Олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин

Олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин

Адлия вазирлиги томонидан «Қонунчиликдаги янгиликлар» брифинги ва матбуот анжуманида ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик сайтида хабар берилди.

Унда Ҳукумат қарори билан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Кадрлар тайёрлаш ва битирувчилар тақсимотини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Инатилло Неъматов, Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов, Давлат хизматлари агентлиги ходими Азиз Ражабов бу йил абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда татбиқ этилаётган янгиликлар, амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар бўйича тўхталиб ўтишди.

– Эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди, – дейди вазирликнинг Кадрлар тайёрлаш ва битирувчилар тақсимотини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Инатилло Неъматов. – Қолаверса, қабул квоталари сонининг эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланиши режалаштириляпти.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов маълумот бериб ўтди: «Абитуриентларни шу пайтгача қийнаб келаётган масалалардан бири ДТМ рухсатномаларини қай вақтда олиши эди. Одатда, ушбу рухсатномалар имтиҳон арафасида 31 июлга қадар (шу куни ҳам) тарқатиларди. Ўтган йил мисолида айтадиган бўлсак, тест синовлари 15 кун давом этгани сабабли абитуриентларнинг ушбу рухсатнома билан боғлиқ мурожаатлари кўп бўлди. Уларнинг аксари Тошкентга келиб-кетишда ортиқча овворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш билан боғлиқ эди, албатта. Биз ҳам шу мақсадларни кўзлаб бу йилдан ДТМ рухсатномаларини бевосита Давлат тест маркази сайтидан фойдаланиб ўзига тегишли рухсатномани юклаб олиши мумкин ва шу асосда тегишли ўқув биносига кириб-чиқиши таъминланишини назарда тутяпмиз».

Шунингдек, матбуот анжуманида Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасида келтириб ўтилган яна бир жиҳат – киролмай қолган абитуриентлар иккинчи йил ўқишга топшириш учун энг кам иш ҳақининг 1 баробари (202 минг 730 сўм) миқдорида тўлов тўлаши ҳақида қизғин баҳс борди. Бу борада мутахассислар томонидан тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши юзасидан таклифлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

1