Ўлчаш воситаларини давлат синовидан ўтказиш қоидалари белгиланди

Ўлчаш воситаларини давлат синовидан ўтказиш қоидалари белгиланди

“Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (528-сон, 29.08.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш қоидалари тасдиқланди. 

Унга кўра, давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доирада Ўзбекистоннинг ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган тасдиқланган турдаги ўлчаш воситаларини қўллашга рухсат берилади.

Ишлаб чиқариладиган ва (ёки) сериялаб ишлаб чиқарилиши мўлжалланган ўлчаш воситалари ва Ўзбекистон ҳудудида тўп ҳолида ишлаб чиқариладиган  ва (ёки) олиб кириладиган ўлчаш воситалари давлат синовларидан ўтказилади.

Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш ишлари учун ҳақ шартномага мувофиқ ариза берувчи томонидан тўланади.

Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш давомийлиги 25 иш кунидан ошмаслиги керак.

Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш натижалари ижобий бўлганда ижрочи 2 иш куни мобайнида ўлчаш воситаларини синовдан ўтказиш натижаларига эга бўлган ҳужжатларни “Ўзстандарт” агентлигига юборади ҳамда Агентлик ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлайди ва реестрда рўйхатга олади.

“Ўзстандарт” агентлиги раҳбарлигидаги аккредитациядан ўтган давлат метрология хизмати органи ижрочи ҳисобланади. 

Ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш сертификатининг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил этади. Ушбу қоидалар давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган соҳада ўлчаш воситаларини қўллайдиган барча шахслар учун мажбурий ҳисобланади.