Олтинсойликлар Президент фармони бўлишига қарамай кадастр ҳужжати берилмаганини айтмоқда

Олтинсойликлар Президент фармони бўлишига қарамай кадастр ҳужжати берилмаганини айтмоқда

Фото: «Дарё»

15 февраль, шанба куни, ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видео тарқалди. Видеода таъкидланишича, аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасидаги можаро Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги “Халқобод” маҳалласида содир бўлган. “Дарё” мухбири воқеа тафсилотларини билиш мақсадида Олтинсой туманида бўлди.

МАВЗУГА ДОИР: Олтинсойда фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув келиб чиқди (видео)

Аниқланишича, “Халқобод” маҳалла ҳудудидаги суғориладиган экин майдонларидан ноқонуний уй-жой қуриб олган аҳолининг маълумот беришича, уй-жой қуриб олган ерлари ҳақиқатан ҳам фермер хўжалиги ери бўлган.

“Бу ерларни 2008 йил фермердан олгандик, — дейди Сунбула Давлатова. — 2016 йил уй қуриш учун пойдеворини қурдик. Аммо ҳокимият вакиллари бузиб ташлашди. 2018 йилга келиб ўша ердан яна уй қурдик. Аммо бизга кадастр қилиб беришмади”.

МАВЗУГА ДОИР: ИИВ​ Олтинсой воқеасида Россияда ишлаб юрган фуқарони ҳам айблади

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, Президент фармонига кўра 2019 йил 1 майгача давом этган акция даврида ҳам мазкур хонадон эгаларига кадастр ҳужжати берилмаган.

Аҳоли ноқонуний турар жойлар 2018 йил қурилганини айтса, Олтинсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати “Халқободдаги турар жойлар акция муддати тугагандан кейин қуриб олинган” деяпти.

“2018 йил қурилган уйимизнинг кадастр ҳужжатини олиш учун кўп ҳаракат қилдик, аммо бизга кадастр қилиб беришмади-да”, — дейди Сунбула Давлатова.