Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Оила (мутлақо ўзига хос ҳикоя)
22.08.2017 20:55,  
205

Охирги пайтларда оилага ҳам эътибор бермай қўйишди.

Ота-она ўз иши билан банд, фарзандлар ўз иши билан бўлиб қолгандай туюляпти.

Умуман, оила - муқаддас. Шахсан менга у қандай таркибда бўлишининг қизиғи йўқ. Лекин у муқаддас! Тўғри, шундай оилалар бор отага муҳтож, оилалар бор онага зор… ёки тирноққа зор, пулдан қийналиб қолган оилалар бор ва ҳоказо.

Лекин мен шундай оилани кўрганман, эшитиб ҳайрон қолиш мумкин. Ишонаверинг, шундай оила бор! Ахир ўз кўзим билан кўрганман! Кўриб ўтиб кетмаганман, балки ўтириб бирга чой ҳам ичганман. Гарчи у ерга қайтиб бормаган бўлсамда, ҳар ҳолда улар мени ҳали-ҳануз танишса керак?.. Чунки мен уларни ҳозир ҳам кўрсам танийман.

У пайтда энди 3 курсни битираётган эдим. Эски дўстим, мени кўргани баъзида факультетимга келарди. Бирга тушлик қилардик. Оғайнилар учрашгандан кейин қиттай-қиттай бўлиши табиий. Тўғри тушунасиз. Кейин у менга айтиб қоларди:

- Сени бир жойга олиб бораман, газетангга зўр нарса чиқариш мумкин.

- Ҳожати бор деб ўйлайсанми?

Баданни қиздириб олсам ҳаракат қилгим келмайди, тинч қўйишсаю, мизғисам.

Мана шунақа таклифлардан бирига рози бўлдим. Мажбурлаб олиб борди. Индамай боравердим, нима ҳам дердим?

Сизга маълум қиламанки, иккаламиз ҳам бадбашара эмасдик. Ҳар ҳолда бир қараган қизлар негадир яна бир қарашарди. Худди шу пайт сиз ҳам қарасангиз, бу ёғи қараш-қараш бошланади. Ундан кейин иш сал осон кечади. Сиз гапирасиз у жавоб беради, кейин биргасизлар… Танишув шу даражада енгил ўтарди. Дўстимнинг келишган қоматини айтмаганда, қизлар менга ҳам қарашарди.

Йўлда боряпмиз, ширакайфликда жононларга гап отиб қўямиз. Кимдир бунга йигитчилик деб парво қилмаслиги мумкин. Қизлар эса парво қилишади.

Айганимдек, аллакимнинг уйига кетяпмиз. Аллақаёққа. Аллақандай қизларга гап отиб…

Эшикни офатижон биттаси очди. Бўйдоқман деганнинг оғзидан суви қочиши аниқ!

Дўстимни кўриб севиниб кетди. Менинг эса ҳаёлимга ҳар хил ширин фикрлар, тасаввурлар кела бошлади. Одат бўлиб қолган бўлса керак, ўпишиб кўришишди. Мен турибман. Оббо, дўстгинам тушмагур-эй, шуни бошида айтиб қўяқолмайдими. Ахир замон қалтис, ҳимоя воситалари дегандай…

Ичкарига таклиф қилиндик.

Ичкарида бир ўғил ва бир қизча ўйнаб юрарди. Жувонга тегишли бўлса керак.

Диванда ёши қайтган бир аёл ўтирган экан. У ҳам дўстимни кўриб юзи ёришиб кетди. Ачомлашиб кўришишди. Менда эса бояги ширин ҳаёлдан асар ҳам қолмаганди.

Нима бўляпти ўзи?

Ётоқхонадан ёши каттароқ йигит чиқиб келаркан, ҳозир дедию ваннахонага кириб кетди.

Ҳаёлимда ошнам мени қариндошиникига олиб келибди, шекилли деб турибман. Бир пайт мен тенги бола ташқаридан кириб келди. Қўлида сетка. Колбаса, пишлоқ, шунга ўхшаш егуликлар олиб келибди. Ҳа, ҳа, мени қариндошиникига олиб келибди!

Қариндошлар афтидан энди тушлик қилмоқчи эдилар.

Дарвоқе, бугунги “тез пул топ!" шароитида уйни ким ҳам йиғиштириб ўтирарди, дейсиз, барибир эртага яна расво бўлади. Шунинг учун уй ичидаги ивирсиқларга унчалик эътибор бериб ўтирмадим.

Шундай қилиб янги танишган оила билан бирга ўтириб у-бу нарсадан тановул қилдик. Қориндан шикоят йўқ эди, мезбонни кўп ҳам ноқулай аҳволга солгимиз келмасди.

Енгилгина тамаддидан кейин дўстим сигарет тутатди. Мен ҳам шуни кутиб тургандим.

Болачалар кичкиналигига қарамай, столни йиғиштиришга ўрганган эканлар. Тезда йиғиштирдилару, ичкаридаги хонага киришга қатъий буйруқ олдилар. Шу даражада қатъийки, эшитсангиз болаларга яхши муомала қилинмас эканда, деб айтишингиз аниқ. Ҳақиқатдан ҳам болалар шафқатга муҳтож эдилар…

Бирин-кетин бошқалар ҳам сигарет тутатишни бошлади. Егулик олиб кирган йигитча, эр-хотин ёшлар ва кампиршо. Ҳаммамиз чекяпмиз. Худди айрим мамлакатларда овқатдан кейин ширинлик истеъмол қилинганидек, бизда сигарет чекиларди. Уй ичи тутунга тўлиб борар, бунга ҳеч биримиз эътибор қилмасдик.

Мен ажабланган ҳолда жим эдим. Қариндошлар ўзларини бундай тутишмайди. Бу қанақа оила ўзи?!

Чекиб бўлгач, ўрнимиздан қўзғалдик. Хайр-хўшни қуюқ қилгим келди. Албатта, яна келишимизни айтиб, уйдан чиқдик.

Бир муддат ўйга ботиб, жим кетдик. Рости оилага ҳавас қилинмасада, менда уларга нисбатан жуда салбий фикр йўқ. Суҳбатлари самимий, ғайирлик йўқ. Оилавий чекиш, болаларга қаттиққўлликни ҳисобга олмаса юртимиздаги намунали оилалардан бири. Мен кўрган оилалар олдида булар ҳолва. Жанжал бўлмаган куннинг юбилейини ўтказишга тайёр оилалар олдида, ростдан ҳам булар ҳеч нарса эмас…

- Хўш, нима дейсан?

- Нимани нима дейман? - дўстимнинг нима ҳақда сўраётганини тушуниб туриб ҳам атайин сўрадим.

- Шулар ҳақда ёзсанг қалай бўларкин? Уларни кўндиришим мумкин.

- Буларни нимасини ёзаман? Бир камим шаҳардаги ҳар бир уйга кириб мақола ёзиб чиқиш эканда, - кулдим.

Дўстимнинг юзи ўзгарди. Жиддийлашди. Асабийлашгандир ҳам. Ёки хафа бўлдимикин?..

- Бердисини айтгунча, уриб ўлдирмагинда! Ҳалиги кампир ким биласанми?

- Ким?

- Кўчани тилида “мамароза” дейишади. Профессионал қўшмачи. Билдинг?!

Нима дейишни билмай қолдим. Тил ростдан ҳам айланмай қолди.

- Ҳалиги қиз, ўзинг тушунасан, уни ҳурмат билан фоҳиша дейишади. Эри бўлса керак деб ўйлаган йигитинг бориб турган бесоқол бўлади. Мижози етарлича бор. Фарзандларини эса Меҳрибонлик уйларидан олишган. Егулик олиб келган бола, фоҳишанинг «алтернативдаги» ўйнаши. Талабгор мижозларни наша билан таъминлаб туради. Билдинг?!

- Йўғе?.. - дейману нарисига ўтолмайман. - Бутун оила эмас дегин?

- Нега энди бутун эмас? Бус-бутун. Ҳозиргина ўзинг уларни тузук оила дегандингку! Мени уларга қаршилигим йўқ. Улар билан дўстман. Сен эса журналистсан. Газетангга тўғри келса ёз, кейин шунақа тоифалардан ҳам танишинг бўлса ёмон қилмасди.

У яна анча гапириб кетди. Индамасдим. Индаёлмасдим.

- Уйни ижарага олишган, кампир тошкентлик, холос. Қолганлари атрофдан йиғилганлар. Бировга ёмонлиги йўқ, лекин фойдасиям йўқ.

Кейин шунақа одамлар ҳақда, оилалар ҳақда, жамият ҳақда, азалий баҳс Ғарб ва Шарқ ҳақда… Хуллас, анча гапириб кетди. Мен уни эшитаётгандай ёнида борардим.

Кейин билсам улар мақолага рози бўлишмаган экан. Менга ҳам яхши бўлди. Бус-бутун оилани тинчини бузиш яхши эмас, ахир.

2003 йил, декабрь

Баҳодирхон Элибоев

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан