“Одамлар сиз – оммавий ахборот воситалари туфайли қўрқувга тушяпти”. Коронавирусдан ҳалок бўлиш даражаси мавсумий гриппники билан деярли тенг

“Одамлар сиз – оммавий ахборот воситалари туфайли қўрқувга тушяпти”. Коронавирусдан ҳалок бўлиш даражаси мавсумий гриппники билан деярли тенг

©️ EPA

Бир ойдан ортиқ вақтдан бери дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари Хитой коронавируси ҳақидаги сўнгги хабарлар билан тинимсиз таништириб боряпти. Энг сўнгги маълумотларга кўра, бу вирус пайдо бўлган охирги икки ой ичида ҳаммаси бўлиб 2 130 киши унинг қурбонига айланди.

Улардан фақат 101 нафари вирус ўчоғи бўлган Ҳубей провинциясидан ташқарида ва атиги 11 нафари Хитой ташқарисида – Ҳонгконг (2 киши), Эрон (2), Diamond Princess саёҳат кемаси (2), Франция (1), Япония (1), Филиппин (1), Жанубий Корея (1) ва Тайванда (1) вафот этди.  

 Айни вақтда АҚШнинг ўзида қиш бошланганидан буён 10 мингдан ортиқ киши оддий грипп туфайли ҳаётдан кўз юмди. Умуман олганда, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра ҳар йили мавсумий грипп сабабли 290 мингдан 650 минггача инсон вафот этади. Биргина Англияда ҳар йили гриппдан ўртача 17 минг бемор ўлади. 

2009 йили АҚШнинг Калифорния штати жанубида чўчқа гриппи тарқалиши бошланган бўлса, эпидемиянинг биринчи йили давомида H1N1 вирусидан зарар кўрганларнинг умумий сони 150 мингдан 500 минггача деб ҳисобланган.     

Уханда пайдо бўлган Хитой коронавирусидан қўрқиш керакми, у биз учун қанчалик хавфли

Ўлим даражаси

Албатта, касалликнинг хавфлилигини аниқлаш учун ундан ўлганларнинг рақами билан солиштириш унчалик тўғри эмас. Масалан, 2009-2010 йилларда тарқалган чўчқа гриппидан турли ҳисоб-китобларга кўра Ер юзи аҳолисининг 10-20%и касалланган. Худди шу манзарада қурбонлар сони ярим миллион кишига етганда ҳам унчалик қўрқинчли кўринмасди. 

Аммо, барибир, касалликдан ўлганлар даражасини солиштиришда фойда бор – касалланганларнинг умумий сонидан қанчаси вафот этаётганини билиш муҳим.      

Статистикага кўра, чўчқа гриппи каби глобал эпидемиялар ўртача ҳар 25 йилда бир марта юз беради ва ҳар 100 минг касалланган кишидан 10-20 нафари вафот этади. (0,01 – 0,02%)

Айни кунларда Хитой коронавирусидан ўлиш даражаси одатий ҳолатдан икки баравар кўпроққа ўхшайди: касалликдан зарарланган биринчи 100 минг киши ҳисобига 2 000 дан ортиқ қурбон тўғри келяпти, яъни, тахминан 2%.

Умуман олганда, турли хил тадқиқотларга кўра Covid-19 вирусидан ўлим даражаси 0,5% дан 4%гача бўлиши мумкин. 

Бу кўрсаткичлар одатдаги мавсумий вирусларники билан тўлиқ бир хил. Россия Эпидемиология ва микробиология институти профессори Виктор Зуевнинг сўзларига кўра, “мавсумий грипп инфекциясидан ўлим ҳолати худди шундай нисбатда ёки бироз юқори ҳам бўлади”.

©️ EPA

 

Шу билан бирга коронавирусдан фарқли равишда оддий гриппга жуда камдан-кам ҳолатда лабаротория шароитида ташхис қўйилади. Covid-19 бўйича расмий статистика эса беморнинг аҳволи оғирлашиб, унга лабаратория ташхиси зарур бўлганидан кейингина юритилади. 

Кўпчилик мутахассисларнинг қатъий фикрича, коронавирусдан зарарланган ўн минглаб одамлар ўзларида оғир аломатлар кўринмагани учун шифокорларга мурожаат қилмаган. Яна баъзилари эса касал бўлганини ҳам тушуниб етмаган бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, коронавирусдан “расмий” ўлим даражаси анча ошириб юборилгани эҳтимоли бор.          

Айни вақтда, бу кўрсаткич айтилаётганидан юқорироқ бўлиши ҳам истисноли ҳолат эмас. Шуни унутмаслик керакки, ҳозиргача касаллангани расман тасдиқланган 75 мингдан ортиқ инсоннинг фақат 22%и тузалган бўлса, қолган 78%и ҳалигача беморлигича қоляпти –  улардан қанчаси тўлиқ тузалиб чиқишини тахмин қилишимиз мумкин, холос.

Гарчи исталган касалликнинг оммавий тарқалиши деярли ҳар доим дастлаб ўта жиддий кўринса ҳам охир-оқибатда оддий сабаблардан келиб чиққани маълум бўлади. Аммо мана шундай оғир касалликлар кўпроқ диққатни жалб қилади. 

Ҳарвард университетидан эпидемиолог Марк Липсич H1N1 чўчқа гриппи тарқалган биринчи ойларда ҳар ўн нафар бемордан биттаси вафот этганини эслайди. Бу ҳолат вирусдан зарарланганларнинг жуда кўпчилиги касалликни оёқда туриб ўтказиши ва ҳатто шифокорга мурожаат қилмаслиги маълум бўлгунича давом этган. Кейинроқ ушбу ҳолат умумий статистикага қўшилганида ўлим даражаси бирданига 0,1%гача тушиб кетган. (Яъни, чўчқа гриппи юқтирганлар сони расман рўйхатга олинганидан анча кўплиги юзага чиққач, ундан ўлаётганлар нисбати умумий миқдор олдида ўта пастлиги маълум бўлган.)

Солиштириш учун, 2003 йили SARS (атипик зотилжам) эпидемияси вақтида ўлим даражаси қарийб 10%ни ташкил қилган; Яқин Шарқ респиратор синдромидан (MERS) эса касалланганларнинг ўртача ҳар уч нафаридан биттаси вафот этган. Шундай экан, Covid-19 вируси ўлим даражаси бўйича ўзининг ўтмишдошларидан анча ортда қолиб кетган.

Хўш, бу касаллик қўрқишга арзийдими?

Исталган касалликнинг хавфини кўрсатувчи яна бир муҳим белги – унинг зарарлилиги, яъни, вирусни ташувчи одам яна қанча инсонни зарарлашга улгуриши саналади. Бунда ҳатто касаллик енгил шаклда ва ҳеч қандай белгиларсиз ўтиши ҳам ҳисобга олинади. 

Шу нуқтаи назардан қараганда Covid-19 амалда мавсумий гриппдан хавфлироқ. Агар “оддий” вирус билан касалланган 10 киши ўртача яна 13 кишини зарарлантириши (1,3 бараварга кўпайиши) мумкин бўлса, хитойлик тиббиёт ходимларининг ҳисоб-китобларига қараганда коронавирус билан касалланган 10 киши 22 кишини зарарлашга улгуради (кўпайиш кўрсаткичи 2,2 баравар). 

©️ AFP

 

Россия Экспериментал тиббиёт институти бош вирусологи Лариса Руденко “касалланганлар билан алоқада бўлганлар учун вирус жуда ҳам хавфли” деган фикрга эътибор қаратади.          

“Кўринишидан худди Япониядаги саёҳат кемасида (Diamond Princess) бўлганидек ҳатто шамоллатиш тизими орқали ҳам бу вирус билан касалланиш мумкин. У ерда касалланганлар ўзаро алоқа қилмаган, улар ҳеч қаерга чиқмаган, аммо, барибир, касал бўлишди. SARS эпидемияси вақтида ҳам Ҳонгконгда кўпқаватли уйларнинг юқори қаватларида яшовчилар шамоллатиш тизими орқали қуйи қаватлардаги беморлардан вирусни юқтириб олган. Касалликнинг ҳаво-томчи орқали ўтиши жуда хавфли”, дейди у. 

Бироқ SARS вирусидан зарарланиш даражаси анча юқори – 3 баравар атрофида бўлган (бир киши уч кишини касаллантирган), қизамиқда эса бундан ҳам баланд – 12 баравар. 

Айнан шунинг учун ҳам бу каби касалликдан зарарланганлик ҳақида гумон пайдо бўлса, карантин қилиш муҳим бўлади. 

“Энг муҳими, бу – карантин. Лекин одамлар буни тушунмайди. Одамлар (Санкт-Петербургдаги) Боткина касалхонасидан карантинда турмай қочиб кетиши – жамият олдидаги масъулиятсизликдир”, деб таъкидлайди Лариса Руденко.   

Ҳар қандай инфекция тарқалганида ундан зарар кўриши мумкин бўлган хавф гуруҳига болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар, имммунитети заиф ва сурункали касалликлар билан оғрувчилар киради.

Аммо Россия табиий фанлар академияси фахрий вице-президенти Виктор Зуевнинг қайд этиишича, тўлиқ соғлом шахс коронавирусдан қўрқмаса ҳам бўлади.

 “Одамлар сизлар – оммавий ахборот воситалари туфайли қўрқувга тушяпти. Бу – янги вирус келтириб чиқарган касаллик бўлгани учун унга нисбатан кутилмаган муносабат бўляпти. Ҳолбуки, унинг асосий хусусияти анча паст ўлим кўрсаткичи (2,5-3%) саналади. Шу билан бирга вирус ўта зарарли”, деб таъкидлайди Виктор Зуев. 

Яна унинг фикрича, навбатдаги коронавирус эпидемияси мутлақо табиий юз берган бўлиб, у “биз фойдаланаётган цивилизация учун олинган нарсаларнинг тўловидир”.     

“Биз тезроқ ва узоқроқ масофаларга сафар қиляпмиз, жуда катта сондаги одамлар билан мулоқотда бўляпмиз, демак, ўзимиз билан микроб юкларини олиб боряпмиз. Биз бактериологик жиҳатдан ҳам, вирусологик жиҳатдан ҳам стерил (тоза) эмасмиз. Бироқ бизга (Россияда) ниқоблар ҳам, вакциналар ҳам керак эмас”, дейди у.