Олиб қочилган автомашина бошқа бир вилоятда топилди

Олиб қочилган автомашина бошқа бир вилоятда топилди

Самарқанд вилояти. 2022 йил 13 апрель куни Нарпай туманида яшовчи 25 ёшли С.Ж. Нарпай тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда соат 05:30 да Нарпай тумани Мирбозор қўрғонида жойлашган автотураргоҳда ўзининг бошқарувидаги “LADA LARGUS” русумли автомашинасида Самарқанд шаҳрига йўловчи олиш мақсадида кутиб турган вақтида, ўзига нотаниш бўлган ўрта ёшдаги бир эркак киши келиб, йўловчи сифатида автомашинасига ўтирганидан сўнг, у яна бир йўловчи олиш мақсадида автомашинасидан тушган вақтида, ушбу нотаниш йўловчи автомашинани калит орқали ўт олдириб, номаълум томонга ҳайдаб кетганлигини билдириб, ушбу номаълум шахсни топиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида олиб қочилган “LADA LARGUS” русумли автомашина номаълум шахс томонидан Навоий вилояти Хатирчи туманида жойлашган ички йўлда ташлаб кетилганлиги аниқланиб, автомашина ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Тергов-тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, мазкур жиноятни Навоий шаҳрида яшовчи муқаддам судланган 27 ёшли Р.М. содир этганлиги аниқланиб, у процессуал тартибда ушланган.

Тергов давомида, қонунбузардан, нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги сўралганда, у олиб қочилган автомашинани эҳтиёт қисмларга ажратиб, сотмоқчи бўлганлигини, аммо автомашинанинг ёнилғиси тугаб қолганидан сўнг, уни ташлаб кетишга мажбур бўлганлигини билдирган.

Тергов давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, ушбу турдаги жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.