Давлатга юзлаб кон очиб берган “Ўзбекгеофизика”нинг мулклари нега ҳиссадорлар розилигисиз Миллий гвардияга бериб юборилмоқда?

Давлатга юзлаб кон очиб берган “Ўзбекгеофизика”нинг мулклари нега ҳиссадорлар розилигисиз Миллий гвардияга бериб юборилмоқда?

Sof.uz”га Ўзбекгеофизика АЖ акционерларининг хати етиб келди. Кўтарилган муаммони тегишли манбалардан ўргандик. Хатни таҳрирлаб ҳавола этмоқдамиз.

“Ўзбекгеофизика” АЖ 60 йилдан кўпроқ давр мобайнида фаолият кўрсатиб келяпти. Шу йиллар давомида “Ўзбекгеофизика” АЖ иштирокида Ўзбекистон Республикасидаги катта-катта ер ости бойликлари топилди. Шуларнинг ичида “Газли” газ кони, Кўкдумалоқ кони, Бухородаги ва Устюрт платосидаги бир қатор газ ва нефт каби фойдали қазилма конларининг алоҳида ўрни бор.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг “Ўзбекгеофизика” АЖ ер хазиналарини излашда ҳам олдинда булиб келган. Мустақиллик йилларида Бухоро ва Қашқадарё ҳудудларида геофизиканинг энг замонавий усуллари қўлланилиб, бир қатор нефт ва газ захиралари очилди.

“Ўзбекгеофизика” АЖ ва унинг филиалларида 4 мингдан ортиқ етук мутахассислар ва ишчи-ходимлар ишлайди. Аммо охирги икки-уч йил ичида баъзи бир салбий ўзгаришлар рўй бермоқда. Акционерларнинг розилигисиз бошқарув раиси Кузатув кенгаши билан биргаликда акционерлик жамиятининг мол-мулкини талон-торож қилмоқда.

Тошкент вилояти Қибрай тумани Геофизика посёлкасида яшовчи аҳоли ва узоқ йиллар “Ўзбекгеофизика” АЖда ишлаб ҳозирда нафақада бўлган бир гуруҳ, пенсионерлар номидан мурожаат қилмоқдамиз. Чунки бизнинг посёлкамизда жойлашган спорткомплексни Миллий гвардияга бериб юборилаётган экан ва бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ҳам тайёрланаётган экан.

Бу спорткомплекс “Ўзбекгеофизика” АЖ томонидан қурилган бўлиб, ҳозирда посёлкамизда яшаётган пенсионерлар, фарзандларимиз, набираларимиз хоҳлаган вақтда спорт билан шуғулланиб, ўз саломатликларини тиклашмоқда. Бунинг учун барча шароитлар яратилган ва ҳеч қандай тўловларсиз шуғулланишади. Сабаби бу комплексни биз ўзимиз учун қурганмиз. Бу ерда спартакиадалар, ҳар хил спорт мусобақалари, байрам тадбирлари ҳам ўтказамиз. Кўп минг сонли ва турли миллатли посёлкамиз аҳолиси учун жуда ҳам қулай ва бу атрофда бошқа бундай спорткомплекс йўқ.

Бундан ташқари “Ўзбекгеофизика” АЖга тегишли бўлган автотранспорт парки, омбор биноси ва иншоотлари ҳам Миллий гвардия томонидан олиб қўйилаётган экан. Яқин келажакда “Ўзбекгеофизика” АЖнинг асосий ишлаб чиқариш бинолари ҳам олиб қўйилиши режалаштирилаётган экан.

Миллий гвардия шу мақсадларда ташкил этилганми? Наҳотки, бу ерда ишлаётган ходимларнинг, бу ерда яшаётган аҳолининг фикри ҳеч кимни қизиқтирмаса? Ёшларнинг тақдирига шунчалик бефарқмизми?

Бу биноларнинг барчаси “Ўзбекгеофизика” АЖга тегишли бўлиб, акционерларнинг мулки ҳисобланади. 1998 йилда бу ташкилот акционерлик жамияти кўриниши кайта ташкил этилаётганда аксарият ходимлар ўз ойликларидан, яна кимдир кредит олиб акцияларни сотиб олганмиз ва корхонамизни моддий томондан қўллаб-қувватлаганмиз. Шундай экан биз акционер сифатида бу ташкилотнинг парчаланиб кетишини хоҳламаймиз.

“Ўзбекгеофизика”АЖ Россиянинг “ТНГ-Групп” МЧЖ билан ҳамкорликда тенг шерикчилик асосида ташкил этган “Узтатгеосервис” МЧЖ кўринишидаги қўшма корхонасидаги улуши ҳеч кимдан сўрамасдан Давлат активларини бошқариш агентлигига бериб юборилмоқда.

Нега энди ташкил этилганидан бери бирор йил ҳам зарар билан ишламаган, ҳар йили “Ўзбекгеофизика” АЖга миллиардлаб дивиденд тўлаган қўшма корхонанинг улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига бериб юборилмоқда. На бошқарув раиси А.Тошқулов, на Кузатув кенгаши бирор-бир ҳаракат қилишмади. Аксинча, умумий мажлис ҳам ўтказилмасдан қоғозда қарор қабул қилишди.

Кейинги пайтларда ўтказилиши лозим бўлган акционерларнинг Умумий мажлислари “Ўзбекгеофизика”АЖ сайтида эълон қилиняпти, амалда эса ўтказилмаяпти.

Масалан: 2019 йил 24 июнда ўтказилиш лозим бўлган “Ўзбекгеофизика” АЖ акционерларининг 2018 йил натижаларига бағишланган умумий мажлиси ҳам, 2019 йил 4 октябрда ўтказилиши лозим бўлган “Ўзбекгеофизика” АЖ акционерларининг навбатдан ташкари умумий мажлиси ҳам “Ўзбекгеофизика” АЖнинг маъмурий биносида ўтиши лозим эди. Бу мажлислар қоғоздагина ўтказилди. Акционерларнинг қонунда белгиланган бир қатор ҳуқуқ ва манфаатлари поймол қилинди, - деб ёзган Коршак, Чекученко, Заатова, Никифорова, Шадрина, Герасименков, Цой, Шеглова, Исабаев, Ефименко, Иброҳимов, Умарова фамилияли акционерлар.

(хатдан кўчирма)

Ҳозир Миллий гвардия ихтиёрига ўтказилган автогараж ва ўтказилаётган спорт комплекси расмларини “Ўзбекгеофизика” хизматчилари тақдим этди. Бу иншоотларнинг умумий баҳоси 7 млрд сўмдан ортиқроқдир.

“Sof.uz” ушбу ташкилотда бир неча йил ишлаган инженер ва блогер Шукуржон Исломов билан боғланиб муносабатини сўради:

- Бу жуда хунук ҳолат. Акционерлар мулк эгаси, улардан сўрамай-нетмай миллиардлаб сўмлик бино-иншоотларни Миллий гвардияга бериб юбориш ноўрин деб биламан. Миллий гвардия охирги вақтда шундоқ ҳам кўп ваколатларни оляпти, бой ташкилот бўлса бошқанинг мулкига ютинмасдан ўзи қуриб ололмайдими? Керак бўлса, уларга давлатдан қурилиш материаллари имтиёзли нархда ташкил этиш имкони бор. Вилоятлардаги филиаллари билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт мингдан ортиқ одам ишлайдиган ташкилотнинг биносини олиб қўйиб, уларни қаёққа жойлаштиришади? “Ўзбекгеофизика” посёлкаси қурилишига ва посёлкадаги инфрастуктуранинг шаклланишига шу корхона бош-қош бўлган, ишчи-ходимлар теварак-атрофда яшайди. Ишхонани тупканинг тагига жўнатиб юборишса, ҳар куни қатнашнинг ўзи бўлмайди. Мулк дахлсизлиги йўқ жойда ривожланиш бўлмайди, деб минг марталаб айтиляпти, афсуски, амалда кўринмаяпти.

“Ўзбекгеофизика” мустақиллик йилларининг ўзида беш юзга яқин нефтгазли структурани бурғилашга тайёрлаб берган, юздан ортиқ кон очган. Бу ерда шунчаки, техникалар ва одамлар эмас, катта тажриба, нефтгаз очишга асқотувчи билимлар ўчоғи шаклланган. Геология-геофизика бўйича илм фидойилари, олимлар ёшларга ўз билимини ўргатувчи ўқув маркази бор. Энди ўйланг, шу ташкилот бошқа ерга кўчирилса ёки ёпилса, давлатга қанақа зиён бўлишини. Тўғри, охирги йилларда бу соҳа бир оз оқсаяпти. Аммо бу энди тамом қисқартириб ёки кўчириб ташлаш керак, дегани эмас-ку. Агар тўғри фойдаланилса, давлатга қанчадан қанча фойда келтирадиган соҳа бу, - деди соҳа мутахассиси.

(Асосий фото интернетдан олинди)