“Она қизим, нега, хат ёзмайсан?”: Маҳкумнинг хати нега икки ой кечикди?

“Она қизим, нега, хат ёзмайсан?”: Маҳкумнинг хати нега икки ой кечикди?

Одамзод ўзаро алоқалашиш учун хат-хабарни ўйлаб топди, технология ривожланиб телефону интернетларни кашф этди. Барчаси узоқни яқин этиш, алоқани ва ўз-ўзидан меҳрни узмаслик учун. Яқинларимиз билан кунда-кунора бир хабарлашмасак, кўнглимиз таскин топмайди. Аммо дунёда жигарлари билан хабарлашуви чекланган инсонлар борлиги ҳақида ҳам биласизми?

Sof.uz сайтига Тошкент шаҳрининг Миробод туманидан  М. Раҳмонова хат ёзди.

Раҳмонованинг дадаси ёз ойларидан бери Бухоронинг Қоровулбозоридаги УЯ 64/25 ЖИЭМда жазо муддатини ўтамоқда. Раҳмонова Тоштурма ходимлари берган манзил асосида отасига хат ёзган. Бироқ жавоб хати келмаган. Кейинроқ, яъни 31 августда дадасидан хат олган. Хатни эса 29 июлда отаси ёзган. Орадаги муддатни кўряпсизми – деярли бир ой.

Ноябр ойида сайтимизга мурожаат қилган Раҳмонова ёзмоқда. “...Бу ҳам майли, адамдан хат 3-4 марта келди, биз ҳам бир неча марта ёздик. Адажоним ёзган охирги хатлари мани ҳайратда қолдирди. “Она қизим, мандан хафамисизлар, нега хат ёзмайсизлар, охирги марта 14 августда хат келди”, деб ёзганлар. Қанақасига шунча хатлар бормайди 2 ой деганда?..”.

Биз хат муаллифи билан алоқага чиқиб оиласи кўчиб юрган ёки юрмаганлигини, почта ходимлари унинг манзилида адашиши эҳтимолини сўрадик. Маълум бўлишича, уларнинг оиласи олти йилдан бери Мирободдаги шу манзилда истиқомат қилади, почта адаштириб қўйиши мумкин эмас. Шунингдек, почта индексини ҳам сўрадик – 100167.

Қонунни варақлаймиз.

“Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонун ҳамда «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари”да (рўйхат рақами: 2219) ёзма хат-хабарлар Тошкент шаҳридан вилоят марказлари ва Нукус шаҳригача тўғри ва қарама-қарши йўналишда 72 соатлик назорат муддатида, посилкалар эса ер усти транспорти билан Тошкент шаҳридан Андижон, Бухоро, Қарши, Наманган, Навоий, Самарқанд, Фарғона шаҳарларигача тўғри ва қарама-қарши йўналишларда 120 соатда етиб бориши белгиланган.

Аммо Раҳмонова маҳкум билан хат алмашинаётганлигини эътиборга олиб, lex.uzдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ички ишлар вазирининг буйруғини ҳам кўриб чиқамиз.

X боб. Маҳкумларнинг ёзишмалари, ариза, таклиф ва шикоятлари

228. Маҳкумлар чекланмаган миқдорда хат ва телеграммалар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин. ЖИЭМлар почта қутилари билан таъминланади ва улар ЖИЭМ маъмурияти томонидан ҳар куни текшириб турилади.

231. Маҳкумларга хатларни топшириш ва уларнинг хатларини кўрсатилган манзилга жўнатиш ЖИЭМ маъмурияти томонидан хат келиб тушган ёки жўнатиш учун топширилган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида амалга оширилади. Телеграммалар эгаларига дарҳол топширилади ва жўнатилади.

233. Бошқа ЖИЭМга кўчирилган ёки озод бўлган маҳкумлар учун юборилган хатлар уч кун ичида улар сақланаётган муассасага ёки яшаш манзилига юборилади.

Хўш, шундай экан, нега маҳбус билан хат-хабар алмашиш бунчалик пайсалга солинмоқда? Расмий ҳужжатда келтирилишича, хатда уятли мазмун ёки давлат сирига дахлдор сўзлар бўлса, манзилга юборилмайди ва маҳкумга берилмайди. Хўш, ота ва қиз қандай давлат сирини муҳокама қилишию, қандай уятли гап ёзиши мумкин? Хатни жўнатишга масъул ходимларнинг масъулияти қани?

(расм интернетдан олинган)

4097