Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қатор ходимлари иш ҳақи оширилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қатор ходимлари иш ҳақи оширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Вазирлик олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бўйича ягона давлат сиёсатини, шунингдек олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарликни амалга ошириш юзасидан ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

2019 йил 1 августдан бошлаб ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Вазирлик бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорида қўлланади;

Вазирлик марказий аппаратининг:

- фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 30 фоиз;

- фан доктори ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 35 фоиз устамалар белгиланади.

Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари ойлик лавозим маошига олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача – 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 20 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача – 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ – 40 фоиз ойлик устамалар тўланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йил 1 сентябрдан фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоизга оширилиши ҳақида хабар қилинган эди.