ЎзА сайти журналистлари иш ташладими?

ЎзА сайти журналистлари иш ташладими?

Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигининг фаол журналистлари ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда Журналист.уз канали хабар берди.

Ариза ёзганлар орасида Анора Содиқова, Сайёра Шоева, Норгул Абдураимова, Инобат Аҳатова бор.

"Мен-ку ёшман, ҳали соҳага кириб келганимга кўп бўлмади. Аммо касбий ва ҳаётий тажрибаси катта, қалами ўткир ҳамкасбларим Норгул Абдураимова, Сайёра Шоева, Анора Содиқоваларнинг шу қарорга келиши вазият, ижодий муҳит қанчалик оғирлашганини кўрсатмоқда. Бирга ишладик, ишдан ҳам бирга кетар эканмиз..." деб ёзди Инобат Аҳатова.

Ариза ҳақидаги расм-постни эълон қилган Норгул Абдураимова бир неча соатдан сўнг постини ўчириб, "Бундан олдинги постни ўчиришга мажбур бўлмоқдаман. Пост ўчирилса, ноҳақлик барҳам топишини айтишди. Ёнимизда турган дўстларга минг бор ташаккур! Яшасин, Жамоатчилик фикри!" деб ёзди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 2 декабрда "Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент қарори қабул қилинган эди.

Қарорнинг 1-иловасига кўра, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Веб-ресурслар билан ишлаш таҳририятига 15 та ходим бириктирилган. Ходимларнинг умумий чекланган сони 155 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари сони 13 нафар этиб белгиланган.