Орол денгизида қирилиб кетган бакра балиқлар тақдири такрорланиши мумкинми?

Орол денгизида қирилиб кетган бакра балиқлар тақдири такрорланиши мумкинми?

ХХ асрнинг биринчи ярми... Ҳали Орол денгизининг қуришини ҳеч ким тасаввур қилмаган пайтлар... Орол денгизидан минтақанинг эндемиги ҳисобланган Орол баҳриси (Acipenser nudiventris) ёки шунчаки бакра деб номланган балиқдан ҳар йили бир неча юз тонналаб овланар эди. Масалан, 1929 йили 347,2 тонна, 1936 йили 620,8 тонна балиқ овланган. Битта бакра ўртача 13-20 кг эканлигини ҳисобга олсак, ҳар йили 31 000 - 47 000 тагача балиқ овланган.

1933-1934 йилларда Каспий денгизидан севрюга (Acipenser stellatus) балиғи Орол денгизига олиб келиб иқлимлаштирилади. Лекин бу балиқлар Орол денгизи сувига мослаша олмайди ва кўп ўтмай ўлиб кетади. Лекин бу балиқ ўзи билан бирга Nitzschia sturionis деган жабра паразитини олиб келган эди. Севрюганинг ўзи бу паразит билан минг йиллардан бери бирга яшагани боис ўзаро бир-бирига мослашиб кетган. Бироқ бакра учун бу мутлақо янги паразит эди. Севрюгалар ўлиб кетган бўлса ҳам, уларнинг жабрасида келган паразитлар ўлиб кетмайди, улар ўзларига янги хўжайиб топишади. Ҳа, адашмадингиз, бакралар янги хўжайин вазифасини ўтайди.

Натижада орадан икки йил ўтиб 1936 йилга келиб Орол денгизида бакраларнинг оммавий тарзда ҳалок бўлиши кузатилади. Шу вақтгача катта даромад олиб келаётган балиқлар бутун денгиз бўйлаб бирданига ҳалок бўлишни бошлайди. Оқибатда бакра овланишига тақиқ қўйилади. Бу тақиқ 1962 йилга келибгина қисман олиб ташланади, лекин бу даврга келганда Орол денгизи ҳам чекинишни бошлаган эди. 1983 йилда бакра овланишига қайтадан бутунлай тақиқ ўрнатилади. Денгиз эса шиддат билан қуришда давом этади. 1996 йилга келиб осётрсимон балиқлар бўйича халқаро комиссия бакра балиқларнинг Орол популяцияси Ер юзидан бутунлай қирилиб кетганини расман эълон қилади. Шундай қилиб бутун бошли бир тур ўзининг келиб чиқиш марказида йўқликка сингиб кетади.

Бу гапларни нега ёзяпман. Бугун kun.uz‘да Тошкент вилоятидаги Пскем дарёсида лососсимонларга мансуб қимматбаҳо балиқларни кўпайтириш билан шуғулланадиган «SALMONIDAE» номли фермер хўжалиги ҳақида мақола чиққан экан. Унда бу тадбиркор шундай ноёб балиқларни олиб келиб кўпайтираман деганида қандайдир қаршиликлар бўлгани, вилоят ҳокими эса унинг муаммосини ҳал қилиб бергани ҳақида ёзилган. Яшасин, бизга ана шундай ноёб, қимматбаҳо балиқ турларини кўпайтириб, бозорга импорт нархдан арзонроқ чиқариб сотадиган тадбиркорлар керак. 

Лекин бу янги балиқ турларини бизнинг сув ҳавзаларимизга ҳеч қандай текширувсиз, илмий ўрганмасдан туриб олиб келиш қанчалик тўғри бўлар экан? Бу ишдан Республика экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг хабари борми? Тадбиркорлар қайсидир балиқ турини олиб келишдан аввал Фанлар академияси қошидаги Зоология институтидан илмий томондан рухсат олишганми? (Институтдагилар билан боғланиб шу ҳақида сўрасам улардан ҳеч қандай хулоса олинмаганини айтишди).

Биламан, лососсимон балиқлар қимматбаҳо балиқ турлари ҳисобланади, лекин иқтисодий фойдаси бўлмасада, бошқаларнинг кўзига майда-чуйда кўринадиган маҳаллий балиқ турлари бизнинг биологик бойлигимиз ҳисобланади. Ўзбекистон 1995 йилда "Биологик хилма-хиллик тўғрисида"ги Халқаро конвенцияга қўшилган. Бу дегани у ўз ҳудудидаги барча биологик турларни ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Янги турларни мамлакат ҳудудига олиб киришдан аввал илмий асосда ўрганиш, уларнинг маҳаллий балиқ турларига хавф даражасини баҳолаш жуда-жуда ҳам муҳим. Акс ҳолатда бакранинг тақдири бошқа маҳаллий балиқ турларида такрорланмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Мутасаддилардан ушбу масалага муносабат кутиб қоламиз.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.