Очлик эълон қилган бухоролик тадбиркорнинг ўғли ва синглиси маъмурий қамоққа олинди

Очлик эълон қилган бухоролик тадбиркорнинг ўғли ва синглиси маъмурий қамоққа олинди

Бухорода очлик эълон қилган, қамалишида вилоят ҳокимини айблаган 17 йиллик тадбиркор Р.Ходжаев фирибгарликда айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди. 20 сентябрь куни соат 11:30 ларда бундан норози бўлган Р.Ходжаевнинг яқин қариндошлари Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди биноси олдида тартибсизлик уюштириб, жамоат тартибини бузган. Улар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган, деб хабар беради «Xabar.uz».

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194, 195, 201-моддаларига асосан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари суд томонидан кўриб чиқилиб, Р.Ходжаевнинг ўғли ва синглисига 3 сутка маъмурий қамоқ, хотини, жиянларига энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима тайинланган.

Р.Ходжаев ким ўзи?

Бухорода 17 йиллик тадбиркор Р.Ходжаев очлик эълон қилгани Facebook’даги гуруҳларда тарқаб кетганди. Таъкидланишича, Р.Ходжаев ноҳақлик оқибатида ўзини ўлдириш учун очлик эълон қилган.

«Бу қандай кўргулик. 2-гуруҳ ногирони Р.Ходжаевни, пенсия ёшидаги инсонни шунча милиция қўриқлаб бориши шартми? Лекин, исботланмаган 168-модда билан айбланмоқда. Унинг қамалишида ва хусусий мулкини тортиб олинишида Бухоро ҳокими Ўктам Барноев бош айбдор эканини айтди», деб ёзади пост муаллифи.

Кейинроқ ушбу вазиятга Бош прокуратура расмий муносабат билдирган. Маълум қилинишича, Р.Ходжаев бир фуқарога уй-жой қуриш учун «И.Фозилов» МЧЖ ҳудудидан ер ажратиб бериш эвазига ундан 17 500 доллар олган. Бироқ участка ажратмаган ва пулларни ҳам қайтармаган.

Воқеа юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси июль ойида МЧЖ таъсисчиси Р.Ходжаев ва жамият раҳбари М.Гулямовага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатган.

Ўтказилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Р.Ходжаев М.Гулямова билан жиноий тил бириктириб, бўш ер майдонлари ҳақидаги маълумотларни яшириш орқали, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларига муҳтож бўлган бир неча фуқароларга 2015—2016 йиллар давомида ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда фирибгарлик йўли билан 88 000 долларга сотгани аниқланган.

Терговга жалб қилинган Р.Ходжаев асоссиз равишда бўйин товлаб, яшириниб келган. Шу сабабли, Р.Ходжаев вилоят прокуратурасига мажбурий тартибда келтирилиб, суд ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.