ОТМларда коронавирус тарқалдими? Ҳозирда вазият қандай? Вазирлик ҳолатга расмий изоҳ берди

ОТМларда коронавирус тарқалдими? Ҳозирда вазият қандай? Вазирлик ҳолатга расмий изоҳ берди

Telegram'даги айрим каналларда баъзи олий таълим муассасалари (ЎзМУ, ТДШУ, ФарПИ, ТАТУ Самарқанд филиали) талабалари орасида коронавирус аниқлангани ҳамда факултет ва ётоқхона қаватлари дезинфексия учун ёпилгани тўғрисида хабарлар тарқатилмоқда. Аввало, бу каби хабарлар асоссиз эканини маълум қиламиз, дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Айтиш жоизки, хабарда кўрсатилган олий таълим муассасалари  талабалари орасида айни кунларда коронавирус инфекцияси аниқланмаган ва бирорта ҳам талабалар турар жойи биноси ёпилмаган.

«Ҳурматли ижтимоий тармоқлар фаоллари!

Ҳақиқатан ҳам, ахборотни биринчи бўлиб оммага тезкор етказиш давр талаби. Лекин ҳар қандай хабарни эмас, балки текширилган, асосланган маълумотларни эълон қилиш – энг муҳим жиҳат ва журналистиканинг «олтин қоида»си эканини эслатиб ўтамиз!

Шунинг учун хабарларни тарқатишдан аввал бироз сабр қилиб, аниқлик киритиб, кейин эълон қилиш, жуда ҳам зарур бўлмаса, бу турдаги совуқ хабарларни оммалаштиришдан тийилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз!.

Чунки, нотўғри талқин қилинган, ҳали тўлиқ аниқлик киритилмаган, шошилинч тарзда тарқатилган кичик бир хабар минглаб ёки милллионлаб инсонларда хавотир уйғотиши табиий, албатта. Нафақат хавотир уйғотади, балки шу касаллик ўзида бор ёки йўқлиги ҳақида шубҳа-гумонга бориб, қўшимча касалликлар орттириб олишига сабабчи бўлиши мумкин.

Шу билан бирга асоссиз ва ёлғон ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунларида маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари белгиланганини унутманг!

Қолаверса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари бу каби (касаллик аниқланиши) ҳолатлар жиддий тус олиб, кенг тарқала бошласа, уларни яширишдан манфаатдор эмас.

Вазирлик Ахборот хизмати бугун ҳам, келажакда ҳам ижобий хабарларни тарқатишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ) рус тили ва адабиёти факултети талабасида коронавирус аниқланганди.