Ўзбекистонда икки кун ичида ЙТҲлар натижасида саккиз киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда икки кун ичида ЙТҲлар натижасида саккиз киши ҳалок бўлди

Ўтган икки кун ичида бутун мамлакат бўйлаб рўй берган йўл-транспорт ҳодисаларида энг камида саккиз киши ҳаётдан кўз юмди. Ушбу ҳодисалар тўғрисида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

24 июль куни 11:40 да Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида «ВАЗ-2107» автомобилини бошқариб келаётган Амударё туманидан бўлган 33 ёшли И. Д. «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомагистралининг 844-километрида бетон симёғочга бориб урилди. Унинг йўловчилари — 20 ёшли Ж. Р. ва 21 ёшли С. А. — олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этди, ҳайдовчи ва 19 ёшли яна бир йўловчи А. А. шифохонага ётқизилди.

Худди шу куни 6:10 да Жиззах вилояти Зомин туманида 32 ёшли тошкентлик С. Х. «ВАЗ-21011» автомобилини бошқариб келар экан, «Жиззах — Зомин» автомагистралининг 37-километрида қарама-қарши томондан «Гулшан» қишлоғида яшаган 32 ёшли Ш. Т. бошқарувидаги Nexia машинаси билан тўқнашди.

Тўқнашув натижасида ёнғин келиб чиқди. «ВАЗ-21011» тўлиқ, Nexia эса қисман ёнди. Ҳар икки ҳайдовчи ҳам тан жароҳатлари ортидан ҳодиса жойида вафот этди. Nexia йўловчиси, ҳайдовчининг 61 ёшли отаси Ш. Т. шифохонага ётқизилди.

Сешанба, 23 июль куни 9:15 да Наманган вилояти Поп туманида Наманган туманида истиқомат қилган 66 ёшли Nexia А. А. автомобилида «Пунган — Наманган» йўлининг 26-километрида бошқарувни йўқотиб, 45 ёшли тошкентлик Ш. А. бошқариб келаётган бошқа Nexia билан тўқнашди.

Натижада Nexia ҳайдовчиси А. А.нинг 62 ёшли турмуш ўртоғи ҳодиса жойида оламдан ўтди. Ҳайдовчи, унинг бир ёшли невараси ҳамда иккинчи Nexia ҳайдовчиси Ш. А. шифохонага ётқизилди. Бироқ тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан, А. А. шифохонада вафот этди.

Худди шу куни 4:00 да Самарқандда «Ислом Эшонқулов» корхонасининг 27 ёшли ҳайдовчиси Ж. А. Ибн Сино кўчасида Nexia автомобилида қарама-қаршидан келаётган Пастдарғом туманидан бўлган 30 ёшли Л. Н. бошқарувидаги «ЗИЛ» юк автомашинаси билан тўқнашув содир этди.

Nexia ҳайдовчиси Ж. А. олган жароҳатлари оқибатида шифохонага олиб кетилаётганда вафот этди, унинг автомобилида бўлган 24 ёшли қариндоши П. А. эса ҳодиса жойида оламдан ўтди.

Барча ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.