Олмалиқ ҳокимининг ўғли 150 км/соат тезликда автомобиль ҳайдаб, TikTok'да жарималари билан мақтаняпти (видео)

Олмалиқ ҳокимининг ўғли 150 км/соат тезликда автомобиль ҳайдаб, TikTok'да жарималари билан мақтаняпти (видео)

TikTok сервисидаги Dilshod_550 номли фойдаланувчи Тошкент шаҳри бўйлаб автотранспорт воситасида катта тезликда ҳаракатланиб, бу жараённи тасвирга олди ва видеони тармоққа жойлади. Ҳолатга блогер Никита Макаренко эътибор қаратиб, ўзининг каналида бир нечта постлар қолдирди.

«Потенциал қотил, Дилшод исмли 01K550XA raqamli автомашина ҳайдовчиси, жарималарни йиғади ва уларни TikTok'да ғурур билан намойиш этади. Қизиқ, у кимнинг фарзанди экан-а?», – дея изоҳ қолдирди Макаренко фойдаланувчининг автомашинада соатига 150 км тезликда ҳаракатлангани акс этган видеоси остида.

Фойдаланувчи қўйган суратлардан у йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун тузилган маъмурий баённомаларни «коллекция» сифатида тўплаши ва ўз саҳифасига жойлашни хуш кўришини кўриш мумкин.

Саҳифага жойланган суръатлардан бирининг остига #ҳокимият ҳештеги ёзилган. Суратдан тезликка ишқибоз ҳайдовчи мансабдорларга хос хизмат хонасида ўтиргани кўринади.

Блогер Никита Макаренко TikTok'нинг бу фойдаланувчиси Исмоилов Дилшод Усмон ўғли эканини аниқлаб, Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Исмоилович Раҳимовнинг ўғли бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

Kun.uz бу маълумот қай даражада ҳақиқатга яқинлигини билиш мақсадида Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов билан боғланди. У берган маълумотга кўра, Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов видеодаги ҳайдовчи унинг фарзанди эканини тасдиқлаган, аммо тармоққа жойланган бу видеоларга «анча вақт бўлган»ини айтган.

Фойдаланувчи айни пайтда саҳифасига жойлаган видео ва расмларни ўчириб ташлаган.