Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонликлар қачонгача Қозоғистон самолётлари орқали хорижга парвоз қилади?
18.07.2019 14:03,  
543

Маълумотларга кўра, ҳозирда кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаблари нимада? Аслида миллий авиакомпаниямиз халқимизга бошқа компанияларга нисбатан энг қулай хизматларни тақдим этиши керак эмасми?

Шулар хусусида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ахборот хизмати мутахассиси Феруза Қурбонова билан суҳбатлашдик.

Фақат ички йўналишда монополдир

— Аҳоли орасида“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг чипталари нархи бошқа халқаро авиакомпанияларникига нисбатан анча қиммат ва мавсумий йирик чегирмалар кузатилмайди, деган тушунча мавжуд, — дейди Ф.Қурбонова. — Аслида авиақатновлар авиачипталарни брон қилиш тизимининг анча мураккаблиги ҳамда бизнес ва иқтисод классларидан ташқари янада кўпроқ турларни ўз ичига олишини кўпчилик йўловчилар билмайди. Мазкур тизим ўз ичига энг арзондан тортиб, энг қимматгача, 12 та тарифни олади ва барча авиаташувчиларда шундай тизим мавжуд. Ўзбекистонга 2018 йилда парвозларни амалга оширган авиакомпаниялар сони, 2017 йилга солиштирганда, 14 тадан 18 тагача (28 фоиз) кўпайди. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган рейслар сони эса 6833 тадан 9657 тага қадар (41 фоиз) ортди. Халқаро авиаташувлар бозорида “Uzbekistan Airways”дан ташқари, дунёнинг тўққиз мамлакатидан Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа аэропортларига мунтазам қатновларни йўлга қўйган 18 та хорижий авиакомпания фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирда 63 та халқаро йўналиш бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. 2019 йилдан бошлаб Fly Dubai (БAA) ва Buta Airways (Азарбайжон) каби лоукостер авиакомпаниялар Ўзбекистонга парвоз қилишни бошлади. Россиядан паст бюджетли авиакомпаниялар тамойили асосида Red Wings, NordWind ва Yuteyr парвоз қилмоқда. Булардан кўриниб турибдики, ўз-ўзидан рақобатлар ҳам кўпаймоқда.

Шуни таъкидлаш мумкинки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фақатгина ички йўналишларда ягона авиакомпания, яъни монополдир. Агар кимдир мамлакат ичида ташувларни ташкил этиш бўйича таклиф билан чиқса, бунга миллий авиакомпания қаршилик қилмайди. Ҳозирча бундай таклиф бўлгани йўқ.

Авиачипталар нархи нималарга боғлиқ?

Юртимизда 11 та аэропорт мавжуд бўлиб, улар халқаро мақомга эга. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят аэропортларидан 9302 та қатнов амалга оширилиб, 969 427 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Баъзан чартер қатновлар ҳақида тушунмовчиликлар келиб чиқади. Чартер нима ўзи? Чартер қатновлари сайёҳлик операторлари томонидан сайёҳлик мавсуми давомида ташкил этиладиган жараён. Мунтазам қатновлар эса авиакомпаниялар томонидан ташкиллаштирилади. Ёз мавсумида маҳаллий сайёҳлик агентликлари чартер қатновларига буюртма бериш учун Миллий авиакомпанияга мурожаат қилишади. Авиакомпания мажбуриятига самолёт, учувчи таркиби ҳамда парвоз хавфсизлигини таъминлаш киради. Йўловчилар учун авиаташувнинг якуний нархланиш масаласи билан сайёҳлик агентликлари шуғулланади. Чартер қатновининг асосий буюртмачиси жойларнинг бир қисмини бошқа сайёҳлик агентликларига сотишга ҳақли. Жорий йилнинг ёзидан саёҳат агентликлари билан биргаликда Шарм-эл-Шайхга арзон нархлардаги йўлланмаларни таклиф қилаётган “AlMasria” (Миср) чартер авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўйди.

Қайд этилган авиакомпанияларнинг парвозлар географияси ва қатновлар сонига қараб, аксарият йўналишларда биз улар билан тенглик асосида ишлаётганимизга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Яъни хорижий авиакомпаниялар ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан у ёки бу шаҳарга амалга оширилган қатновлар сони бир хил. Йўловчиларда эса танлаш имконияти мавжуд. Йўналишларда бевосита рақиб бўлмаган ҳолатда хорижий авиакомпаниялар муқобил, яъни альтернатив сифатида транзит ташувларни таклиф этмоқда.

Шунингдек, Ҳиндистон, Франция, Германия, Италия, Латвия, АҚШ, Япония ва бошқа мамлакатларнинг авиаташувчилари Ўзбекистонга тенглик асосида қатновларни амалга ошириш учун тўла ҳуқуққа эга ва мамлакатимиз юридик жиҳатдан уларга рад жавобини бермайди.

Фуқаро қанча вақтлироқ, яъни олдинроқ авиачипта сотиб олса, билет шунча арзонга тушади. Қатнов куни яқинлашгани сари тарифлар қимматлашади. Ҳар бир класс учун авиачипталар нархи, қоидага кўра, олдиндан тасдиқланади ва нарх кейинчалик ўзгармайди.

МАКнинг ички йўналишлар бўйича режаларига қайтган ҳолда, таъкидлаймизки, ҳозирги вақтда қатновлар сонини ошириш ва тарифларни қўшимча оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Хавфсизлик — биринчи ўринда

Миллий авиакомпанияда мавсумий чегирмалар йўқ, деган тушунча нотўғри. Муайян даврларда (парвоз йўналиши, талаб ва қатновнинг мавсумийлигига қараб), авиакомпания қиммат классларни бронлашнинг маълум бир қисмини арзонроқ тарифга ўзгартиради ва бу уларнинг нархи пасайишига олиб келади. Натижада аксарият йўловчилар билетларни минимал нархларда сотиб олиш имкониятини қўлга киритади, бу эса чегирма билан тенглаштирилган. Агар халқаро қатновлардаги авиачипталарнинг нархига тўхталадиган бўлсак, ҳозирда кўплаб йўналишларга (Москва, Санкт-Петербург, Қозоғистон, Сеул, Душанбе) қатновлар сони оширилди ва барча турдаги харажатлар(авиация керосинлари, аэропортлар авиакомпания тўловлари) ошганига қарамасдан, миллий авиакомпания ўз тарифларини пасайтирмоқда. Россия Федерациясининг шаҳарларида ишлаётган юртдошларимиз учун мавжуд тарифлар бўйича 50 фоизгача чегирмалар тақдим этилмоқда.

Ўтган йили авиакомпания томонидан тақдим этилган чегирмаларда Россия давлатига вақтинчалик ишлаш учун кетган шахсларга тежамкор класс минимал тарифдан 20 фоиз миқдорида(жами 48,9 млрд. сўмлик 33450 дона чипта сотилган бўлиб, ушбу тоифадаги жисмоний шахсларга берилган чипталар 9,9 млрд. сўмни ташкил этади), Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисига 50 фоиз миқдорда нархлар пасайтирилди.

Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш учун маҳаллий йўналишларда “Индивидуал йўловчилар” — 30 фоиз, “Оила” — 50 фоиз, “Талаба” ва “Турист” — 40 фоиз чегирмаларини тақдим этиш тизими қўлланилмоқда.

Кейинги пайтда Чимкент аэропорти хизматидан фойдаланиш кенг тус олмоқда. Тўғри, Чимкентдан парвоз қилиш арзонга тушади. Аммо ўзимиздан парвоз қилишнинг ҳам қулайликлари бор. Миллий авиакомпаниямиз қатновларида Истанбулдан исталган классда келадиган йўловчининг 30 килограмм ўлчамли пулсиз юк лимити мавжуд. Чимкентдан парвоз қилувчилар учун бундай лимит кўрсатилмаган. Шуни таъкидлаш жоизки, МАК йўловчиларга чипталарни қайтариш ва парвоз вақтини ўзгартириш имконияти каби “кенг” хизмат турларини тақдим этади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси хавфсизликни таъминлаш мақсадида авиапаркни мунтазам янгилаб келмоқда. Мавжуд самолётларимизнинг ўртача ёши 10 йилни ташкил этади. Ўзбекистон аҳолиси муқобил равишда фойдаланаётган қўшни мамлакатлар авиаташувчиларининг самолётлар парки эса анча эскирган. Мисол учун, Чимкент—Истанбул авиақатновларини амалга оширувчи самолёт тахминан 18 йилдан ортиқ вақт давомида эксплуатация қилинмоқда.

Хулоса ўрнида

Авиакомпания ўзининг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида қанчалик тушунтиришга уринмасин, мавжуд камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Авиачипталар нархи аҳоли орасида кескин норозиликларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда ҳар қандай киши учун ҳаводаги қулайликдан кўра, арзон учиш муҳимдир. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун жаҳон андозаларига таяниб, рақобат асосида ишлаш даври келгани яққол кўриниб турибди. Шундагина фуқароларимиз учун парвоз қилиш, чўнтакбоп саёҳатларга чиқиш муаммога айланиб қолмасмиди?!

Нилуфар ЮНУСОВА.

Манба: “Маҳалла“ газетаси

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан