Чавандозларнинг ўз отларига меҳр қўйиб, худди инсон каби эъзозлаганини кўп бора эшитганмиз. Ҳарқалай унинг жони бор. Меҳр кўрсатган инсонига қувваи ҳофизаси етгунича у ҳам оқибат қилади. Аммо ўз автомобилига бу қадар меҳр қўядиган халқ дунёда битта бўлса керак. Бу мамлакатда баъзилар машинасини шу қадар эъзозлашадики, гоҳида ҳатто инсон боласига бундай эътибор кўрсатишмайди.
Ишонмайсизми? Унда бир эслаб кўринг, сиз албатта қуйидаги воқеаларнинг бирортасига гувоҳ бўлгансиз:
– Кўчада кимдир машинасининг капотига суянгани учун кимнидир дўппосламоқда;
– Автомобиль эгаси машинасини чала ювгани учун мойкачи болани “чангини чиқариб” сўкмоқда;
– Машинасида одам туртиб юборган ҳайдовчи жабрланган йўловчи қолиб, уловидан туша солиб, биринчи автомобилига назар ташламоқда;
– Кимдир автоҳалокат сабаб тан жароҳати олган одамни машинасини салонини кир қилиб қўймаслиги учун автомобилига чиқаргиси келмаяпти;
– Машинанинг олдига билмай чиқиб қолиб, оқибатда енгил тан жароҳати олган кимса ўша машинани автомобиль кузовининг бирор жойини билмай тирнаб юборгани ёки қийшайтириб қўйгани учун калтакланмоқда;
– Машина ҳайдаш орзусидаги хотин эрининг машинасини ҳалокатга учратгани сабаб ўз “тегишини” олмоқда;
– Болакай машинага чизгани учун жазоланмоқда ва ҳоказо.
Чет элни қўйинг, ҳатто қўшни Қозоғистон давлатини олайлик, у ерда автомобиль чангютгич, телевизор, дазмол, кирювиш машинаси каби оддий техника ҳисобланади. Аксар давлатларда шундай. Фойдаланиш муддати тугай деб қолган машиналар, гарчи бир жойи чизилмаган бўлса ҳам аҳамияти йўқ. Муддат етдими тамом металл чиқиндига улоқтирилади ёки қайсидир йўл билан утилизация қилинади.
Аммо бизда-чи? Бир-икки юмалаб турган бўлса ҳам майли, муҳими суяги бутун бўлса бас ундан фойдаланишда давом этишади. Хўш, нега бизда бундай? Нега оддий техника одамдан азиз кўрилади? Жавоби жуда оддий! Чунки бизда автомобиллар жуда қиммат! Қиммат буюмнинг эса қадри баланд бўлади.
Ахир одамлар йиллаб емай, ичмай йиққан-терганини ўша автомобиль олиш учун сарфлашади. Аммо шундай дейдиган бўлсам, қўшилган қиймат солиғисиз, люксиз, асл нархига нисбатан анча қиммат, ҳали чиқмаган "Chevrolet Onix" автомобилига 2024 йилга қадар бугун атиги 4 соат ичида 12 минг одам навбатга ёзилганига нима дейсиз?
Асли айб кимда? Устига озгина пул қўшса, бундан сифатлироқ, комфортроқ “Hyundai Accent” ёки “Elantra” автомобиллари сотиб олиши мумкинлигини ўйлаб кўрмай луккуллаб бориб, қатор саф тортиб олган оломонда эмасми? Яна тағин “UzAuto Motors” автомобили ҳақида гап кетса ўшаларнинг ўзи элдан аввал унинг сифати, нархи ва бошқа камчиликларидан ёзғиришади.
Аслида бу пулга оддий одам автомобиль ололмайди? Яъни телебошловчи, stend-up комик Миршакар Файзуллаев айтганидек, “Бизда фақат “Matiz”, “Spark” ана борсин “Damas” учун пул йиғилади. Аммо, “Malibu”, "Chevrolet Onix", “Tracker”, “Tahoe” “Traverse” “Trailblazer” ва “Equinox” каби автомобиллар шунчаки бориб сотиб олинади халос.
Англаган бўлсангиз керак? Айнан ана шу қатлам бева-бечорага минг сўм пул беришга бахиллик қилиб, тонировка учун миллионлаб пул сарфлайди. Етишмовчилик сабаб қорда, ёмғирда қалтираб бировни машинасини юваётган болага дўқ ўриб, 5-10 минг сўмлик хизмат ҳаққини беришда ҳам савдолашиб, автомобиль рақами учун 700 миллион харажат қилади. Яна миллионлаб маблағга автомобилини тюнинг қилдириб, ярим тунда мусиқа овозидан кўп қаватли уйларни титратганча пойга ўйнайди. Қолаверса, айнан шулар арзон машина ҳайдаб юрган ҳайдовчига йўл бермай “қисиб” кетишади.
Ҳа, айнан шу тоифаларнинг ҳотамтойлиги сабаб, бугун “UzAuto Motors” автомобилларини чет давлатларига сотган нархидан икки баробар қимматга ўз халқига пулламоқда. Ҳа, айнан шу тоифалар сабаб “UzAuto Motors”нинг машиналари тан нархи кундан-кунга қимматлаб бормоқда.
Ҳали кўп йиллар бу техника (автомобиль) эмас оиламиз аъзоси дейишни истасангиз! Ким нима қилса эргашаверинг, иложи бўлса ўзини ақлингизни ишлатманг, қўшнингиз оқ машина олса сиз ҳам оқ, қора олса қора автомобиль олинг! Энг муҳими машина “UzAuto Motors”ники экан дейишса югуриб боришда давом этинг! Ахир оиламиз аъзосини бегона бўлишига йўл қўймаслигимиз лозим, шундай эмасми?
Абдулла НУР