Ўзбек-туркман чегарасида отишма содир бўлди

Ўзбек-туркман чегарасида отишма содир бўлди

Ўзбек-туркман давлат чегараси. Фото: CA-IRnews.com

Бухоро вилояти Олот тумани ва Туркманистоннинг Лебап вилояти Фараб этрапи чегарасида 17 сентабрга ўтар кечаси отишма содир бўлди. Бу ҳақда «Хроники Туркменистана» нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда. 

Хабар қилинишича, айни санада Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги Лебап бошқармаси, прокуратура, политсия ва чегара хизмати ходимлари давлат чегарасида қўшма рейд ўтказган.

Нашр манбаларига кўра, Аму-Бухоро каналида ҳарбийлар резина эшкакли қайиқда юк кўтариб юрган одамларни пайқаган. Чегара ҳудудидаги канал кенглиги тахминан 80 метрни ташкил қилади. Чегарачилар ҳавога огоҳлантирувчи ўт очишди. Қарама-қарши соҳилдан номаълум киши помпали милтиқдан дея тахмин қилинаётган қуролдан Туркманистон томонга ўқ узган. Канал ўртасида қайиқда бўлган бир киши сувга сакраб, Ўзбекистон қирғоғига сузиб ўтди.

Аму-Бухоро канали

 

Иккала томондан бир нечта ўқ отилди. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган.

Туркманистон томонида икки киши Россияда ишлаб чиқарилган 50 қути сигарет билан ҳибсга олинган. Тахминан 20 қути бўлган қайиқ Ўзбекистон қирғоғига сузиб ўтди.

Дастлабки тергов жараёнида ҳибсга олинганлар сигарета контрабандаси билан шуғулланганлиги ва бундай операция биринчи марта ўтказилмаганлиги маълум бўлди. Ҳаммаси бўлиб 150 қути сигарет Туркманистонга жўнатилиши керак эди.

Хабар беришларича, айни пайтда Ашхабодда тамаки маҳсулотлари танқислиги кузатилмоқда. Мамлакатдаги ҳуқуқий нормаларга кўра, тамаки маҳсулотлари фақат давлат дўконларида сотилиши мумкин. Бироқ, сўнгги икки ой ичида сигареталар фақат шахсий дўконларда пештахтадан сотиб олинган.