Ўзбекистондаги энг талаб катта бўлган олийгоҳлардан бири ёпилади

Ўзбекистондаги энг талаб катта бўлган олийгоҳлардан бири ёпилади

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали ёпилади. Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, олийгоҳ фаолияти 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич тугатилади. Филиал талабаларига ўзлари ўқиётган йўналиш бўйича таълим олишни шу ерда тугатиш имконияти берилади.

Ҳозирча олийгоҳнинг ёпилиш сабаблари маълум қилинмади. Аммо Иқтисодиёт ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ана шундай таклиф билан чиққанликлари маълум.

Мазкур ўқув юрти 1998 йилда Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг Фарғона филиали сифатида ташкил этилганди. 2005 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига айлантирилган.

Кейинги беш йил давомида олийгоҳ энг талаб катта бўлган ҳудудий ўқув юртларидан бири бўлиб келганди — бу ерда бир ўринга 20 нафардан абитуриент тўғри келган.

Бўлажак талабалар хавотирга тушишмаса ҳам бўлади. 2017 йилда Ўзбекистонда бир нечта нуфузли олий таълим муассасалари пайдо бўлади. Тошкентда АҚШнинг Вебстер университети очилади. Олмалиқда Москва пўлат ва қотишмалар институтининг Миллий тадқиқот технологик университети филиали ташкил этилади.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети Тошкент филиалининг тайёрлов маркази иш бошлайди.

Мамлакатда яқин вақт ичида жами бўлиб бешта янги олийгоҳ ҳамда 16та университет ва институтда 12 йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш режалаштирилган.