Ўзбекистонда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг маошлари кескин оширилди

Ўзбекистонда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг маошлари кескин оширилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матнини Президент матбуот хизмати келтирди.

Унга кўра, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий лавозим маошлари миқдорларини табақалаштирилган ҳолда:

- олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг — ўртача 25 фоизга ва стажёр-ўқитувчи ҳамда фан доктори илмий даражасига эга профессор иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовутни икки бараваргача ошириш;

- илмий-тадқиқот муассасаларининг фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини амалга ошириш ва инновация ишларида иштирок этаётган илмий ходимларининг — ўртача 25 фоизга ва стажёр-тадқиқотчи ҳамда фан доктори илмий даражасига ва профессор илмий унвонига эга бош илмий ходим иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовутни икки бараваргача ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгилаб қўйилдики, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

- базавий докторантурада таълим олаётган шахсларга — илмий унвон ёки илмий даражага эга бўлмаган (2 йилгача илмий фаолият тажрибасига эга бўлган) кичик илмий ходимнинг лавозим маоши базавий миқдорларига тенглаштирилган стипендиялар;

- докторантурада таълим олаётган шахсларга — фан номзоди (ёки фалсафа доктори (PhD) даражасига ва хорижий давлатларнинг тегишли мутахассислик бўйича унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) илмий даражасига ёки илмий унвонга эга бўлган етакчи илмий ходимнинг лавозим маоши базавий миқдорларига тенглаштирилган стипендиялар тўланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси 1 июлгача олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек, бошқа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошларини, илмий-тадқиқот муассасаларининг фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурлари лойиҳаларини амалга ошириш ва инновация ишларида иштирок этаётган илмий ҳамда раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошларини ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда бюджет маблағлари ҳисобидан қайта кўриб чиқиши лозим бўлади.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юкланди.