“ЎзАтом” агентлиги “Чернобил ҳудуди табиат учун жаннатга айлангани”га изоҳ берди

“ЎзАтом” агентлиги “Чернобил ҳудуди табиат учун жаннатга айлангани”га изоҳ берди

Аввалроқ тармоқда UzAtom ёрлиғи туширилган, "Чернобил ҳудуди табиат учун жаннатга айланди" деб ёзилган слайд расми тарқалгани, бу расм кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлгани ҳақида ёзган эдик.

"Ўзатом" агентлиги бу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унда айтилишича, 2020 йилнинг 18 январида Тошкент шаҳридаги Вестминстер халқаро университетида “Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Шунингдек, Чернобиль АЭСи ён-атрофидаги тарк этиш зонаси мисолида радиация ва нурланишнинг турли генетик мутацияларга ҳамда табиатга салбий таъсири тўғрисидаги слайд нотўғри талқин қилинмоқда ва тарқатилмоқда, дейилади баёнотда. 
 
"Ўзатом" агентлиги маърузачи ўз чиқишида нималарни айтиб ўтганини шундай тушунтирди: 
 
«Ҳозирги кунда атом энергетикаси ва ядровий технологиялардан фойдаланиш соҳаси атрофида ҳақиқатга зид кўплаб афсоналар тарқалган. Шундай афсоналардан бири радиациянинг таъсири натижасида наслда генетик ўзгаришлар ҳосил бўлишидир. Тарихда катта миқдордаги радиациянинг аҳолига ва табиатга таъсири ҳолатлари бўлиб ўтган. Масалан, Чернобиль ўрмонларида икки каллали ҳайвонлар ёки мутантлар яшаши тўғрисида афсона мавжуд. Ёки Японияда Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари бомбардимон қилингандан сўнг генетик ўзгаришлар билан болалар тўғилаётгани ҳақида афсона мавжуд. Кейинги слайдлардан кўриниб турибдики, Чернобиль АЭСи тарк этиш зонасида ҳозирда одамлар яшамайдилар, у ерда ҳеч қандай хўжалик фаолияти амалга оширилмайди ва шу сабабли табиат гуллаб яшнамоқда. Расмлардан кўриниб турибдики у ерда ҳеч қандай икки каллали ҳайвонлар яшамайдилар. Шунингдек, Кейинги расмда Япониядаги бомбардимонлардан сўнг юқори дозадаги нурланишни олган ота-оналардан тўғилган фарзандларни кўриш мумкин ва ҳеч қандай генетик ўзгаришлар мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилиш мумкин”.