Ўзбекистонда таълим тизими коррупциядан тозаланмоқда

Ўзбекистонда таълим тизими коррупциядан тозаланмоқда

Халқ таълими вазирлигида таълим бериш масалаларида учрайдиган қонунбузарликни республиканинг ихтиёрий нуқтасида бўлса ҳам тезкорлик билан аниқлаб уларга чек қўйилмоқда. Мажбурий меҳнат, мажбурий обуна, мажбурий билет сотиш ва бошқа ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини бузаётган ишларга барҳам беришда Вазирликнинг ҳуқуқий-назорат бўлими катта ишлар қилиб келмоқда. «Дарё» таҳририяти бугундан Халқ таълимида учраётган кўнгилсиз қонун бузилишлар қай тарзда батараф этилаётганлиги ҳақида Ҳуқуқий-назорат бўлими билан ҳамкорликда туркум мақолалар қўйиб боришни режа қилдик.

Фото: Архив

Минг бир китоб қани?

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ш. Б., бош ҳисобчи А.А. ва «МДП» масъулияти чекланган жамияти раҳбари О.Х. ўз мансаб лавозимини суистеъмол қилиб, ўзаро тил бириктирган ҳолда Ўртачирчиқ туман халқ таълими бўлими ахборот-ресурс марказининг кутубхона фондига 25 006 000 сўмлик 3562 дона бадиий адабиётларни етказиб берилишида 8 184 000 сўмлик бадиий адабиётларни камомадига йўл қўйилганлиги фош этилди. Ўрганиш натижаларидан сўнг, таъминотчи томонидан етказиб берилмаган 1028 дона 8 184 000 сўмлик бадиий адабиётлар камомадидан 563 дона 4 175 000 сўмлик бадиий адабиётлар натура шаклида Ўртачирчиқ туман халқ таълими бўлими ахборот ресурс марказининг кутубхона фондига етказилиши таъминланди.

***

Сифатлиси уйга, қўлболаси мактабгами?

Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари яна бир қонунбузарликни аниқлади.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги туман, шаҳар халқ таълими бўлимларининг махсус таъмирлаш-эксплуатация хизматларини асбоб-ускуналар билан таъминлаш ниқоби остида бошқарма бошлиғи Ш.Б., бош ҳисобчи А.А., таъминотчи «ЎС» масъулияти чекланган жамият раҳбари К.Б. билан ўз мансаб лавозимини суистеъмол қилиш йўли билан бойлик орттириш мақсадида тил бириктирган.

Бу келишувга асосан таъминотчи 38 комплект 103 968 000 сўмлик сертификатга эга газ пайвандлаш ускуналари ўрнига, муқаддам ишлатилган, сертификатсиз, қўлда ясалиб бўялган, сифатсиз ва яроқсиз, ҳаёт учун хавфли (қўлбола) газ пайвандлаш ускуналарни етказиб берганлиги, ўз навбатида бу ускуналар туман халқ таълими бўлимларига ҳужжатларсиз тарқатилиб юборилганлиги халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари томонидан аниқланди.

Инсон ҳаёти ва хавфсизлигига хавф солувчи ускуналар халқ таълими бўлимларидан қайтариб олинди. Шу билан бирга, етказиб берувчидан натура шаклида 103 968 000 сўмлик 38 комплект янги газ пайвандлаш ускуналарини бошқармага етказиб берилиши таъминланиб, муқаддам ишлатилган сифатсиз ва яроқсиз (қўлбола) газ пайвандлаш ускуналарининг халқ таълими муассасаларига сотилишига чек қўйилди.

Ҳурматли муаллимлар, сизнинг таълим тизими соҳасида ҳуқуқингиз бузилмоқдами? Таълим тизимида ноқонуний ишларга гувоҳ бўлмоқдамисиз? Ҳуқуқий-назорат бўлими сизлардан бундай ишларни фактлар асосида @ustozd Telegram каналига маълум қилишингизни сўрайди. Бу билан сиз жамиятни коррупция, таъмагирлик ва бошқа шу каби иллатлардан тозалашга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

(фотосуратнинг мақолага алоқаси йўқ)