Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Қуруқ гап билан чегараланмасдан, халққа ёрдам берилиши керак. Одамлар ҳали ҳукуматга кўп керак бўлади» – 20 кунлик карантин ҳақида
10.07.2020 10:58,  
1125

Телеграмдаги Davletovuz канали муаллифи «Карантин ўринли» сарлавҳали постида Ўзбекистонда яна қатъий карантин жорий этилиши муносабати билан аҳолининг ижтимоий заиф қатламини моддий қўллаб-қувватлаш зарурати пайдо бўлгани ҳақида сўз юритди.

"20 кунлик кучайтирилган карантин, қанчалик оғир бўлмасин, ҳозирги шароитда энг тўғри йўл бўлиб турибди. Давлатни истаганча танқид қилиш, қоралаш мумкин, бу ишни ҳаммамиз қиляпмиз ҳам. Лекин ҳамманинг ҳаёти ўзига ширин. Худо кўрсатмасин, вирус бирор яқинимизни олиб кетганда, кимнидир айбдор қилишда маъно қолмайди. Ҳаётингиз учун фақатгина ўзингиз қайғурадиган пайт. Нафақат вирус, эрта-индин кўзи ёриши керак бўлган минглаб ҳомиладор аёллар, мунтазам тиббий ёрдам олиши керак бўлган минглаб беморлар ҳам юрагини ҳовучлаб ўтирибди. Зарур пайтида роддом ёпиқ бўлса ё жой бўлмаса, ҳаётий зарур даволаниш учун тиббий ёрдам оладиган касалхона бошқа беморлар учун ажратилган бўлса — бу ўша инсонлар учун фожиадек гап. Ўзинг учун ўл етим ҳолати. Чунки касаллик авж олса ва бошқарувдан чиқиб кетса, ит эгасини танимай қолади. Бу масаланинг биринчи тарафи.

Иккинчи масала. Кучайтирилган карантин шароитида қийин аҳволга тушиб қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи яна кун тартибига чиқди. Тўғри, пишиқчилик — март, апрелдагидек ваҳимали эмас. Лекин даромадсиз, пулсиз ўтирган оилалар барибир давлатдан ҳеч қурса 500 минг сўмдан ёрдам олиши керак. Энг муҳими, ҳукумат 20 кунлик карантин даври учун ижтимоий кўмак масаласи қандай бўлишини очиқлаши, айтиши лозим. Шу пайтга қадар ҳеч ким бу ҳақда гапирмаяпти. Халққа мужда ва ёрдам берилиши керак. Қуруқ гап билан чегараланмаслик керак. Модомики одамларга ёрдам берилмас, бундай ёрдам берилишини давлат баралла айтмас экан, одамларда умидсизлик пайдо бўлади, ижтимоий кескинлик юзага келади, аҳоли кайфияти ёмонлашади. Аҳолининг кайфияти ўрганилиши, тезкор реакция билдирилиши лозим. Ҳечқиси йўқ, 20 кун ўтиб кетади, деган тасаввурга берилмаслик керак. Одамлар ҳали ҳукуматга кўп керак бўлади.

Аҳолига ёрдам беришнинг Қозоғистон, Россия вариантларини қўллаш мақсадга мувофиқ. Масалан, Россияда ижтимоий ёрдамнинг асосий қисми — болалар принципи орқали тарқатилди. Натижада биргина июль ойининг бошида 16 ёшгача бўлган 28 миллион бола учун ёрдам пули берилди. Қозоғистонда эса карантин туфайли даромад йўқотилиши асос бўлди. Ёрдам тўғридан тўғри мурожаат орқали (онлайн, офлайн) ортиқча бюрократиясиз фуқароларнинг ҳисоб рақамига ташлаб берилди. 

Назаримизда, бизнинг ҳукумат ҳам Инқирозга қарши чоралар жамғармасининг озгина қисмини муҳтож одамларга йўналтириши керак. Шундоқ ҳам жамғарма маблағлари монополлар, шубҳали ташкилотларга берилмоқда, айрим ташкилотлар томонидан ажратилган маблағлар талон-торож қилинаётгани ҳақида ҳам вақти-вақти билан ўқиб турибмиз. Барибир жамғармага жалб қилинган маблағларни келажакда халқимиз чўнтагидан қайтарилади. Шундай экан муҳтож одамларга пул берилиши тўғри, ўринли ва адолатли қарор бўлади. Ҳарқалай шундагина одамларимиз еган сомсасига пул тўлаган бўлади. Мабодо эртага пул тарқатишда 500-1000та фирибгарлик ҳолати аниқланган тақдирда ҳам фожиа эмас. Ўшанда ҳам нафси ҳакалак отган айрим мансабдорлар талон-торож қилаётган суммадан кам бўлса керак. 

Шу ўринда яна бир гап. Муҳтож оилаларга ёрдамни озиқ-овқат, шундоқ ҳам силласи қуриётган тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширмаслик керак. Бўлди, улар чарчади" - дейди блогер.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан