Ўзбек тилини давлат тилига айлантирган, аммо “ўзбек тили” ибораси ишлатилмаган қарор

Ўзбек тилини давлат тилига айлантирган, аммо “ўзбек тили” ибораси ишлатилмаган қарор

Ўттиз йил олдин, 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Советининг қарорига кўра “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисидаги” қонуни қабул қилинган эди. Олий Советнинг 3563-XI сонли қарорида “ўзбек тили” ибораси учрамайди, фақат “давлат тили” ибораси ишлатилган. Ушбу қарорнинг кейинроқ ўзбек тилига таржима қилинган матни:

«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қарор қилади:

  1. Қонуннингқоидаларини жамият турмушининг ҳамма томонларига босқичма-босқич жорий этиш мақсадида белгилаб қўйилсинки, Қонуннинг 4, 7 ва 8-моддалари 8 йил давомида, 5 ва 24-моддалари — 3 йил давомида, 16-моддаси — 1991/1992 ўқув йилидан кучга киради, 22-моддаси 1991 йилдан амал қила бошлайди.

Қолган барча моддалар Қонун қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.

  1. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети олти ойлик муддат ичида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуниниамалга ошириш юзасидан давлат программасини қабул қилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Қарорларини мазкур Қонун билан мувофиқлаштириб чиқиш топширилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Секретари Л. БЕКҚУЛБЕКОВА

(Қарорнинг номидаги ҳамда матнидаги «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар тегишли келишикдаги «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилган.)

Қарорнинг асли рус тилида бўлган. Манба: Ўзархив

Бу қарорда “ўзбек тили” ибораси ишлатилмаганидек унда ишора қилинган қонуннинг 4, 7, 8, 16 ва 22-моддаларининг ўзбек тили фойдасига амал қиладиган бандлари белгиланган энг кўп муддат – 8 йил тугул, орадан 30 йил ўтиб ҳам тўлиқ ишга тушмади:

4-модда.

Ўзбекистон Республикасида ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт.

Ўз фаолиятига кўра аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шахслар хизмат вазифасини бажариш учун давлат тилини зарур бўлган даражада билишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини билмайдиган гражданларга республика давлат тилини бепул ўргатиш ва ўқитишни таъминлайди.

7-модда.

Ўзбекистон Республикасида муассаса, корхона, ташкилот ва бирлашмаларда иш республика давлат тилида юритилади.

Меҳнат аҳлининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларда иш республика давлат тили билан бир қаторда рус тили ёки бошқа тилларда ҳам олиб борилади. Бундай корхоналарнинг рўйхати халқ депутатлари район, шаҳар Советларининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети томонидан белгиланади.

8-модда.

Ўзбекистон Республикасидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари республика давлат тилида, шунингдек миллатлараро муомала тилида тайёрланади, республикадан ташқарига жўнатиладиган ҳисобот ва молия ҳужжатлари эса рус тилида ёки тегишли томонга мақбул тилда ёзилади.

“Бу модда тўлиқ ишлаяпти, унда ҳужжатлар миллатлараро муомала тилида тайёрланиши ҳақида айтилган-ку”, деб эътироз билдириш мумкин. Аммо кўплаб ташкилотлар ўз ҳужжатларини ҳали ҳам тўлиқ шу – миллатлараро муомала (рус) тилда тайёрлаб, ўзбек тилига эътибор бермаётганлиги қонун ишламаётганини кўрсатади. Қолаверса, бу моддада ҳужжатларни ўзбек тилида тайёрлаш лозимлиги айтилган – бу мажбурийликни билдиради. “Миллатлараро муомала тили”дан олдин эса “шунингдек” сўзи ишлатилган – бу сўз одатда бирон ишнинг қўшимча, ихтиёрий бўлишига далолат қилади. Амалда эса тескарисини кўряпмиз.

16-модда.

Араб алифбосига асосланган қадимий ўзбек ёзувини ўзбек умумий мактабларида, ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг дарслар ўзбек тилида олиб бориладиган бўлимларида ўқув плани фанларидан бири сифатида ўқитиш таъминланади. Ўзбекистон Республикасида бу ёзувни ўрганишни истайдиганларга ҳар томонлама имконият яратилади. Бунинг учун тегишли илмий-педагогик кадрлар ва дарслик ҳамда методик ўқув қўлланмалари тайёрланади, қадимий ўзбек ёзувида адабий-тарихий ёдгорликлар, китоблар, газета ва журналлар нашр этилади.

Мактаб даврида 4 йил – 3-6-синфларда “Эски ўзбек ёзуви” фани ўтилган, кўпчилигимиз бу ёзувда ўқиш ва ёзишни билардик. Аммо 1999 йил феврал портлашлари таъсир қилди, шекилли, ўша йили сентябрдан бу фан мактабдан бутунлай “бадарға” қилинди. Шундан кейин бирон марта “Эски ўзбек ёзуви” ўтилганини билмайман.

22-модда.

Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади ҳамда рус ва бошқа тилларда такрорланади. Ўзбекистон Республикаси корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ёрлиқлари, корхона белгилари, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари, ўзбек тилида ҳамда миллатлараро муомала тилида бўлиши таъминланади.

Изоҳга ҳожат йўқ.

Бугун анъанага кўра “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини” фахр билан эслаб қўядиган кун. Афсуски, бир кунлик байрам билан тил ривожланиб, устун мавқега эга бўлиб қолмайди. Ҳалигача аксар қонуну қарорлар аввал рус тилида қабул қилиниб, кейин ўзбек тилига таржима қилиниши муаммо илдизи пастда – халқ орасида эмас, юқорида – ҳокимият органларида эканлигини кўрсатяпти. Қачон давлат тили сифатида узил-кесил ўзбек тилига ўтамиз?

Аҳоли орасида ҳам ўзбек тилига ишонч у қадар юқори эмас: бир зиёли акамизнинг таъкидлашича, 2019 йилда Тошкент шаҳридаги ота-оналарнинг 70%и биринчи синфга чиқадиган фарзанди рус тилли мактабга боришини истаган. Худди 1989 йилда яшаётгандекмиз...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.