Олимлар Arctic Resilience Report ҳисоботида Арктика музлари эриши жараёнининг тезлашуви иқлимнинг тўлиқ ўзгариши, натижада бутун ер шари учун ҳалокатли оқибатни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ҳозирда Арктикада ҳаво ҳарорати йилнинг шу даврида қайд этилиши лозим бўлгандагидан 20 даража юқорироқ.
Музлар ҳар доимгидан юпқароқ. Иқлимдаги туб бурилиш табиий иқлим тизими кескин ва буткул ўзгарганда содир бўлади. Бу уни қуршаб олган иқлим зоналарига ҳам таъсир кўрсатади. Бундай ўзгаришлар сарасига тундрада қуёш нурларини қайтариб турган қор қопламларининг ўсимликлар дунёси томонидан бузилиши, натижада ҳароратнинг кўтарилиши; кучли иссиқхона гази ҳисобланган метан ажралиб чиқишининг кўпайиши; қор қопламларининг океан бўйлаб тақсимланишининг бузилиши ва бошқалар киради.
Олимларни АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трампнинг Арктика иқлимини ўрганишга қаратилган дастурларни молиялаштиришни космик тадқиқотларни молиялаштириш ҳисобига бекор қилиши тўғрисидаги режалари ҳам ташвишга солмоқда.