Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"ОЛУВРИЛАР, ЕРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ"МИ?
21.02.2021 09:26,  
4084

Ўзбекистон чегараларини халққа билдирмасдан делимитация қилиш ишлари давом этяпти. "Нега ими-жимида"ми? Чунки, Фарғона водийсида тортишувли ҳудудлар кўп бўлиб, ҳозирги чегаралар кирди-чиқди шаклдалиги сабабли, уларни ўзаро ер алмашув орқали белгилашга тўғри келяпти. Лекин, Ўзбекистон тарафи берган тупроқлар эвазига Қирғизистон бизга нима бергани ҳақида аниқ билги йўқ.

Куни-кеча яна тупроқ алмашиш бўйича келишувга эришилибди. Келишувга эришиш қанчалик қийин кечганини музокаралар ярим кечасигача давом этиб, битимга саҳар соат учда қўл қўйилганини соф.уз сайти Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташевга таяниб хабар қилган.

Фақат, ёмон томони шунда-ки, бу ҳақда Ўзбекистон давлат расмий органлари ҳеч қандай хабар бермаяпти. Ҳолбуки, ерга эгалик ва миллий ўзликни англаш туйғуси ўзбеклардан анча юқори бўлган Қирғизистонда бу масала юзасидан ҳар қандай тортишув ва аҳоли норозиликлари барча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинади.

Хусусан, совет даврида Наманган вилоятидаги Ўнғор тоғи чўққисига Жалолобобод вилоятига қарашли алоқа миноралари ва телеретрансляторлар ўрнатилганди. 2015-йиллардан бошлаб шу чўққи юзасидан икки давлат орасидаги алоқалар жуда таранглашганини Ўзбекистондаги аксарият кишилар билишмайди. Ҳамма хариталарда чўққи Ўзбекистонга тегишли эканлиги яққол кўриниб турган бўлишига қарамай, қирғизлар қаттиқ аюҳаннос кўтаришиб, чўққи ўзларига тегишли эканлигини иддао қилиб тураверишганди.

Ўша даврлар президенти Ислом Каримов қўшни давлатларни менсимаслик сиёсати юритганди. У киши 1990-йиллар сўнггида телевидение орқали чегаралар масаласида қилган нодир чиқишларидан бирида айрим йўллар қўшни давларлар ҳудудига кириб-чиқиши сабабли ҳудуд алмашмасдан чегараларни делимитизация қилиб бўлмаслигини айтганди. Афсуски, ундан кейин чегаралар ва анклав-эксклавлар масаласини ОАВларда ёритишга юқоридан тақиқ қўйилди.

Қирғиз томони Ўнғор чўққиси ўзларига тегишли эканини иддао қилганида Ислом Каримов ҳеч иккиланмасдан, чўққига вертолётда ўзбек ҳарбийларини чиқариб қўйган. Улар қирғизистонлик алоқа хизмати ходимларини текшириб, хизмат ерига ўтказишган. Бундан қирғиз томони жазавага тушиб, "қўшни давлат бизни босиб олди" деган хабар тарқатганди.

Қирғизистон ҳудудида қолиб кетган Косонсой сув омборидан Ўзбекистон фойдаланиб келган, сув омбори яқинидаги кичик аҳоли пункти бизга қарашли бўлиб, совет давридан қолган "Ўзбекистон ССРга хуш келибсиз" деган катта лавҳа ҳам бор эди. Чўққи воқеасидан кейин, қирғиз чегарачилар ўзбек хизматчилар Косонсойга бориш йўлини тўсиб қўйишди. Кейинчалик, Ўзбекистонга тегишли аҳоли пункти ҳам ими-жимида қўшни давлат ихтиёрига бериб юборилди.

Чегаралар борасидаги сиёсий уқувсизлик ўзбекларга жуда қимматга тушди ва бу ҳолат ҳалигача давом этяпти. Ўнғор тоғидаги чўққи кейинчалик Қирғизистонга бериб юборилган. Аммо, бу ҳақда ўзбек жамоатчилигига ҳеч қандай хабар берилмади. Эвазига Ўзбекистонга бирорта ҳудуд берилганми-йўқми -- халқ билмайди. Лекин, ҳозирги кунда google интернет-харитасига қарасангиз чўққидаги алоқа-узаткич миноралари Қирғизистон томонда қолгани, чегара эса шундоққина техник жиҳозлардан бир неча қадам наридан ўтишини кўриш мумкин.

Асосан тоғли ҳудудлардан тузилган Қирғизистон жанубидаги шаҳарларни бир-бирига боғловчи кўпгина йўллар Ўзбекистон ҳудудидан ўтарди. Йўллардан биргаликда фойдаланиш механизми ишлаб чиқилмагани сабабли, охир-оқибатда қўшни давлат тоғларда муқобил айланма йўллар қуришга мажбур бўлди. Қирғизлар учун энг ёмони -- ўзбек тарафи Ўшдан Хонобод орқали Жалолободга олиб борадиган йўлни тўсиб қўйиб, ҳатто, сой устидаги кўприкни ҳам бузиб ташлади.

Ўзбекистон тўсиқ қўйиш соҳасида анча илгарилаб, Тожикистонни айланиб ўтиш учун Қамчиқ довони орқали жуда қимматга тушган темир йўли ҳам қурдирди. Жуда узун туннеллардан иборат бу дабдабали қурилиш ўзини оқлайдими-йўқми, ҳали маълум эмас. Лекин, ҳозирги дунёда ўз қобиғига ўралган давлатлар эмас, балки қўши ва бошқа давлатлар билан очиқ алоқа қилганлар тезроқ илгарилашини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Лекин, ўзига бино қўйган яккаҳокимлар учун бу муҳим эмасди.

Андижон вилоятида қўшни давлатнинг Барак анклави бор эди. Каримов даврида ана шу анклавга бориладиган йўл Ўзбекистон томонидан тўсиб қўйилиши ҳолатлари кўп бўларди. Сабаби -- Сўх ва Шоҳимардон эксклавларига олиб борадиган йўлни, ўз навбатида, қирғизлар ёпиб қўйишарди. Мен 2018 йили Хонобод шаҳрига борганимда ҳудуд алмаштириш ҳисобига Барак муаммоси ҳал қилиниши ҳақида иш олиб борилаётганини айтиб беришганди. Ана шу пайтда ҳам ўзбек ОАВлари бу масалани халққа етказмаганди. Ҳозир google харитасида Барак Қирғизистонда кўринади. Лекин, бизга бунинг эвазига қайси тупроқлар берилганини билмаймиз.

Барак ва Ўнғор чўққисини ўзиники қилиб олган Қирғизистон ҳозирги кунда Сўх ва Шоҳимардон эксклавларимизга олиб борадиган йўлда ўзини худди қароқчидек тутишни давом эттирмоқда. Мен қирғиз чегара, божхона ва милиция ходимлари ўзбекистонликларни талаётгани, хатто, уриб, таъмагирлик қилиб қамаб қўйиши ҳолатларини 2000-йиллар бошларида икки марта Шоҳимардонга борганимда ўз кўзим билан кўриб, эшитганман.

Ўша пайлар "Интернюс" халқаро ташкилотининг Тошкент офиси янгиликлар дастури учун видеолавҳа тайёрлагани Шоҳимардонга боргандим. Олинган тасвирлардан ўзимнинг "Ёшлар" телеканалидаги "Ҳуқуқ ва бурч" кўрсатувимда ҳам фойдаланганман. "Давр ҳафта ичида" дастурига ҳам беш дақиқалик лавҳа тайёрлаб берганман. Лекин, чегара мавзуси ОАВларда ёритилмагани учун эфирга узатилишига ишонмагандим. Шунга қарамай, бошловчи Нуриддин уни икки баравар қисқартириб бўлса ҳам эфирга берилишига эришган. Бундан ташқари, "Оролда қолган ўзбеклар" номли бир бетлик мақолам "Моҳият" газетасида чоп қилинган.

Қирғизлар қўйган турли ноқонуний тўсиқлар натижасида сўлим дам олиш маскани Шоҳимардонга борадиганлар сони кескин озайиб кетган. Бу эса ишсизлар сони саксон фоизга кўтарилишига олиб келган. Ўттиз йилдан ошди-ки, ўқувчиларнинг ўнлаб ёзги дам олиш масканлари ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди. Бу ҳақда "Давр ҳафта ичида"ги лавҳамда айтилган.

Дам олувчилар санаторийларга етиб олишини қўятуринг, ходимларнинг ишга қатнаши ҳам жаҳаннам азобига айланган. Ҳозир санаторийлар ишлайдими-йўқми, униси менга қоронғу. Дарвоқе, Шоҳимардонни мамлакатнинг асосий қисми билан боғлайдиган йигирма километрдан ортиқ узунликдаги йўл Ўзбекистон томонидан таъмирланиши ҳақида видеолавҳаларимда айтилган.

Сўх ва Шоҳимардонда юз мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг ҳозирги аҳволи иккинчи жаҳон уруши йилларида 900 кун қамалда қолган Ленинград фожиасини эслатади. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати муаммони ечиш учун ўзига берилган ваколат доирасида етарли иш қилмаяпти. Қамалда қолган ўзбекистонликлар эса ўз ёғига ўзлари қоврулиб, таъмагир ва қўпол қирғиз куч ишлатиш тизимлари қўлига ишлаб топган пулларини қўш-қўллаб топшириб, тақдирга тан бериб яшашни давом эттирмоқдалар.

Ўрусиянинг Калининград вилояти мамлакатнинг асосий қисмидан орадаги Беларус ва Литва сабаб, ажралиб қолган. Литва Оврўпа Бирлигига аъзолиги учун, Ўрусия юртдошлари мамлакат ҳудудига кириш учун виза оишлари зарур. Лекин, икки давлат орасидаги келишувга асосан, бунинг чораси топилган. Калининградликларнинг 30 фоизи Литва ҳудудига кириш ҳуқуқини берадиган Шенген визасига эга. Шунинг учун, улар бемалол ҳаракат қилаверишади.

Қаловини топса қор ёнар. Шунинг учун, "Ўзбекистон Овросиё иқтисодий бирлигига аъзо бўлса ўзбек эксклавларига бориб-келиш муаммоси ҳал бўлади" деган гап, қўпол қилиб айтганда "ўсираққа арпа уни баҳона" деган нақлни эслатади...

"Ён қўшнинг -- жон қўшнинг" деган нақл ҳам бизга тегишли эмасга ўхшайди. Юксак минбарлардан туриб, дўстликни мадҳ этувчи сийқаси чиққан гаплар эса кўпчиликнинг энсасини қотиради. Халқ жипс бўлиб, бир ёқадан бош чиқармаса бундай аҳвол келажак йилларда ҳам ўзгармаслиги аниқ.

 

PS: Шоҳимардон муаммолари ҳақида "Ёшлар" телеканалида эфирга узатилган лавҳаларимни youtube сайтидаги каналимда томоша қилишингиз мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан