Олимлар тиш учун зарарли ичимликларни маълум қилишди

Олимлар тиш учун зарарли ичимликларни маълум қилишди

Ширин ичимликлар инсон тишларига зарар етказади. Бу ҳақда Польшадаги Варшава тиббиёт университети ходимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари далолат бермоқда. Тадқиқот натижалари International Journal of Environment and Health журналида чоп қилинган.

Олимлар таркибида шакар ўрнини босувчи сунъий бирикмалар (ксилит, эритрит, стевия) бўлган ва хушбўйлаштирилган ичимликларнинг тиш эмал қаватига қандай таъсир кўрсатишини ўрганиб чиқишди.

Маълум бўлишича, шакар ўрнини босувчи сунъий бирикмалар глюкоза-фруктоза шарбати каби тиш емирилишига сабабчи бўлар экан.

Гап шундаки, бундан бир неча йил илгари Мельбурн университети (Австралия) тадқиқотчилари таркибида кислотали қўшимчалар (лимон кислотаси – Е330, фосфор кислотаси – Е338) бўлган ичимликлар тиш эмалини 30-50 фоизга юмшатишини аниқлаган эдилар.

Демак, шакарсиз ичимликлар ширин ичимликлар каби тишларга бирдек зарар етказади.

Олимлар таркибида лимон кислотаси – Е330 ва фосфор кислотаси – Е338 бўлган ичимликларга эътибор қаратишни тавсия қилишади. Ҳатто лимон шарбати ҳам тиш эмалига зарар етказиши мумкин.

Ўз-ўзидан ширинлаштирилган ва таркибида кислота бўлган ичимликларни ичиш керак эмасми, деган савол туғилиши табиий. Тиш шифокорлари бундай ичимлик ичгандан кейин тиш тозаламасликни маслаҳат беришади. Бир неча соат ўтгандан сўнг тозалаш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай ичимликлар тиш эмали қаватини юмшатади ва тиш чўткаси унга зарар етказиши мумкин.

2