Олий таълимда ўқув жараёнини оптималлаштириш бўйича нималар қилиняпти?

Олий таълимда ўқув жараёнини оптималлаштириш бўйича нималар қилиняпти?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарди.

Савол: Ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар ҳам 111.500 сўм миқдорида пул тўлайдими?

Жавоб: Йўқ, Республика олий таълим муассасаларида ижодий имтиҳонга кирадиган абитуриентлар 111.500 сўм миқдоридаги пулни тўлашмайди. Бу фақат тест топширадиган абитуриентлар учун белгиланган.

Савол: Сиртқи таълим шаклида ҳам 5 та йўналишни танлаш мумкинми?

Жавоб: Фанлар мажмуаси бир хил бўлса, абитуриент сиртқи таълим шаклида ҳам 5 та йўналишни танлаш имконияти мавжуд. Фақат сиртқи таълим шаклида ўқиш муддати 5 йилни ташкил этади.

Савол: Ижодий имтиҳонлар абитуриентлар яшаб турган ҳудудда ўтказиладими ёки ҳужжат топширган олий таълим муассасасидами?

Жавоб: Ижодий имтиҳонларни ўтказиш вақти (соати) ва жойи олий таълим муассасаси ректори томонидан тегишли вазирлик билан келишилган ҳолда белгиланади. 

Тест синовлари билан бир қаторда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонларни 2020 йилнинг 25 июлигача якунлаш, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари кириш имтиҳонларини 2020 йил 25 июлдан 20 августгача ўтказиш белгиланган.

Савол: Кимлар чин етимлар тоифасига киради?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ тўлиқ давлат таъминотидаги чин етим болалар тоифасига отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган, деб эълон қилинган, 18 ёшга тўлмаган, «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари кириши белгиланган.

Савол: Олий таълимда ўқув жараёнини оптималлаштириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

Жавоб: Олий таълим йўналишлари (мутахассисликлари) ўқув режаларидаги фанлар ҳажмини оптималлаштириш эвазига фанлар сонини қисқартирилди. Илгари фанлар сони 35-40 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 30-35 тани ташкил этади. Шу билан бирга номутахассислик фанлар 2 баробарга қисқартирилди.

Касбий компетенцияларини кучайтириш мақсадида ўқув режадаги амалиёт дарс соатлари оширилди. Илгари амалиёт дарс соатлари 30-40 %ни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 50-60% ташкил қилмоқда.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёни рейтинг тизимидан кредит-модул тизимига ўтказилмоқда.