Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш учун 150 миллион долларлик сиёсатга асосланган кредит ва 400 минг долларлик грантни маъқуллади.
"ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг макроиқтисодий барқарорлик ва ташқи таъсирларга чидамлилигини сақлаб қолган ҳолда, давлат ҳукмронлик қиладиган иқтисодиётдан очиқроқ ва хусусий секторга асосланган рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда", - деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Эвгений Жуков.
Қайд этилишича, лойиҳа давлат корхоналарининг қарзларини бошқариш ва молиявий таҳлил тизимини такомиллаштириш, Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек, гендерга мос ижтимоий ҳимоя дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳисса қўшади.
Шунингдек, у давлат корхоналарининг камида 70 фоизи томонидан корпоратив бошқарув қоидалари, KPI ва халқаро тан олинган молиявий ҳисобот тизимларини қабул қилиш орқали давлат корхоналари фаолиятини ва профессионал бошқарувини кучайтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, дастур барча молиявий аудит органлари ва ички аудит хизматларини интеграциялаш имконини берувчи IT-платформани жорий этиш орқали назорат чораларининг самарадорлиги, шаффофлиги ва холислигини оширишга ёрдам беради.
Кредитдан ташқари, ОТБ, шунингдек, ҳукуматнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш, хусусан, бюджет доирасидаги салоҳиятини ошириш учун 400 000 АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини ҳам тақдим этади.