Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича рейтингда энг охирги ўринлардан бирини эгаллади

Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича рейтингда энг охирги ўринлардан бирини эгаллади

Ирландиянинг Ookla компаниясига қарашли «Speedtest.net» интернет-сервиси Speedtest Global Index ҳар ойлик рейтингни эълон қилди, деб ёзади «Халқ сўзи».

Унда 2019 йил январь ойи якунлари бўйича бутун дунё бўйича мобил ва симли интернет тезлиги бўйича маълумотлар чоп этилди.

Мобил интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон 137 давлат ичида 129-ўринни эгаллади (8,80 Мбит/с). Бу ўтган йил сўнггидаги кўрсаткичдан 18 поғона пастроқ саналади. Симли интернет тезлиги бўйича мамлакат 177 давлат орасидан 131-поғонада қайд этилди (11,31 Мбит/с). Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон нақ 23-ўрин пастга тушиб кетди.

Қайд этиб ўтиш керак, мазкур компания янги йилдан рейтингга шу пайтгача рўйхатга киритилмаган давлатларни ҳам қўшган. Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг позицияларига таъсир кўрсатган.

Умумий рейтинг бўйича Исландия мобил интернет тезлигида (73,93 Мбит/с), Сингапур симли интернет тезлиги бўйича (197,94 Мбит/с) биринчи поғонадан жой олган.