Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Оилавий тадбиркорликка ажратилган маблағларнинг қанчаси муаммоли кредитлар экани очиқланди
24.06.2022 13:11,  
9

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Дастурларга, жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Бу ҳақида Ҳисоб палатасининг матбуот хизмати хабарида ёзилди.

Сўнгги таҳлилларга кўра, Республикада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги муаммоли кредитлар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 1 май ҳолатига кўра 8 фоизга камайган. Бироқ, дастурдаги муаммоли кредитлар Наманган (44 фоиз), Андижон (26 фоиз) ва Сурхондарё (20 фоиз) вилоятларида юқори салмоқда қолган.

Ҳисоб палатаси томонидан ушбу ҳудудларда амалга оширилган ўрганишлар натижасида муаммоли кредитларни ундириш ва ажратилган кредитлардан самарали фойдаланишда қуйидаги камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган:

– доимий даромад манбаига эга қарз олувчиларнинг 149,4 миллиард сўм, хусусан, давлат ташкилотлари ва банкларда фаолият юритаётган ходимларнинг 89,3 миллиард сўм муаммоли кредитлари ундирилмаган;

– муаммоли кредитларнинг 79 фоизида қайтмаслик хатари суғурталанган бўлиб, аксарият ҳолларда банклар томонидан уларни суғурта компанияларидан ундириш чоралари кўрилмаган;

– жорий йил бошидан муаммоли кредитлар улушини камайтиришда, банклар томонидан уларни 69 фоизини “умидсиз” деб таснифлаб, балансдан чиқариш орқали қисқартирилган. Яъни, амалда муаммоли кредитлар қайтарилмасдан, банк томонидан шакллантирилган заҳиралар (харажатлар) ҳисобидан қопланган;

– Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида 2020 йилда ташкил этилган
1 000 та 2 сотихлик иссиқхоналарнинг 95 фоизи ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб, улардан фойдаланилмайди.

Ўрганиш жараёнида Дастурлар доирасидаги муаммоли кредит қарздорликлари жами 101,2 миллиард сўмга камайтирилди.

Шунингдек, муаммоли кредитларни бартараф этиш, хусусан кредитлар ўз муддатида тўланмаслиги ва мақсадсиз ишлатилиши бўйича қуйидаги таъсир чоралари кўрилди:

– 400 миллиард сўмлик муаммоли кредит қарздорлигини ундириш учун судларга даъво аризалари киритилди;

– 55 миллиард сўмлик муаммоли кредитлар бўйича тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди;

– 168 миллиард сўмлик кредит қарздорликлари бўйича суд қарорлари Мажбурий ижро бюролари томонидан ундирувга қаратилди.

Шу билан бирга, келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ўрганишларда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотларга кўрсатмалар берилди. Назорат тадбирлари давом эттирилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан