Ўзбекистонда кўчма метан заправкалар пайдо бўлди

Ўзбекистонда кўчма метан заправкалар пайдо бўлди

Узоқ қишлоқларни газ билан таъминлаш ва автомобилларга компрессор станцияси бўлмаса ҳам газ қуйиш муаммоси ҳал қилинди, деб хабар қилмоқда "Ўзбекнефтегаз" АЖ.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида "Ўзбекнефтегаз" ва Кореянинг NK Group компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган UNG Enk Mobile компанияси томонидан кўчма газ қуйиш ва газ жамлаш аккумулятор станцияларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Ўзбекнефтегаз” хабарида айтлишига кўра, ушбу кўчма газ қуйиш станциялари ҳудудий тадбиркорларга жуда қўл келиши мумкин. Улар ўз ҳудудларидаги вазиятни яхши тушунган ҳолда, қаерга ана шундай газ тўлдириш станциялари кўпроқ кераклигини яхши тушунишади. Масалан қишлоқ хўжалик ишлари авжига чиққан мавсумда ана шундай станциялар далалар яқинларида ўрнатилиши мумкин.

Синов тариқасида ушбу йил бошида Кореядан Ўзбекистонга иккита ана шундай кўчма газ тўлдириш станцияси сотиб олинган эди. Улар Тошкент вилоятида далаларда иш мавсумида қишлоқ хўжалик техникасини сиқилган табиий газ билан таъминлашди.

Кўчма газ қуйиш аккумулятор станцияси бир мартада 5000 кубметргача газ олиб келиши ва 30та тракторни заправка қилиши мумкин. Компания сайтида айтилишига кўра, юк автомобили прицепи шаклида ясалган станция нархи 203 000 шартли бирлик (доллар бўлса керак).