«Ўзавтосаноат» учун ҚҚС жорий этилиши билан бюджет қўшимча 443 млн долларга эга бўлади

«Ўзавтосаноат» учун ҚҚС жорий этилиши билан бюджет қўшимча 443 млн долларга эга бўлади

«Ўзавтосаноат» компанияси корхоналари қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилиниши муносабати билан бюджетга солиқ тўловларини 443 млн долларга оширади, дея хабар қилди «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов Газета.uz'га.

"Ўзавтосаноат" тузилмасида бугунги кунда 73 та корхона фаолият олиб бормоқда. 2018 йилда даромад 26,8 трлн сўмни (3,1 млрд доллар) ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 30,9 трлн сўмга (3,6 млрд доллар) етказиш режалаштирилмоқда.

Жорий йилда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилги 220,6 минг донадан 250 минг, юк машиналари ҳажмини эса 4237 тадан 5016 тага, автобусларни — 949 тадан 1674 тага ошириш режалаштирилмоқда. Импорт ҳажмининг 1,8 млрд доллардан 2,1 млрд долларга, экспорт эса 58,7 млн доллардан 151,1 млн долларга ўсиши кутилмоқда.

Йилнинг биринчи олти ойи давомида автомобилсозлик саноатида ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 154 фоизга — 120 минг дона автомобилга ошди. Олинган соф фойда миқдори 1,94 трлн сўм (226,1 млн доллар), тўланган солиқлар ҳажми эса 1,08 трлн сўмни (125,9 млн доллар) ташкил этди.

«Ҳозирда бутловчи қисмлар мижозлар пуллари эвазига олиб келинмаяпти. Авваллари нима учун автомобилларни узоқ кутишган? Чунки мижоздан пуллар олиниб, эҳтиёт қисмларга буюртма берилган, бир ой йиғилган ва сўнгра улар машиналарни олишган. Молиявий ҳолат яхшиланиши ҳисобига биз фойдани айланмага киритдик ва етказиб бериш муддатларини қисқартирдик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, долларнинг сўмга нисбатан курси 7800 дан 8550 сўмга ошгани ва барча имтиёзлар (1 январдан, ҚҚСдан ташқари) бекор қилинганига қарамасдан, нархлар ўзгаришсиз қолмоқда. Бунга 2018 йил бошида ишлаб чиқариш таннархининг 1,7 трлн сўмга камайтирилиши ҳисобига эришилди.

«Биз нархларни оширмадик, курс эса 10 фоизга пастлади. Автомобиллар нархи энг камида 5 фоизга ўсиши керак эди, аммо биз ўсишни тўхтата олдик», — дея таъкидлади Шавкат Умурзоқов.