Айтиш керакки, кўҳна қитъадаги ҳеч бир мамлакат кам ривожланган давлатлар рўйхатига кирмайди, ҳатто Европада энг қашшоқ ҳисобланувчи Молдавияда ҳам аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 3415 долларга тенг. Қуйидаги рўйхат Халқаро валюта жамғармасининг 2012 йилдаги маълумотлари асосида тузилган.
1. Мали – (ЯИМ – аҳоли жон бошига $1100)
Малида меҳнатга яроқли аҳолининг 80 фоизи қишлоқ хўжалигида банд, мазкур мамлакат ташқи ёрдамга қаттиқ боғланиб қолган. Аҳолининг 36 фоизи қашшоқликда кун кечиради. Мали соғлиқни сақлаш тизимида жиддий муаммолар бор, бу ерда дунёга келадиган ҳар 1000 чақалоқнинг 114 нафари вафот этади. Чақалоқлар ўлими бўйича Мали дунёда тўртинчи ўринда туради.
Мамлакат бир неча қуролли низолар ва давлат тўнтаришларини бошидан кечирган. Шимоли-шарқий ҳудудлар «Ал-Қоида»га алоқадор гуруҳлар назоратида.
2. Того (ЯИМ – $1096)
Того иқтисодиёти реэкспорт ва қишлоқ хўжалигига асосланган. Пахта, какао ва қаҳва асосий экспорт товарлари ҳисобланади. Фосфатлар экспорти бўйича Того дунёда тўртинчи ўринда туради. Мамлакат ҳудудининг каттигина қисми саванналар, 10 фоизи ўрмонлар билан қопланган.
Того аҳолисининг 3,3 фоизи ОИВ билан оғрийди. Эркаларнинг 75 фоизи, аёлларнинг 47 фоизи саводли.
3. Афғонистон (ЯИМ – $1054)
Ён қўшнимиз Афғонистоннинг аҳволи бизга яхши маълум, урушлар бу ўлканинг ҳолини қанчалар қуритгани, иқтисодиёти қанчалар орқага кетганидан хабардормиз.
Афғонистон – фойдали қазилмаларга бой ўлка. Пойтахт Қобул яқинидаги Айнак Евроосиёдаги энг йирик мис кони ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти ташқи ёрдамга қаттиқ боғлиқ. Саводхонлик эркаклар ўртасида 42 фоизни, аёллар ўртасида эса 12 фоизни ташкил этади.
Дунё бўйича ишлаб чиқариладиган опиумнинг 90 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади.
4. Мадагаскар (ЯИМ – $955)
Мадагаскар – Ҳинд океанининг ғарбий қисмида жойлашган орол-давлат. Мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқлари – қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик. Мадагаскар дунё бўйича ўнли пул тизимидан фойдаланмайдиган икки давлатдан биридир (иккинчиси – Мавритания). Бу ерда 1 ариари 5 ираймбиланга тенг.
5. Малави (ЯИМ – $858)
Шарқий Африкада жойлашган бу давлат серҳосил ерлар, шунингдек, уран, боксит ва кўмир конларига эга. Бироқ аҳолининг қарийб 12 фоизи ОИВ инфекциясига чалинган, ўртача умр кўриш ёши – 55,1 йил.
8. Нигер (ЯИМ – $815)
Нигер ушбу мамлакатдан оқиб ўтадиган дарё шарафига ана шундай номланган. Бу сўз маҳаллий тилда «буюк дарё» ёки «дарёларнинг дарёси» деган маънони билдиради. Нигер ҳудудининг 80 фоиздан ортиғи Саҳрои кабирда жойлашган, баъзи жойларда йиллаб ёғингарчилик бўлмайди, бу қурғоқчилик катта хавф туғдидари деганидир. Ушбу давлат болалар ўлими буйича дунёда учинчи ўринда туради. Аҳоли ўртасида саводхонлик даражаси атиги 28 фоизга тенг. Қишлоқ хўжалиги ва фойдали қазилмалар қазиб олиш Нигер иқтисодиётининг асосий тармоқлари ҳисобланади.
6. Марказий Африка Республикаси (ЯИМ – $800)
Африкадаги аҳолиси энг кам давлатлардан бири саналади – 5 миллион атрофида, ҳудуди эса – 622 984 км². МАРда саводхонлик даражаси 48 фоизга тенг, аҳолининг 6,3 фоизи ОИВга чалинган.
МАР олмос, уран, олтин, нефть, ўрмон ва гидроэнергетика захираларига бой бўлса-да, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади.
5. Эритрея (ЯИМ – $777)
Бу ердаги аёлларнинг ярми ўқиш ва ёзишни билмайди, эркаклар орасида эса саводхонлик 70 физга тенг. Эритрея сайёҳликни ривожлантириш учун қулай табиий шароитга эга, бироқ Сомали, Жибути ва Эфиопия билан доимий ҳарбий низо таҳдидининг мавжудлиги буни амалга оширишга имкон бермайди.
Эритрея 1993 йилда Эфиопиядан ажралиб чиқиб, мустақилликка эришган. Мамлакат аҳолисининг 1,3 фоизи ОИВ инфеккцисига чалинган, 46 фоизи тоза ичимлик сувидан мунтазам равишда фойдалана олмайди.
4. Либерия (ЯИМ – $673)
Либерия сўзи «озодлик ери» деган маънони билдиради. Бу давлат кўплаб фуқаролик урушларига гувоҳ бўлган, шундай қирғинбаротлардан бири 2003 йилда тугади. Урушлар Либерия иқтисодиёти таъсир кўрсатмай қолмаган, албатта. Аҳолининг 80 фоизи қашшоқликда кун кечиради, ваҳоланки, мамлакат темир ва олтин захираларига бой.
3. Бурунди (ЯИМ – $625)
Бурунди – Шарқий Африкадаги кичкинагина давлат, ҳудуди – 27 830 км². Бу ерда эркаклар ўртача 47, аёллар эса 49,8 йил умр кечиради. Меҳнатга яроқли аҳолининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида банд. Бурундида ҳар 37 581 кишига атиги битта шифокор тўғри келади, катта ёшдаги аҳолининг 8,3 фоизига ОИВ инфекцияси юққан.
2. Зимбабве (ЯИМ – $559)
Зимбабве 1980 йилгача Жанубий Родезия деб аталган. Бу ерда ишсизлик даражаси 94 фоизга етган. Президент Роберт Мугабе ер ислоҳоти ўтказиб, ерларни оқ танлилардан олиб, қора танлиларга берди. Бунинг оқибатида Зимбабве қишлоқ маҳсулотлари экспорт қиладиган давлатдан импорт қилидиган давлатга айланди. Шу йилнинг январида мамлакат молия вазири давлат ходимларига маош тўланганидан кейин давлат бюджетида атиги 217 доллар қолганини маълум қилди.
2008 йилда инфляция даражаси 231 миллион фоизга етди. Миллий валюта ўта қадрсизлангани туфайли Зимбабве 2010 йил сентябридан бери АҚШ долларидан фойдаланади.
Катта ёшдаги аҳолининг 15,3 фоизи ОИВга чалинган. Эркаклар ўртача 48 йил, аёллар 47 йил умр кечиради.
1. Конго (ЯИМ – $369)
Конго ҳудудининг катталиги бўйича Африкада иккинчи (Жазоирдан кейин), аҳоли сони бўйича тўртинчи ўринда (Нигерия, Эфиопия ва Мисрдан кейин) туради. 1971-1997 йилларда Зоир деб аталган. Дунёдаги энг йирик кобальт, германий, тантал ва олмос конлари айнан Конгода жойлашган. Қарийб 71 миллионлик аҳолининг 4,2 фоизи ОИВ инфекциясига чалинган. Ўртача ҳаёт давомийлиги 55 ёшга тенг.
Кўриб турганингиздек, урушлар ва қуролли низолар мамлакат тараққиётини ортга сурувчи катта кучдир. Бу рўйхатига қароқчилари билан машҳур Сомалини ҳам киритиш мумкин эди, бироқ мазкур мамлакат фуқаролар уруши ва айирмачилик ҳаракатлари оқибатида бир неча қисмга бўлиниб кетган. Беқарорлик туфайли у ердан бирор маълумот олишнинг ўзи мушкул масала.