Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда афғон аёлларининг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди. Бу ҳақда Ташқи Ишлар Вазирлиги сайтида хабар берилди.
Бу қўллаб-қувватлашнинг моҳияти афғонистонлик аёлларни Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўқитиш ва касбга таёрлаш билан боғлиқ.
Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг қайд этишича, ЕИ билан ҳамкорликда амалга ошириладиган дастур афғон аёлларини қишлоқ хўжалиги, табиий фанлар, тоғ-кон саноати соҳалари бўйича ўқитишни ўз ичига олган бўлиб, “бу уларнинг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётида иштирок этишлари учун беқиёс имкониятдир”.
Икки йил аввал Термизда очилган махсус ўқув марказида ўтган йили 100 нафар афғонистонлик олий маълумот бўйича диплом олиб юртларига қайтгач, шу йил куздан ишга киришди. Ўзбекистон томонининг фикрича Европа ва Хитой воситачилигида бундай ўқув марказларида йилига 300 нафаргача талабани ўқитиб чиқариш мумкин. Бунда асосий таълим йўналишлари ўзбек филологияси ва темирйўл транспорти муҳандислиги бўлади.