҳукумат Тошкентнинг Юнусобод туманида тажриба учун рухсат берган “бошқарувчи компания” анча тартиб келиб қолган бошқарув системасини алғов-далғов қилиб ташлаши ойдек равшан! “Квартплата”ларимиз қанча бўлиши аллақачон белгилаб қўйилибди: ҳар квадрат метр юза учун 1000 сўмдан 1400 сўмгача! Очофатларнинг дастидан, квартирамизни сотиб, бир парча ер илинжида чекка-чеккаларга қочиб кетамиз, шекилли.

Ўттиз фоизлик тўлов бекор қилинишини талаб қиламиз! Ҳокимият уйларингизни капитал таъмирлаб берамиз, дея бизга “ғамхўрлик” қилмасин! Бизга бошқарувчи компания керак эмас! Ўз ҳолимизга қўйинглар, ўзимизни ўзимиз эплаб яшашга қурбимиз келади!

Алиназар Хўжамбердиев
Меҳнат фахрийси, иқтисодчи