“Олтин девор” асари асосида ўзбек ва қозоқ ижодкорлари томонидан янги фильм суратга олинади

“Олтин девор” асари асосида ўзбек ва қозоқ ижодкорлари томонидан янги фильм суратга олинади

Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Қозоғистон элчиси Сатыбалды Дархан ва элчихона вакиллари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, биринчи ўринбосар Шухрат Ризаев, режиссёр Ҳилол Насимов иштирок этди. Учрашув давомида икки давлат ижодкорлари билан фильм яратиш таклифи билдирилди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳамкорликда суратга олиниши кутилаётган “Қўшнилар” фильми комедия жанрида бўлиб, унда ўзбек ва қозоқ қўшниларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳовли ўртасидаги деворнинг бузилганидан сўнг, топиб олинган тилла атрофидаги воқеалар акс эттирилади. Фильм Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор” асари асосида суратга олиниши режалаштирилган. Ушбу кинолойиҳа сценарийси устида Қозоғистон томондан актёр, блогер ва сценарист Азамжан Саидбаев иш бошлайди. Фильмни ишлаб чиқариш жараёнида икки давлат ижодкорлари тенг ҳиссада иштирок этади. Ҳамкорликдаги янги фильм “Ипак йўли дурдонаси” Халқаро Тошкент кинофестивалида тақдим этилиши кўзда тутилган.

Учрашувдан олдин қозоғистонлик меҳмонларга “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан Ҳилол Насимов томонидан суратга олинган “Мерос” фильми намойиш этилди. Сўнгра ўзбек ва қозоқ халқларининг қадимий дўстлиги, анъана ва эътиқодлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Мерос” фильмининг Қозоғистонда тақдимотини ўтказишга келишилди. Шунингдек, учрашув давомида Қозоғистонда ўзбек киноси кунларини ўтказиш, “Ипак йўли дурдонаси” Халқаро Тошкент фестивали бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Икки давлат киноижодкорларининг тажриба алмашиниши ва мулоқот йўлга йўлга қўйилиши соҳа ривожига хизмат қилиши таъкидланди.