Ўсмирни бейсбол таёғи билан урган ниқобли ҳарбийлар ким? (видео)

Ўсмирни бейсбол таёғи билан урган ниқобли ҳарбийлар ким? (видео)

Тармоқда ниқобли чегара қўшинлари аскарлари дейилаётган шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир ўсмирни калтаклагани видеоси тарқалди.

Воқеа Фарғона вилояти, Фарғона тумани, Водил қишлоғида яқин кунларда содир бўлгани айтилмоқда. Халқ тилида бу ҳудуд “Дўм кўча” дейилади.

Ушбу видеода машинада ўтирган йигитлар томонидан яширинча тасвирга олинган. Унда ҳарбий формадаги, қора маска таққан чегарачилар автомобилларни назорат қилаётгани кўринади.

Аскарлар ёмон сўзлар билан сўкина бошлайди, фондаги овозлардан кимдир аниқ ураётгани ҳам билиниб туради. Шу пайтда машинадан ўсмир бола тушиб кетмоқчи бўлади. Унинг ортидан чегарачилардан бири “Ушла!“ бақиради.

Бола қўрққанидан тўхтаб қолганида, унинг олдига спорт формасидаги ниқобли йигит келиб, қорнига ва бошига зарба беради, сўнг ҳарбий формадаги бошқа ниқобли шахс бейсбол таёғи билан бел соҳасига уради. Сўнг спорт кийимидаги ниқобли ўсмирни сочидан ушлаб судраб олиб кетади.

Шундан кейин фуқаролар 40 238 USB давлат рақамли УАЗ автомобилига чиқарилади.

Бундан ташқари, чегара ходимлари фуқароларнинг уйлари атрофида ҳам юргани акс этган видео ҳам тарқалди.

Манбаларнинг айтишича, чегара пости яқинда ўз фаолиятини бошлаган. Постдаги чегарачилар кўпинча ўзларини танитмаслик учун маска тақиб олишмоқда. Ўтиб кетаётган ҳар бир машина текширилиб, бўйсунмаганлар жазоланмоқда.

“Биз қамоқхонада яшамаймиз-ку, булар чегараларимизни қўриқлаш ўрнига нега бизга бунақа муносабат қилади? Биз ўзимизни “орган”ларимиз орқали бу масалани ҳал қила олмаслигимизни билганимиз учун сизларга юбормоқдамиз, илтимос ёрдам беринглар,“ дейишмоқда маҳаллий аҳоли вакиллари.

Sof.uz мазур ҳолат юзасидан тегиши идоралардан изоҳ сўради.