Ўш шаҳар делегацияси Тошкентга ташриф буюрди 

Ўш шаҳар делегацияси Тошкентга ташриф буюрди 

Фото: tashkent.uz

Бугун Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Рахманкулов Қирғизистон Республикаси, Ўш шаҳар ҳокимлигининг делегациясини қабул қилди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўш ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хўжалиги комбинатининг раҳбари Данияр Токторбаев бошчилигидаги делегацияни кутиб олган Рахманкулов меҳмонларга уй-жой, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, иссиқхона хўжаликлари соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Фото: tashkent.uz

Ҳоким ўринбосари мамлакатларимизни қадимдан қардошлик алоқалари боғлаб турганини ва биз бир-биримиздан кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкинлигини таъкидлади. Рахманкулов меҳмонларни давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган Flowers Garden хўжалиги ҳамда реконструкцияси яқинда якунланган Тошкент Ботаника боғига таклиф қилди.

Учрашувда иштирок этган Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасининг бошлиғи Азамжон Ризашов бошқарманинг фаолияти, унга тегишли 500 дан ортиқ бирликка эга махсус техника жамланмаси ҳақида сўз юритиб, ушбу техниканинг катта қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганини қайд этди. Шунингдек, у ҳамкорлик ва тажриба алмашинувига тайёрлигини билдирди. Ўшлик ландшафт дизайни бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ишларини ташкиллаштиришга оид илтимосига жавобан эса керакли кўмакка тайёр эканлигини таъкидлади.

Фото: tashkent.uz

Учрашув якунида тарафлар ободонлаштириш, ландшафт дизайни, ирригация ва дренаж тизимлари соҳасидаги мутахассисларнинг тажриба алмашинуви ҳамда кенг кўламли ўзаро ҳамкорлик ҳақида келишиб олдилар.