Олий суди раиси ва Бош прокурорнинг суд ҳужжатлари устидан протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади​

Олий суди раиси ва Бош прокурорнинг суд ҳужжатлари устидан протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади​

“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилади:

- суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

- жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;

Қуйидаги тартибларни жорий этиш:

- туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

- апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

- Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш.