Ўзбекистон аэропортларни Россия компаниясига “ишончли бошқарув”га бермаслиги мумкин

Ўзбекистон аэропортларни Россия компаниясига “ишончли бошқарув”га бермаслиги мумкин

©️ Reuters

“Коммерсантъ” нашрининг хабар қилишича, Россиянинг “Новапорт” компанияси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида мамлакатдаги бир нечта аэропортларни қайта қуриш борасида ўтаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Чунки Ўзбекистон ҳукумати аэропротларни 30 йилга концессия (сармоя киритиш эвазига фойдаланиш) асосида беришга тайёр эмас. Мамлакат ҳукумати аллақачон бошқа сармоядор қидиришни бошлаб юборган, декабр ойи бошида Япониянинг Sumitomo Corporation компанияси билан учрашув ўтказишга ҳам улгурган. Аммо “Новапорт” ҳалигача музокаралардан чиқмаган ва бу масалада ўз қизиқишини сақлаб қолган. Мутахассисларнинг фикрича япон компанияси ҳам бундан қисқа муддатга концессия олишга рози бўлмайди.

“Новапорт” Ўзбекистондаги Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортларини концессияга олиш шартларига ҳозирча рози бўла олмайди. Музокара жараёнларидан хабардор “Коммерсантъ” манбаларига кўра “Новапорт” ва Ўзбекистоннинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасидаги сўнгги учрашув икки ой аввал бўлган ва концессия муддати масаласига келганда тўхтаб қолган. “Новапорт” аэропортларни 30 йилдан кўпроқ муддатга концессияга олишни истаган, Ўзбекистон томони эса бунга мутлақо рози бўлмайди.

“Новапорт”ни назорат қилувчи AEON холдинг компаниясининг эгаси Роман Троценко “Коммерсантъ”га ҳали Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралардан чиқмаганлиги ҳақида айтади: “Аэропортларга қизиқиш сақланиб қоляпти. Шу билан бирга мамлакат ҳукумати бу борада ўзи мумкин деб ҳисоблаган ишларни қилишга ҳаққи бор”.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Ўзбекистондаги аэропортларни СССР қулаганидан кейин то 2018 йилгача тўлиқ назорат қилган. Фақат ўша вақтга келибгина мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways парвозларни уюштириши, Uzbekistan Airports эса аэропортларни назорат қилиши ҳақидаги қарорга имзо чекди. Uzbekistan Airports компанияси 2019 йил октябрда тузилди. Очиқ манбаларга кўра Самарқанд халқаро аэропортининг йиллик йўловчи ташиш сиғими 500 000 кишини ташкил этади. Наманган ва Урганч аэропортлари ҳақидаги маълумотлар очиқ манбаларда йўқ.

“Новапорт” Ўзбекистон ҳукумати билан 2019 йил май ойидаёқ дастлабки ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Ўшанда “Коммерсантъ” суҳбатдошлари холдингнинг бу лойиҳада қатнашиши МДҲдаги энг йирик аэропортлардан бири – Тошкент аэропортини бошқарувга олиш учун биринчи қадам бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Концессияга бериладиган биринчи объект 2022 йили Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитини қабул қиладиган Самарқанд шаҳри аэропорти бўлиши керак эди. Уни қайта қуришга анча қисқа муддат ажратилган. Наманган ва Урганч аэропортларини замонавийлаштиришга эса 5 йил муддат берилган.

“ВТБ Капитала” банки мутахассиси Елена Сахнова Самарқанд аэропортига 300-500 миллион АҚШ доллари атрофида сармоя киритилиши эҳтимоли борлигини айтган. “Коммерсантъ” суҳбатдошлари бу лойиҳа холдингнинг энг йирик режалари қаторига кирганини айтган, аммо сармоянинг аниқ миқдорини ҳеч ким очиқламаган. “Новапорт” 2022 йилгача Новосибирскдаги Толмачево аэропортига 8,4 миллиард, Волгоград шаҳри аэропортига 4,4 миллиард, Калининграддаги аэропортга 4,1 миллард рубл сармоя киритишни мўлжаллаган.

Ўзбекистон масаласида эса “Новапорт”га кучли рақобатчилар пайдо бўлди. Декабр ойи бошида мамлакат Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Токиода Sumitomo Corporation билан музокара ўтказди. “Коммерсантъ” манбаларига кўра япон компанияси технологик имкониятлари ва халқаро молиявий манбаларга тезроқ чиқа олиши билан устун. Аммо бу компания “сифатли, бироқ узоқ вақт қуради”. Шунинг учун японлар қисқа вақт ичида катта сармоя киритиш ва камроқ муддатга концессия олишга рози бўлмаса керак.

Елена Сахнованинг айтишича, одатда аэропортларга 10-15 йил давомида сармоя киритилади. Агар йирик лойиҳа бўлса, бу муддат 15-20 йил ва ундан кўпга ҳам чўзилиши мумкин. “Шу нуқтаи назардан қараганда “Новапорт” талаб қилаётган муддат асосли. Бошқа томондан эса японлар технологик жиҳатдан анча устун бўлиши мумкин”, дейди у.